Маълумки, орамизда яшаётган ҳар бир шахс шу жамиятимизнинг бир парчаси, ижтимоий вужуднинг бир ҳужайрасидир. Биронта ҳужайрада муаммонинг пайдо бўлиши, бутун жамият вужудида қанақадир етишмовчилик, қандайдир хасталикни, мувозанат бузилишини келтириб чиқариши тайин, албатта. Айниқса, муаммоли шахс аёл киши бўлса, бунинг машаққати, бунинг азоби янада оғирроқ бўлиши, табиий.
Инсон табиатининг етишмовчилиги маънавий-тарбиявий-ахлоқий жиҳатдан ноқис бўлса, у ўзи ва атрофидагиларга турли даражада зарар етказа бошлайди. Бу каби инсонларга онгли равишда ўта эҳтиёткорона ёндошиб, бутун бошли жамият ўлароқ муаммони ҳал қилиш, энг тўғри ечим ҳисобланади.
Мадина давридаги бир воқеа бу масалада жуда ибратомуз. Масжиди Набавийга саҳрода яшовчи, шаҳар маданиятидан узоқ бир бадавий араб кириб келади. Дағал муомала билан Расулуллоҳдан Ислом дини ҳақида сўраб, айтилган ҳар калимага имон келтириб, астойдил мусулмон бўлади. Шу аснода ҳалиги кишининг ҳожатга эҳтиёжи туғилиб қолиб, шартта ўрнидан турадида масжид боғига чиқиб бавл қила бошлайди. Саҳобаларнинг тепа сочлари тикка бўлиб, ўрниларидан туриб югуришмоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз уларни қатъий равишда тўхтатиб қоладилар. “Уни тинч қўйинглар, бемалол таҳорат ушатсин!” дедилар Расули Акрам алайҳиссалоту васаллам. Ҳалиги киши қайтиб келгач, Расулуллоҳ унга чиройли муомала билан масжид, масжидга ҳурмат, ҳожат одоблари ҳақида батафсил гапириб бердилар, асло танбеҳ бермадилар. Мана муаммоли инсонни жамиятга фойдали қилиб қайтариш ўрнаги.
Республикамизда ҳам маънан муаммоли шахслар билан шуғулланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизнинг барча туманларида давлат томонидан реабилитация марказлари очилган. Жумладан, шу йилнинг ўзида улар сони 29 тага кўпайди.
Куни кеча Имом ал Бухорий номидаги Тошкент ислом институтимизга Республика реабилитация ва мослаштириш маркази раҳбари Расулова Муқаддам Мансуровжоновна ҳамда марказнинг Тошкент шаҳар бўлим мудири юридик фанлар доктори Маткаримова Гулчеҳра Абдусаматовналар расмий таклифимизга кўра ташриф буюришди.
Шу муносабат билан, муассасамизнинг мажлислар залида институтимиз ўқитувчи-педагог ҳамда талаба аёл-қизлари иштирокида меҳмонлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни институт ректори Уйғун Ғофуров очиб берди.
Суҳбатда муқаддас динимизнинг бу масаладаги қарашлари, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган хайрли ислоҳотлар, зарур чора-тадбирлар тўғрисида кенг миқёсда маълумотлар берилди. Мутахассислар Муқаддам опа ҳамда Гулчеҳра Абдусаматовналарнинг жонбозликлари, ўз соҳасининг нечоғли устаси эканлиги яққол намоён бўлди.
Муқаддам Мансуровжоновна ушбу марказ қандай ташкил қилингани, унинг нодавлат ва нотижорат ташкилот эканлиги ҳақида гапирди.
Шу йилнинг сентябр ойида гендер тенглиги ва хотин қизларни зўравонликдан муҳофаза қилиш учун иккита қонун қабул қилинди.
– Сенатда аёл кишининг раҳбар этиб сайланиши ҳамда гендер тенглик қўмитасининг ташкил этилиши бу соҳадаги катта ютуқларимиздан саналади, – деди жумладан марказ раҳбари.
Реабилитация марказлари аноним иш олиб боради. Улар ҳозирда давлат тасарруфига ўтказилган. Тошкент шаҳридаги реабилитация марказида барча шароитларга эга 30 та ётоқхона ҳам бор. Уларда 5 та йўналишда аёллар билан ишланади. Зўравонликка учраган аёлларга психологик, ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий ҳамда педагогик томонлардан ёрдам берилади.
– Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёллар алоҳида категория бўлиб, уларни ҳатто фарзандлари билан ҳам марказ қабул қилади, – деди Муқаддам опа, – Марказда яшаётганларга овқати ва яшаши бепул. Психолог, тиббий текширувдан ўтгандан кейин қандай йўналишда ёрдамга муҳтожлигига қараб ёрдам берилади. Халқ таълими вазирлиги кўмагида болалар таълим муассасаларида ўқитилмоқда, касбга йўналтирилмоқда. 2019 йилда аёллар мелицияси ташкил қилинди. Аёллар бемалол аёл ходималарга мурожаат қилиши мумкин. Ҳимоя ордери эркак ва болаларга ҳам берилади. Марказга 2021 йилда 400 дан ортиқ эркаклар мурожаат қилган. Умуман йилнинг 10 ойи давомида 7200 киши суҳбатдан ўтган. Улардан 5000 таси зўравонликка учраган аёллар. Зўравонликнинг 4 та тури бўлиб, булар руҳий, жинсий, жисмоний ва иқтисодий зўравонликлардир. Марказ ҳисобида 533 та аёл 471 та боласи билан регистрациядан ўтган.
Юридик фанлари доктори, Тошкент шаҳар реабилитация бўлим мудири Гулчеҳра Абдусаматовна оилаларда аёлларнинг муаммоли шахс бўлиб қолишига хизмат қилаётган бир неча реал омилларга тўхталиб, жумладан шундай деди:
– Биз оилаларда иқтисодий ҳамда руҳий зўравонликларга гувоҳ бўляпмиз. Масалан она ва боланинг табиий эҳтиёжи бўлган еб-ичишлари, кийиниш ва бошқа моддий жиҳатлардаги босимлар аёллар ёки болаларининг маънан муаммоли шахс бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, руҳий зўравонликни ҳам бир неча бор кузаттикки, энди буниси ҳаммасидан ошиб тушади.
Шундан сўнг, тадбир янада қизғин давом этиб, муассаса ўқитувчи ва талабалари ҳам суҳбатга тортилди. Гулчеҳра опа давра қатнашчилари асосан исломшунослардан иборатлигини эътиборга олиб, сўзни шу томонга бурди.
– Собиқ совет даврида ҳар бир одамга атеистик қарашлар сингдирилгани боис, одамларнинг шууридан Худо тушунчаси сиқиб чиқарилди, – деди у, – Жамиятдаги муаммоларнинг келиб чиқишининг энг асосий сабабларидан бири Худодан қўрқмасликдан келиб чиқади.
Мазкур давра суҳбати юқори руҳда бўлиб ўтди. Қатнашчиларнинг барчаси ўзлари учун олам-олам сабоқ олдилар, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, таълим муассасамизнинг талабалари ҳам эртага мутахассис сифатида жамиятга қўшилишади. Улардан халқ ичидаги, оилалардаги мана шунақа дилхираликлар, ечимини кутиб ётган муаммолардан бохабар бўлиб, ҳақиқий мусулмонга хос ўлароқ ёрдамга интилиш, доимо хушёр бўлиш, “оилам тинч, менга нима” қабилида ўз ҳаётини яшаб кетавермаслик, мудом хушёр бўлишларини сўраб қолган бўлардик. Негаки, ушбу талабалар бутун халқ ичидан танлаб олинмоқда ва келажакда ўз самарасини беришлари учун давлатимиз томонидан ўқитилмоқда.
Сўзимиз сўнгида, меҳмонларимиз Муқаддам опа ва Гулчеҳра опаларга, тадибрни ташкил этган институтимизнинг барча ташаббускорларига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
Жамиятдан ажраб қолаётган муаммоли шахсларга эса мурожаатимиз шу:
– КЕЛ, СЕН ҲАМ ЖАМИЯТИМИЗНИНГ БИР ПАРЧАСИСАН!
Аллоҳ доимо мададкоримиз бўлсин!
Ақоид ва фиқҳий фанлари кафедраси
ўқитувчиси Усмонова Нигора