islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ўзбекистоннинг замонавий ислом оламидаги ўрни

Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрни унинг ислом илмлари ривожига  қўшган улкан ҳиссаси билан белгиланади.

 Шонли тарихимиз саҳифаларида ҳадис илмида Имом Бухорий ва  Абу Исо Термизий, тафсирда Абул-Баракот Насафий ва Маҳмуд аз-Замахшарий, ақида ва калом илмида Имом Мотуридий ва Абу Муъийн Насафий, фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослигида Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний каби ўз даврининг пешқадам олимларига эргашган ўн минглаб муҳаддис, муфассир, мутакаллим ва фақиҳларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Бугун улар қолдирган бебаҳо маънавий мерос дурдоналари Буюк Британия, Япония, Германия, Франция, Россия, Голландия, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони ва Миср каби давлатлардаги  дунёга  машҳур кутубхоналар ва қўлёзма фондларининг фахрига айланган.

Мустақиллик шарофати билан бугунги кунда мамлакатимиздаги 16 конфессияга мансуб 2244 та диний ташкилот қаторидан 2043 та масжид, 9 та ислом ўрта махсус ва иккита ислом олий таълим муассасалари ўрин олган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ойномаси ва «Ислом нури» газетаси ҳар ойда қарийб 150 минг ададда чоп этилаётгани, «Ҳидоят сари» ва «Зиё» медиа маркази теледас­турлари, шунингдек, «Одоб хазиналари», «Одоб дурдоналари», «Маърифат гулшани», «Насойимул-муҳаббат» каби кўрсатувларнинг марказий ва маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилаётгани, Қуръони карим маънолари таржимаси, ҳадиси шарифлар тўпламлари, буюк алломаларимиз асарлари юз минглаб ададда ўзбек тилида нашр этилаётгани, интернет контентида UZ доменида 20 дан ортиқ диний-маърифий сайтлар  фаолият юритиб, ислом таълимотига оид барча саволларга етук мутахассислар томонидан илмий асосда жавоб берилаётгани халқимиз маънавий салоҳиятининг юксалиши ва диний саводхонлигининг ошишида муҳим омил вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрнини унга халқаро ташкилотлар томонидан берилган баҳодан ҳам билиб олса бўлади. Мамлакатимиз Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан, таълим ва маданият масалаларига ихтисослашган муассасаси – ISESCO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида мусулмон мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

2007 йилда халқаро ISESCO ташкилоти томонидан Тошкент шаҳрининг ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши мустақил Ўзбекистоннинг ислом оламида тутган ўрнининг муносиб эътирофи бўлди. Шу муносабат билан Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида халқаро анжуманлар ташкил этилди.

2017 йилда Ўзбекистоннинг ислом оламидаги ўрни янада юксалди, десак, муболаға эмас. Сабаби, 2016 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирларининг 43-сессияси Тошкентда ўтказилиши ва унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўзланган нутқ Ватанимиз тарихида янги босқични бошлаб берди. Президентимиз ўз маърузаларида Ўзбекистон ва ислом олами ҳамкорлигининг янги қирраларини белгилаб бердилар. Жумладан, Президентимиз томонидан Имом Бухорий номли халқаро илмий марказни ҳамда Тошкент ислом университетида – Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедрасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Давлатимиз раҳбарининг ислом маданиятини юксалтириш борасидаги қарорлари нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам эътирофга сазовор бўлгани билан фахрлидир. Юртбошимиз томонидан қабул қилинган 2017 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2017 йил 15 декабрда «Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари юртимизнинг мусулмон дунёсидаги нуфузи янада юксалишига хизмат қилади.

2017 йил 26 августда Тошкент ислом университетида Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедрасинининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ISESCO бош котиби Абдулазиз ибн Усмон Тувайжирийнинг иштирок этиши ва ўз маърузасида ўзбек заминидан чиққан алломаларнинг ислом илм-фани ва маданиятига қўшган беқиёс ҳиссаларини эътироф этиши мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси нақадар баланд эканини яна бир бор кўрсатди.

2017 йилда Президентимиз ташаб­буслари билан Бухорода тасаввуф, Самарқандда калом ва ҳадис, Қашқадарёда ақида, Фарғонада фиқҳ мактабларининг фаолият бошлагани янги-янги бухорийлар, термизийлар, самарқандийлар, насафийлар, шошийлар, кешийлар, фарғонийлар, марғинонийлар, хоразмийларни тарбиялашда муҳим омил бўлади.

2017 йилда Ўзбекистон ислом ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда дадил қадам қўйди. Ўзбекистон ва Озарбойжон давлат раҳбарлари ташаббуси билан «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбойжон давлатлари мисолида» номли халқаро илмий-­амалий анжуманлар Тошкент ва Боку шаҳарларида тантанали равишда ўтказилди.

Ўзбекистоннинг ислом оламидаги ўрни ва нуфузининг ортишида унинг диний бағрикенглик сиёсатини юритаётгани, исломнинг мўътадил ва маърифий ғояларини тарғиб этаётгани, жаҳолатга қарши том маънодаги маърифат билан курашаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети фаолиятини таъкид­лаш ўринли. Бир неча йиллардан бери 16 ноябрь – Халқаро бағрикенг­лик куни муносабати билан миллий ва халқаро илмий-амалий анжуманлар «Диний бағрикенглик ва миллатлар­аро тотувлик – жамият барқарорлиги гарови» шиори остида айнан мазкур олий таълим муассасасида ўтказилиб келинаётгани қувонарлидир.

2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Дин ишлари бўйича қўмита, Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларини мувофиқлаштирувчи Кенгаш, Исломшунослик илмий тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси ҳамкорлигида диний экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш қиёфасини очиб беришга қаратилган беш номдаги 1 000 000 та буклет чоп этилиб, мамлакатимиздаги барча маҳалла ва қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳамда турли давлат ва жамоат ташкилотларига етказилгани жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Исломшунослик илмий тадқиқот маркази томонидан тайёрланган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг турли шакл ва услубларини ўзида ифода этган етти номдаги 170 мингдан зиёд адабиёт маҳаллаларда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 70 дан ортиқ олий ўқув юртларига тарқатилгани мамлакатимизда диннинг асл моҳиятини фуқароларимиз, айниқса ёшларимиз чуқур ўрганишларида муҳим аҳамият касб этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20 сентябрда БМТнинг 72-сессиясида қилган нутқи дунё оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Сабаби, Президентимиз ўз маърузаларида жаҳон ҳамжамиятини қийнаб келаётган глобал муаммоларни таҳлил қилибгина қолмасдан, уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Маърузада қайд этилган Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий номли халқаро илмий-маърифий марказ ташкил этилаётгани ҳақидаги маълумотлар халқаро ҳамжамият, айниқса, мусулмон мамлакатлари томонидан олқишланди. Чунки яқин орада дунё муҳаддислари султони бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари номлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан янграмаган эди. Шунингдек, Президентимиз томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус резолюциясини қабул қилиш борасидаги таклифнинг илгари сурилиши давлатимиз раҳбарининг халқаро миқёсдаги обрўсининг янада ортишига сабаб бўлди. Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳар бир ташаббус ва таклиф ўзининг амалий ифодасини топмоқда. «2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастуридан «Маърифат ва диний бағрикенглик» халқаро резолюциясини ишлаб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим этиш ўрин олган. Мазкур халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган тарихий ишларнинг, шунингдек, бағрикенглик соҳасидаги Ўзбекистон тажрибасининг халқаро миқёсдаги навбатдаги эътирофи бўлади.

Жорий йил Ўзбекистонда ислом таълимоти ва маданияти моҳиятини етказишдаги муҳим янгиликлар билан бошланди. Президентимиз ташаббус­лари билан юртимизда биринчи марта «Қуръони карим мусобақаси – 2018» марказлаштирилган ҳолда ташкил этилаётгани ва унда ҳозирча 5366 нафар киши иштирок этаётгани, 2018 йилги Давлат дастурида мамлакатимизда илк бора I халқаро Қуръони карим фестивали ўтказилиши кўзда тутилгани юртимизнинг халқаро майдондаги, хусусан, ислом оламидаги нуфузининг ортишида муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керак, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солган, бир неча йиллардан буён диний-маърифий нашрларни халқимизга етказишда фаоллик кўрсатиб келаётган «Ҳилол-нашр» нашриётида Ўзбекистонда илк бор Қуръони карим чоп этила бошланди. Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида эса асрлар давомида юртимиз мадраса ва мактабларида Қуръонни тўғри ўқиш ва ўргатиш борасида муҳим қўлланма сифатида танилган «Ҳафтияк» китоби нашр этилмоқда.

Хулоса ўрнида, ушбу мақола ёзилаётганда миллий ва хориж оммавий ахборот воситаларида тарқалган қувончли хабарни келтириш лозим: Ўзбекистоннинг қадим ва навқирон Бухоро шаҳри 2020 йилда ислом маданияти пойтахти дея эътироф этилди.

 Саидафзал Саиджалолов,

Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси раҳбари, «Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедраси

катта ўқитувчиси

24870cookie-checkЎзбекистоннинг замонавий ислом оламидаги ўрни
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!