islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Президент маслаҳатчиси мадраса фаолияти билан яқиндан танишди

12-февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида илм даргоҳига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни таълим муассасаси раҳбари бошчилигида мадраса жамоаси самимий кутиб олди.

Ташриф мажмуа шаклида қурилган XVI асрга оид кўҳна илм даргоҳининг таркибига кирувчи масжид фаолияти билан танишувдан бошланди. Бу ерда талабаларнинг кундалик намозларга имомликка ўтиши, жума намозида маъруза қилиш орқали ўзига хос амалиёт ўташлари ҳақида маълумот берилди. М.Комилов масжид имкониятидан янада кенгроқ фойдаланиш, талабаларни бу ерда маъруза қилиш амалиётини сон жиҳатдан кўпайтириш, сифат жиҳатдан ошириш бўйича ўз тавсиларини берди.

Шундан сўнг меҳмонлар бевосита дарс жараёнлари билан танишдилар. Жумладан битирувчи курсларнинг “Тафсир” дарси, биринчи курс талабаларининг “Фиқҳ” дарси жараёнларини кузатиб, улар билан, шунингдек 2 курс талабалари билан очиқ мулоқот олиб бордилар.

М.Комилов талабаларга ўз соҳаси бўйича билимларни пухта эгаллашлари, келажакда етук олим бўлиб етишишлари лозимлигини тушунтирар экан у ўз фикрини айни пайтда дунёдаги вазиятни теран англайдиган исломшунос кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқорилиги билан изоҳлади.

Меҳмонлар шунигдек, таълим муассасаси қошидаги студия фаолияти, у ерда медиа маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишишдилар. Таълим муассасасининг ахборот ресурс марказидаги шароитлар ҳамда марказ фондининг замонавий адабиётлар, шу билан бирга мутахассисликка оид дарслик ва қўлланмаларга бой эканлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ташриф сўнгида Президент маслаҳатчиси М.Комилов “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида таълим учун яратилган шароит ва таълим сифатини юқори баҳолар экан, таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда у ерда фаолият олиб бораётган устозлар ва ходимларга миннатдорлик билдириб, келгучси фаолиятларига муваффиқият тилади.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

279810cookie-checkПрезидент маслаҳатчиси мадраса фаолияти билан яқиндан танишди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: