islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўқитувчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифадир

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти меҳнат жамоасининг умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда раис М.Мирисмаилов, аъзолар – У.Ғафуров, Ш.Шожалилов, М.Шокиров, С.Муҳаммадумаров, А.Кадиров, Т.Азимов, А.Олимов, С. Валиева, Ш.Мухамеджанова, Ф.Эрназаров, А.Тошпулатов, Я.Раззақов, М.Валиев, Ю.Абдураҳимов, Б.Нурмухамедов ва бошқалар иштирок этди.

Йиғилишда ТИИ Касаба уюшмаси қўмитасини ташкил қилиш, Касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари ва раисини ҳамда тафтиш комиссияси ва раисини сайлаш, Касаба уюшмаси қўмитасини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Тошкент шаҳар  Кенгаши тармоқларига аъзо қилиш каби кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.

Раис М.Мирисмаилов кириш сўзи билан йиғилишни очиб берди. 2021 йил 11 ноябрь куни Президент Ш.Мирзиёевнинг Касаба уюшмалари куни муносабати билан йўллаган табригида

“Ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади”, деган эди.

Шу нуқтаи назардан, институтда меҳнат қилаётган ходимларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, уларни соғломлаштириш ва ишдан бўш вақтларини унумли ташкил қилиш мақсадида профессор-ўқитувчилар ва ходимларни касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилиш ва шу орқали институтда Касаба уюшмаси қўмитасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди.

Касаба уюшмалари – XVIII аср охирида Ғарбий Европа мамлакатлари ва АҚШда ўзаро ёрдам жамиятлари сифатида пайдо бўлган. Ривожланган мамлакатларда XIX асрда легаллашди. Касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат шароити, иш ҳақи, турмуш, маданият ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилишга даъват этилган. 14 ёшга тўлган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ҳар бир киши ўз хоҳишига кўра, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун Касаба уюшмалари тузиш, уларга кириш, Касаба уюшмалари фаолияти билан шуғулланиш ва Касаба уюшмаларидан чиқиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда Касаба уюшмаларининг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун (2019 йил 24 октябрь) ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланади.

Таклифни қўллаб-қуватлаб, У.Ғафуров, М.Шокиров, Ш.Шожалилов сўзга чиқгач, таклиф бир овоздан маъқулланиб, Тошкент ислом институти Касаба уюшмаси қўмитаси тузилди.

Касаба уюшмаси қўмитасига ҳар бир бўлим ва кафедралар томонидан тавсия этилган бир нафардан аъзо бириктирилди.

Ҳадисларда ҳам ходимлар ҳуқуқий манфаатлари таъминланиши, меҳнатига етарли ҳақ тўлаш ва қулай шароитлар яратишга даъват этилиб, ҳуқуқларини бузмасликка чақирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Аллоҳ таоло: «Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб бирон нарса олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва ходимни ишга ёллаб, ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман», деди» (Бухорий ривояти).

Мажлис иштирокчилари Касаба уюшмаси ташкилотининг раислигига Ш.Шожалилов, раис ўринбосарлигига А. Ташмирзаев, котибликка Т.Норматов ва кассирликка Ш.Мухамеджанова  номзодини ёқлаб, очиқ овоз бериш йўли билан сайладилар.

касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмаси;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти – бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган касаба уюшмаси аъзоларининг тегишли касаба уюшмаси устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмаси;

касаба уюшмаларининг бирлашмаси – ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишига ва бирлигига эришиш мақсадида тармоққа доир, ҳудудий ёки касбий ўзига хосликни ҳисобга олувчи бошқа белги бўйича тузиладиган ихтиёрий бирлашма;

касаба уюшмасининг бўлинмаси – касаба уюшмасининг уставига мувофиқ ташкил этиладиган, тегишли ҳудудда унинг вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини амалга оширадиган бўлинма.

ТИИ Касаба уюшмаси қўмитасида қуйидаги шўъбалар фаолият юритади:

  • Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар;
  • Спорт, соғломлаштириш ва экотуризм масалалари;
  • Аёл-қизлар масалалари;
  • Молиявий- иқтисодий ишлар;
  • Меҳнат низолари ва ижтимоий муҳофаза;
  • Меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги масалаллари.

Шундан сўнг, Касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари томонидан Тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари сифатида Т.Азимов, С.Муҳаммадумаров ва М.Жўраев сайланди.

Муҳокамалар натижасига кўра ТИИ Касаба уюшмаси қўмитасини Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгашига аъзо қилиш бўйича таклиф билдирилди.

ТИИ Матбуот хизмати

269210cookie-checkЎқитувчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш асосий вазифадир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: