islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ички организм тозалиги йўқолса…

Тошкент ислом институти талабалари учун 19-оилавий поликлиника шифокори Маҳфуза Маҳкамова иштирокида «Шамолаш касаллиги ва уни олдини олишнинг самарали йўллари» мавзусида тадбир ўтказилди.

Шамоллаш сабаби ички тозаликнинг йўқолганидадир. Агарда чиқинди ва токсинлар жуда кўпайиб кетса, организм уларни тузатувчи таназзул, яъни тумов ёрдамида ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қилади. Уни вирусли таъсир ёки касаллик деб ҳисобламанг. Шу вақтда ҳаётий қувват сизнинг фойдангизга ишлаётганини тушунишингиз лозим.

Гриппни даволаш комплекс муолажаларни талаб қилади, лекин грипп билан курашишда ва организмнинг тикланишида иммун тизими катта роль ўйнайди. Шунинг учун иммунитетни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш зарур. Тўлиқ дам олиш, кўп суюқлик ичиш, спиртли ичимликлар ва чекишни чеклаш тавсия этилади. Айни пайтда самарали дорилар гриппнинг давомийлигини, иситма ва бошқа аломатларини сезиларли даражада камайтиради.

Антибиотиклар фақат иккиламчи бактериал касалликлар мавжуд бўлгандагина буюрилади, улар вирусларга қарши умуман самара бермайди, лекин кўпинча халқ орасида шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилганда шифокор кўрсатмасисиз антибиотикларни қабул қилиш кенг тарқалган. Антибиотикларни вирусларга қарши қабул қилиш самара бермайди, бактерияларнинг антибиотикларга қаршилигини ҳам оширади.

Агар нафас йўлларининг ўткир вирусли инфекцияси бўлса, унда мустақил равишда курашиш мумкин. Бу касалликнинг биринчи аломатлари — томоқнинг қичишиши, тумов ва йўтал, шунингдек ҳароратнинг кўтарилиши. Шунинг учун биринчи навбатда организмда касалликни ривожлантирувчи манбаларга ҳужум қилишни ташкиллаштириш керак.

Шамоллаш янги бошланганда тез оёққа туришга ёрдам берувчи 5 қадам:

Биринчи қадам — тумовдан қутуламиз

Бурунни тузнинг кучсиз эритмаси ёки мойчечак дамламаси билан ювишни бошлаш керак, бу амал вируснинг шиллиқ қаватларга ўрнашиб олиши ва чуқурроқ кириб кетишига йўл қўймайди.

Хонанинг ҳавоси ҳаддан ташқари қуруқлашиб кетмаслиги учун батарея ёнига идишга сув солиб қўйинг. Инфекция тарқалмаслиги учун эса тез-тез шамоллатиб туринг.

Иккинчи қадам — томоқни даволаймиз

Томоқни вақти-вақти билан фурацилин ёки мойчечак дамламаси билан чайқаб туринг. Ёки қуйидаги усулда аралашма тайёрланг: 1 ч.қ. туз, 1 ч.қ. сода ва 3-5 томчи ёд. Шимиш учун таблеткалар сотиб олинг. Бўйинга — иссиқ рўмол.

Учинчи қадам — йўтални даволаймиз

Энг ишончли восита – эвкалипт, оққарағай ва чой дарахти эфир ёғлари ёки — маврак, қизилпойча ва зуптурум каби доривор ўтлар билан ингаляция қилиш. Асал қўшилган ўтли чойлар ёки оддий сувни илиқ ҳолда ичиш.

Тўртинчи қадам — иммунитетни мустаҳкамлаймиз

Агар ҳарорат 38,5 даражадан ошмаса иситмани тушурувчи воситаларни қўлламаслик лозим. Бу организм бутун кучини ишга солиб инфекция билан курашаётганини билдиради. Бунда унга кўп миқдорда C витамини таблеткалари, ёки цитруслилар масалан, грейпфрут экстракти ёрдам беради.

Бешинчи қадам — организм учун ҳордиқ

Бу чораларни қўллаб, куч тўплаш учун ўзингизга имконият беринг. Яхшиси ўзингизни оғир овқатлардан тийинг, кўпроқ суюқликлар (морс, чой ёки сув) ичинг, ётинг ва ухлашга ҳаракат қилинг.

Гриппнинг олдини олиш чораларини қўллаш

Гриппнинг олдини олишнинг энг самарали йўли — ўз иммун тизимини бутун йил давомида яхши ҳолатда сақлаш ҳисобланади. Иммунитетни мустаҳкамлашнинг турли йўллари бор, булар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Танани чиниқтириш;
  • Фаол ҳаёт тарзи;
  • Тўғри ва мувозанатли озиқланиш;

Бошқа асосий тиббий усул бу эмлаш бўлади. Вакцинация грипп мавсуми бошланишидан 2-3 ой олдин (одатда октябрь-ноябрь ойларида) вирус муайян турига (штамм) қилинади. Шунингдек, эпидемия даврларида профилактик чора-тадбир тарзида антивирус препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади. Гигиена қоидаларига риоя қилиш, касалланган одамлардан йироқ юриш, махсус ниқоблар тақиш, оила аъзолари касалланганда тозаликка эътибор қилиш ва хонани тез-тез шамоллатиш касалланиш эҳтимолини камайтиради.

247000cookie-checkИчки организм тозалиги йўқолса…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: