islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари манзарали кўчат экдилар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров бошчилигида бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлар институт асосий биноси ҳамда Таҳфизул Қуръон кафедраси атрофига иқлимга тез мослашадиган, кислород кўп ишлаб чиқарадиган игна баргли дарахтлар экдилар.

Хабарингиз бор, ўтган 2021 йилнинг 2 ноябрида ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси илгари сурилиб, шаҳар ва қишлоқларда кўкаламзорлаштирилган майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш мақсадидиа 200 миллион туп мевали, манзарали дарахт ва буталар ўтқазилди.

Мамлакатни обод этишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг давоми, шунингдек Тошкент ислом институти юбилейи муносабати билан “Институт 50 йиллигига 50 кўчат” акцияси ўтказилди.

Экилажак кўчатлар институт ҳудудини “Яшил макон”га айлантириш билан бирга ёшларни, талабаларни табиатга меҳр қўйишга ундаш, шунингдек, динимизда айтилганидек хушманзара боғ-роғлар барпо этиб атроф-муҳитни обод қилишдир.

Анас ибн Молик розияаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Муслим ривояти).

Бу ҳадис кўчат экишнинг фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Қуръони Каримнинг 187 та оятида ўсимликлар оламининг 30 тури санаб ўтилган. Тиббиёт илмининг тарихий ва замонавий тадқиқотлари натижасида юқоридаги ўсимликларнинг 26 тури инсон организми учун фойдали бўлган ўсимликлар сирасига киради.

“Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Раҳмон, 6).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Мадинада ажва хурмосини экканликлари манбаларда келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Набий алайҳиссалом амакилари Аббосга фарзандларини кўчат экишга буюришларини, албатта кўчат экиш фақирликни кетказишини амр этдилар”.

Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Нуҳ алайҳиссалом ҳам катта тўфондан кейин кемадан ер юзига тушганларида, илк қилган ишлари ер юзига кўчат экиш бўлган. Тўфондан кейин ер юзида кўп дарахтлар, ўсимликлар нобуд бўлган, Нуҳ алайҳиссалом ишни ерни обод қилишдан бошлаганлар.

Кўчат экиш, мавжуд дарахтларни асраб авайлаш ҳар бир фуқаронинг инсоний вазифаси бўлиб, эвазига улкан савобларга эришади, бунинг натижасида шаҳар ва қишлоқлар обод, аҳоли эса хушманзара ва тоза ҳаводан баҳраманд бўладилар.

ТИИ Матбуот хизмати

272160cookie-check “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари манзарали кўчат экдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: