islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МОВАРОУННАҲР – ИЛМ ЎЧОҒИ ВА БУЮК АЛЛОМАЛАР ЮРТИ

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Ал-Фурқон” Ислом мероси фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг «Умумжахон Ислом қўлёзмалари тадқиқоти”да баён этилган бой илмий мероси» мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар вакиллари, соҳа мутахассислари ва хорижий давлатлар тадқиқотчи олимлари, ҳусусан, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров иштирок этди.

Семинарда «Ал-Фурқон» Ислом мероси фонди бошқарувчи директори Др. Сали Шаҳсивари маъруза қилди.

Маърузачи даставвал “Умумжахон Ислом қўлёзмалари тадқиқоти” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди. Тадқиқот дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида сақланаётган исломий қўлёзмалар ҳақида тўлиқ библиографик маълумот берувчи қўлланма ҳисобланади.

Мазкур лойиха қўлёзмалар сақланаётган шаҳарлар ва кутубхоналар, қўлёзмаларнинг тахминий сони, мавзулар ва тиллар ҳақида умумий маълумот, қўлёзмалар қайси услубда ёзилганлиги, улар қандай шароитларда сақланганлиги, ўрганилганлик даражаси ва каталоглаштирилганлиги, нодир, энг қимматли ва энг қадимийлиги кабиларга алоҳида эътибор қаратади.

Маърузачи қўлёзмаларни сақлаш, уларни тадқиқ этиш ва келажак авлодга муносиб ҳолда етказиш борасида қимматли фикрларини билдирди.

“Қўлёзмаларни тадқиқ этиш – бутун жаҳон илм-фан тараққиёти, ислом ва инсон цивилизациясини янгидан кашф қилиш демакдир. Зеро бу қўлёзмаларда ҳар қандай соҳадан қатъий назар, табиий фан, ижтимоий фан, диний фанларнинг тараққиётига сабаб бўладиган маънавий бойликлар яширин бўлади. Қўлёзмаларни ҳамкорликда ўрганиш, бирлаштириш ва умумжамоатчиликка етказиш бутун дунё олимлари зиммасида турган муҳим вазифа ҳисобланади», деди нотик.

Йиллар давомида урушлар, инқилоблар ва табиий офатлар сабабли қўлёзмаларга жиддий шикаст етган бўлса-да, бугунги кунга қадар исломнинг қўлёзма илмий меросига оид 1,5 млн дан зиёд асарлар сақланиб қолганлиги тахмин қилинади.

Алоҳида қайд этиш жоизки, бутун жаҳон кутубхоналари ичида Ўзбекистон ўзининг қўлёзмалар фонди ва қадимий кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзмалари билан ажралиб туради.

⁃ Қўлёзмаларни тадқиқ этиш жараёнида шу нарсага амин бўлиш мумкинки, – дея фикрини давом эттирди олим, – бутунжаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларнинг аксари Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Алхоразмий, Марғиноний каби буюк мутафаккирлар, алломалар қаламига мансубдир.

Тадқиқот натижасида шуни эътироф этиш мумкинки, Мовароуннаҳр – илм ўчоғи ва алломаларни етиштирган бешикдир.

Бу маънавий бойликлардан баҳраманд бўлиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Ўзбекистонда бир неча илмий-тадқиқот марказлари, исломшуносликка ихтисослашган таълим муассасалар ва академиялар ташкил топди. Бугунги кунда улар фаолияти самара бермоқда.

Бу эса алломаларнинг давомчилари бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам етишиб чиқишига ишонч уйғотади”.

Маъруза сўнгида Др. Сали Шахсивари Ўзбекистондаги китобларни тадқиқ этиш юзасидан муҳим амалий таклифларни билдирди.

Тадбир сўнгида ташкил этилган онлайн семинар келгусида ўзаро ҳамкорликдаги ишларни янги бир босқичи эканлиги эътироф этилди.

Маърузачи иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

270520cookie-checkМОВАРОУННАҲР – ИЛМ ЎЧОҒИ ВА БУЮК АЛЛОМАЛАР ЮРТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: