islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Сарахсий

Машҳур исломшунос-фақиҳ, Туркманистоннинг Сарахс шаҳрида дунёга келган. Бу вақт Мовароуннаҳрда орахонийлар (927–1212) сулоласи ҳукмронлик қиларди. Муҳаммад болалигидан илмга қизиққан ва ўткир зеҳнли бўлган. Сарахсда бошланғич диний таълимни олиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, ҳадис, сарфу наҳв (грамматика), балоғат илмларини эгаллаган.

Кейинчалик у Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларида, жумладан, Самарқанд ва Бухорода илмини такомиллаштирган. Бухорода узоқ муддат яшаган. Бу ерда Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдан (1057) фиқҳ, усули фиқҳ, ҳадис, калом, тафсир илмларидан дарс олиб, замонасининг етук фиқҳ олими бўлиб етишгани учун унга Шамсул-аимма (Имомлар қуёши) унвони берилган ва Сарахсий шу ном билан шуҳрат қозонган.

Имом Сарахсий ҳаётини илмга бағишлаб кўпгина асарлар ёзди. Унинг ҳаётида турли нохушликлар ҳам содир бўлди. Туҳматчи-ҳасадгўйлар ҳайит кунида қорахоний ҳукмдори Иброҳимхон шаънига тегадиган ёмон сўзлар билан Сарахсийни қораладилар. Иброҳимхон уни Бухородан Ўзганга сургун қилиб қамоққа олди. Тарихий маълумотларда аллома ўзининг машҳур “ал-Мабсут” асарини қамоқда шогирдларига ёддан айтиб ёздирганини қайд этилган.

Сарахсий ҳаётининг охирги йилларини Балхда ўтказди. Унинг вафот этган йили ҳақида турли маълумотлар бор. Балхлик Сафиюддин Воиз Балхий 1213–1214 йили ёзилган “Фазоили Балх” (“Балх фазилатлари”) асарида аллома 1094 йили Балхда вафот этгани ва Навбаҳор номли қабристонга дафн қилингани, қабрига ёзилган санани ўз кўзи билан кўрганини қайд қилган.

Сарахсий қўлида бир неча шогирдлар фиқҳнинг турли соҳаларини ўрганишган. Бурҳониддин Марғинонийнинг илк устози бобоси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб (ваф. 1141) бўлиб, у Сарахсийнинг иқтидорли шогирдларидан бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий (ваф. 1107), Абу Амр Усмон ибн Али Пайкандий (ваф.1158), Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Умар ал-Моза (ваф. 1111) кабилар Сарахсий шогирдлари бўлишган.

Фақиҳ Сарахсий илмий мероси ғоят катта, улардан:

  1. “Китобул-мабсут” (Муфассал китоб).
  2. “Усулул-фиқҳ” (Фиқҳ назарияси).
  3. “Шарҳ китоб Сияри кабир” (“Катта сийрат китоби”нинг шарҳи).
  4. “Ашрот ус-соа” (Қиёмат шартлари).
  5. “Шарҳ китобан-нафақот лил Хассоф” (Хассофнинг “Нафа-қалар китоби”га шарҳ).
  6. “Шарҳ Адабул-қозий лил Хассоф” (Хассофнинг “Қозилик адаби”га шарҳ).
  7. “Шарҳ ал-Жомеъ ал-кабир” (“Катта мажмуа”га шарҳ).
  8. “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир” (“Кичик мажмуа”га шарҳ).
  9. “Ал-фавоидул-фиқҳийя” (Фиқҳга доир фойдалар).
  10. “Китоб ал-ҳайз” (Ҳайз китоби).
  11. “Шарҳ Мухтасар ат-Таҳовий” (Таҳовийнинг “Мухтасар”ига шарҳ).

Сарахсий асарлари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ҳанафийлик кенг тарқалган ўлкаларда университет шариат факултетларида ўқитилмоқда. Бу асарларда Ислом шариатининг назарий асосларини ишлаб чиқишда буюк ҳисса қўшган Марказий Осиё ва бутун мусулмон оламида ислом маърифатини ёйишда Сарахсий ижодий меросининг таъсири каттадир.

 

“100 Марказий Осиё мутафаккирлари” китобидан олинди.

4-курс талабаси Абдулазиз Боқиев.

278080cookie-checkАбу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл Сарахсий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: