Илм аҳли ва маърифатли инсонларга маълумки, сўзларнинг аълоси ва маъноларнинг мусаффоси – Каломи раббоний бўлмиш Қуръони каримнинг мўъжизакор оятлари ва “фаслул хитоб” мақомига муваффақ бўлмиш Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳикмат тўла ҳадиси шарифларида мужассамдирки, уларда мазмун, ҳикмат, фасоҳат ва балоғатнинг энг олий даражаси ифода этилгандир.
Араб тилини пухта ўрганишга бел боғлаган талабалар сарф илми билан феълий ва исмий жумла тузиш қоидаларини ўргангач, балоғат фани орқали араб тилининг мажоз, ҳақиқат, ташбеҳ, истиора, киноя каби тушунчалари билан танишиб, ҳар бир гапни ўз вақти ва жойига қараб, ҳолат тақозосига мувофиқ равишда ифода этишни ўрганадилар.
Араб тили дунёдаги тиллар ичида кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тилдир. Луғат бойлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан ажралиб туради. Шунингдек, шевалари кўп тиллардан ҳисобланади.
Бу тил Қуръони карим тили, жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тиллари бўлгани учун ҳам уни ўрганиш йўллари илгариги замонлардаёқ ишлаб чиқилган. Араб тилини ўрганиш учун ҳам бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган фонетика-грамматика, яъни сарф ва наҳв Илми мукаммал ўрганилади.
Араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни яхши тушуниш учун, албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак. Мазкур қоидалар араб тили руҳини тўла очиб бергани учун уларни билиш Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, шариат китоблари ҳамда буюк араб шоирларининг ижодлари маҳсулидан бахраманд бўлиш ва тўғри идрок этиш имконини беради. Шунинг учун ҳам балоғат фанининг аҳамияти юксакдир.
Ислом дини келишлигидан аввалги Макка аҳлининг ҳолатига назар соладиган бўлсак, улар жуда балоғату фасоҳатда моҳир эдилар. Аллоҳ таоло суннати илоҳийга кўра бу умматнинг аввали бўлган балоғат усталарига Ўзининг мўжизакор, калималари тузилиши ва маънолари бисёр, балоғатлироқ каломини Муҳаммад с.a.в. гa нозил қилди.
Каломи Шарифнинг ёд олиб, уни ҳифздан хатосиз ўқишда ҳам Қуръонни балоғати-ю фасоҳати катта аҳамиятга эга. Бунга бир мисол, Абу Баракот Насафий ўз тафсирларида Бақара сурасининг 209-оят тафсирида бир ривоятни келтирадилар: “Ривоят қиланадики, бир қори шу оятнинг охири “عزيز حكيم” ни “غفور رحيم” деб ўқиганини Қуръонни ўқишни билмайдиган бир аъробий: “Нотўғри ўқидинг! Бу Аллоҳнинг каломи эмас. Чунки ал-Ҳаким (қилмишимизга кўра жазо берадиган) Зот, хато-ю гуноҳни ортидан мағфират(хатони кечириш)ни зикр қилмайди, унга ундаш бўлиб қолмаслиги учун” дегани айтилган. Қуръони каримнинг балоғатини ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзилган. 206 ҳижрий санада вафот қилган Абу Убайда Маъмар ибн Мусанна Басрийнинг “Мажозул Қуръон” китобини баён илмида ёзилган биринчи ва алоҳида илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйган асар дейиш мумкин. Абу Убайда Юнус ибн Хабибнинг шогирди бўлиб, Сибавайҳнинг устози.
“Мажозул Қуръон” китобининг ёзилиши сабаби ҳақида Фазл ибн Рабиънинг мажлисида машҳур олим Абу Убайда ҳам қатнашди. Шунда одамлар у кишидан: “Заққум” тўғрисидаги
طلعها كأنه رءوش الشياطين
“Унинг бутоқларидаги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар” (Соффот, 65) оятининг маъносини қандай тушуниш керак? Шу вақтгача биз на шайтонни, на унинг бошини кўрдик, бу дарахт меваси ва унинг шодаси қандай эканини билмаймиз!? Сиз араб тилини биздан кўра комилроқ биласиз, нима дейсиз?” деб саволга тутдилар. Фазл ибн Рабиънинг рухсати билан Абу Убайда ҳазратлари жавоб бердилар. Уларга ўзларига машҳур бўлган Қайсийнинг шайтонларнинг ўткир ва учли тишлари зикр қилинган байтини ўқидилар:
أيقتلني والمشرفي مضاجعی ومسنونة زرق كأنياب أغوال ؟
Мени ўлдирурми ул, машрафий қиличим бўла туриб ёнимда ва яна шайтонлар тишларидек ўткир найзалар. Шоир бу байтида ботирнинг журъатини ва душманнинг ҳам бўш келмаётганини баён қилган. “Мени қандай ўлдиради?! Ахир, ётар жойимда Шомнинг машҳур ўткир қиличи бор-ку!” дейди.
Шоир қиличнинг жуда ўткирлигини билдиришни ирода қилган. Зеро, шайтон тишини инсон кўрмагани маълум. Унинг дахшатини эса, инсонлар сўзсиз тушунадилар.
“Мана шу байт маъносини қандай тушунсангиз, оятнинг ҳам маъноси шундай бўлади. Ким ялмоғиз кампирни, унинг оғзидаги тишини кўрган?! Ҳеч ким кўрмаган, аммо буни ҳамма яхши билади. Доим қўрқитиш ёки даҳшатга солиш учун ундан фойдаланадилар. Аслида эса, араблар барча сурати хунук, кўнгилга ёқмайдиган, нафрат уйғотадиган нарсаларни шайтонга ўхшатишни одат қилганлар. Аллоҳ бу дарахт, унинг меваси ва меваси шодасининг шунчалик даҳшатли, хунук эканини ифодалаш учун ўзлари ишлатадиган ўхшатиш билан келтирган”, деб таърифлаб берди. Бўлиб ўтган бу мулоқот Абу Убайдани Қуръони каримдаги ана шундай нозик ва дақиқ ўринларни изоҳлаб берадиган китоб тасниф этишга чорлади. Кейин эса, бошқа олимлар ҳам у кишига эргашиб, Қуъронни истиора, киноялар ва ташбеҳлари ҳақида рисолалар ёздилар.
Шу ва бошқа бир нечта китоблар Қуръонни балоғатини баён қилиб бериш учун ёзилган. Уларнинг ҳар бирини ўзгача услуби ва ёндашуви бор. Аллоҳ таоло барча дин пешволари тасниф қилган китобларини умматга манфаатлик ва садақаи жориялардан қилсин. Барчаларидан Ўзи рози бўлсин.
Тошкент ислом институти
304-гуруҳ талабаси
Турдибаев Анасхон