islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

БОШКА ДИН ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ

Исломда мусулмонларга қарши уруш қилмаган ғайридинлар билан тинч-тотув яшаш, уларга яхшилик қилиш ҳамда адолатли бўлиш йўлга қўйилган.

Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасида: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир», деган (8-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Ҳа, эй мусулмонлар.

«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас».

Ушбу ҳукм Ислом динининг “нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди.

«Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир.»

Бундай улуғвор ҳукмни ўзга тузум ва динлар жорий эта олмаганлар. Исломда бошқалар билан алоқа қилишда васатийлик —мўътадиллик, яхшилик, адолат ва тўғрилик амалда жорий бўлган ва бу дўсту душман барча тан олган ҳақиқатдир.

Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик.

Пайғамбар алайҳиссалом Мадийнага ҳижрат қилганларидан сўнг, у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжиддарига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлган шахслар ҳам бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик сиёсатини давом эттирганлар. Ҳазрати Умар Байтул Мақдисга келганларида у ердаги масийҳий динидаги аҳолининг шартларини қабул қилган ҳолда аҳднома тузганлар.

Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур аҳдноманинг матни қуйидагича:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу, Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминийн Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ барча миллатига омонлик берар. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва уларни бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу мулкларидан ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасддан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Аҳли Илиё ҳам, Аҳли Мадоин каби, жизя берарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Аҳли Илиё мислича жизя беради.

Илиё ахдидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига, ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа, қолиб, Ахли Илиё каби жизя ўтасин. Хохлаганлар румликлар билан кетсин. Ким хохлаб ўз ахдига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўминларнинг зиммаси бўлур. Агар Аҳли Илиё ўзларига белгиланган жизяни ўтасалар.

Ушбу аҳдномага Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурроҳман ибн Авф, Муовия ибн Абу Суфён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, таҳрир қилинди».

Ҳазрати Умарга насороларнинг патриархи ўша ернинг бош канисасида Аср намозини ўқиб олиш мумкинлигини айтган. Аммо, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусулмонлар ҳам, «Умар намоз ўқиган жойда намоз ўқиймиз», деб сизларни безовта қиладилар, деб у ерда намоз ўқимаганлар.

Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлатларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом динининг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир.

Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай озчиликни ташкил қилишлари эса, фикримизни яна ҳам қувватлайди.

Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларида турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди.

Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Унинг котиби эса Саҳнун исмли масийҳий бўлган.

Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у охири келиб давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.

Мисол учун, Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади:

«Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат хизматида ишлар эдилар».

Илмий баҳслар, изланишлар ва мансаблар ҳақида ҳам худди юқоридаги фикрни айтиш мумкин. Ислом давлати соясида кишилар дини ва мазҳабидан қатъий назар тенг шароитда яшаб, ижод қилишар эдилар.

Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган, ҳамда уларга: «Илмдан нимани хоҳласангиз баҳс қилаверинглар, фақат, тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун, бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса бўлди», деган эди.

Исломдаги бундоқ илмий кенгбағирликнинг васфида америкалик машҳур олим мистер Драбер қуйидагиларни ёзган эди:

«Хулафолар давридаги аввалги мусулмонлар Несторий насоролари ва яҳудийлардан бўлган олимларни эҳтиром қилиш билан кифояланиб қолмаганлар. Балки, уларга улкан ишларни ишониб топширганлар. Уларни давлат мансабларига кўтарганлар. Ҳаттоки, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасаларни текшириб туришни Ҳално ибн Мосавайҳга топширган. Олимнинг яшаган юртига, унинг динига қаралмас эди. Фақатгина, унинг илм ва маърифатдаги маконатига қаралар эди».

Ҳозирги даврга келиб ҳам мусулмонлар биринчи бўлиб динлараро диалог — мулоқотга чақирдилар ва ўз чақириқларини амалда ҳам тасдиқладилар. Кейинроқ нафақат динлараро, балки ҳазоралар — сивилизатсиялараро диалог чақириғи билан ҳам айнан мусулмонлар чиқдилар.

Худди шу вақтда баъзилар қизил душманни йўқ қилгандан кейин яшил душманни йўқ қилиш зарурлиги ҳақида, яна бирлари сивилизатсиялар орасида тўқнашув зарурат эканини такрорлашдан чарчамай турган эди.

Мусулмонларнинг фикрича, ҳамма ўз динида, фикрида, тушунчасида, эътиқодида маҳкам турган ҳодда умуминсоний манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилиш зарур. Фақат шундагина инсоният уруш йўлини тарк қилиб тинчлик-омонлик ва фаровонлик йўлига кирган бўлади.

 

402- гуруҳ талабаси Юсупов Оллоҳёр

256650cookie-checkБОШКА ДИН ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: