Мусулмонларга исломни енгиллик дини қилган Аллoҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизга ислом шариатини муккаммал қилиб етказган Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га солату саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўз жуфти билан яратди ва инсонларга ҳалол никоҳ неъматини берди. Никоҳ- фиқҳ китобларида ибодат ва муомолот масалаларининг энг мўтабари ҳисобланиб, инсонларни харомдан тўсишлик учун шариатимизда жорий қилинди. Аммо баъзи ҳолатлар шуни тақозо қиладики, никоҳ ақдини бузишга эҳтиёж туғилади. Самовий динлардан бири бўлган насронийлик динида “ажрим” жорий қилинмаган. Яъни битта қурилган турмуш умрини охиргача бўлиши керак. Бу нарса инсонларга кўп қийинчилик олиб келди ва ўз динини билмайдиган инсонлар томонидан бузуқлик, зино кўпайди. Аллоҳ Таоло бу динни насх қилиб ислом шариатини юборди ва мансух диндаги баъзи ҳалол нарсаларни харом, харом нарсаларни ҳалол қилди. Шу жумаладан “ажрим” ҳам шариатан жорий қилинди. Ислом шариатида ажрим эр аёлига “талоқ” сўзини айтиш билан никоҳ ақдига путур етказилади ёки дарҳол узилади.
«Талоқ» ўзи нима? У қандай маънони англатади? Деган саволга қуйидагича жавоб берилади: “Талоқ” сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, “махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишлик”дир.
- Махсус лафздан мурод талоқ ёки унинг маъносини англатувчи лафздир.
- Никоҳни кетказиш эса, никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади.
- Ҳалоллигини нуқсонга учратиш, дегани эса, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳақидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраган бўлади.
Қолаверса, талоқнинг сони уч талоқ билан чегаралаб қўйилган. Уч талоқдан кейин хотин бошқа эрга тегиши лозим бўлиб қолади.
Агар бир одамнинг эси ўз ихтиёри ила қилган тасарруфи туфайли кетган бўлса, мисол учун, маст қилувчи ичимликлар ичгани, наша, қора дорига ўхшаш нарсалар истеъмол қилгани учун эсини йўқотган бўлса, талоғи тушади.Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар». Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.Ораларида никоҳи саҳиҳ бўладиган кишилар ҳазиллашиб, ақди никоҳ қилсалар никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Чунки бу ҳолларда ўзи
билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади. Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради.
Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида сени ўзимга
қайтариб олдим, деса, ражъат-қайтиш ҳам собит бўлади. Уч талоқ қилинган аёл бошқа эрга тегиб, ўша иккинчи эр билан тўлақонли оилавий ҳаёт кечириб, иккинчи эрдан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб иддаси чиққандан сўнггина биринчи эрга ҳалол бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
الطَّلَاقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ
“Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча қўйиб юбориш ёки яхшиликча ушлаб
қолишдир” (Бақара, 229)
Талоқ гарчи шариат жорий қилган нарса бўлсада, ислом аҳкомлари мусулмон эрни иложи борича талоқ қилмаслик руҳида бўлишга чақиради. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. Талоқ қилишдан Аллоҳнинг арши ларзага келади, деган тушунчага эга мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини энг охирги чора сифатидагина қўллайди. Зеро талоқ ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади.
Талоқ лафзи ер-у осмонни ларзага келтирувчи, қалбларни синдирувчи сўздир. Аммо, шундай ҳолатлар бўладики, никоҳни бузиш билан ислоҳ қилинади. Албатта никоҳ ақдини бузишлик учун ҳам ўзига яраша зарурий қонун-қоидалари бор. Ҳуда беҳудага талоқ сўзини ишлатган кишига, шариат жазо сифатида хотинини харом қилиб қўйиши мумкин. Шу сабабдан мусулмон инсон ҳар бир айтаётган сўзига эътиборли бўлиши ва имкон борича оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилиши лозим. Никоҳ мўтабар неъмат, уни зое қилиш барча ўринда ҳам тўғри бўлавермайди. Аллоҳ Таоло тўғри йўлда юрувчилардан бўлишни барчамизга насиб қилсин.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира