islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Каъбанинг ичида нималар бор?

Каъбанинг ички қисми (الكعبة في الداخل) Масжидул Ҳаромнинг қолган қисмига нисбатан соддароқдир. Каъбанинг ички қисми охирги марта 1996 йилда таъмирланган бўлиб, майдони тахминан 180 квадрат метрни ташкил қилади.

Каъбанинг ички қисми кўпбурчак бўлиб, шимолий бурчакдаги кичик ўлчамли эшикдан зинапоя орқали томга чиқиш имкони мавжуд. Шифт учта ёғоч устун билан мустаҳкамланган.


Каъба эшиги рўпарасидаги деворда олтита хаттотлик ёзувлари билан безатилган лавҳа бор ва эшикка туташ девор бўйлаб яна учта лавҳа бор. Икки устун ўртасида столга ўхшаш мармар сандиқ бўлиб, сандиқ мушки анбар ва бошқа нарсаларни жойлаштириш учун ишлатилади.
13х9 метр ўлчамдаги ички деворлар, ердан бошлаб девор ярмигача плиткали оқ мармар билан қопланган, ер қисми эса четларига сидирға тўқ яшил чизиқлар тортилган мармар билан қопланган. Шифт ва деворларнинг юқори қисми оятлар ёзилган тўқ яшил рангли ипакли мато билан безатилган.


Бу мато, яъни парданинг баландлиги 7 ярим метр. Уч ва беш йил орасида ўзгартириб турилади. У Каъбанинг ички томонида бўлиб, қуёш, ёмғир, ғубор ва шамолда бўлмагани учун унча эскирмайди. Биринчи ички ёпиб турувчи бу мато 1403 ҳижрий йили Маккадаги «Кисва» фабрикасида тайёрланди. Яшил матога «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадан расулуллоҳ. Инна аввала байтин вудиъа линнаси лаллазий бибакката мубаракан ва худан лил аламийн. Қад нара тақаллуба важҳика фиссамаи фалануваллияннака қиблатан тарзаҳа фавалли важҳака шатрал масжидил ҳарам, йа ҳаннан, йа маннан, йа залжалали вал икрам», деб ёзиб қўйилган.

Каъбага асосий эшикдан кирилганда ўнг бурчакда томга чиқадиган эшик, тўғрида эски лампаларга ўхшаш шамчироқлар ва мушки анбар тутатқилар устунлараро деворларга осилган. Ходимлар мармар қопламаларни Ҳажарул асвадга суриладиган хушбўй мой билан артиб турадилар.


Кириш эшигининг тўғрисида меҳроб бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъбанинг ичидаги намоз ўқиган ўринлари меҳроб қилинган.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу агар Каъбага кирсалар, эшикни орқаларида қолдириб, тўғрига қараб юрардилар-да, ўзлари билан рўпараларидаги девор орасида уч газга яқин масофа қолдириб, сўнгра намоз ўқирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда намоз ўқиганлар, деб Билол кўрсатган жойни танлардилар. Лекин Каъбанинг қайси томонига қараб намоз ўқилса, ҳеч кимга зарари йўқ (Имом Бухорий ривояти).

Ёғоч устунлар

Каъбанинг ичида шифтини ушлаб турадиган учта устун мавжуд. Ҳар бир устун квадрат ёғоч асосга эга. Ҳар бир устуннинг периметри тахминан 150 сантиметр, диаметри эса 44 сантиметр. Ҳар устун оралиғи 2 метр-у 35 см. Ёғочлар энг мустаҳкам ёғоч турларидан бири бўлиб, уларни саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайр танлаган. Каъба ичидаги устунлар ёши 1350 йилдан ортиқ бўлиб, тўқ жигарранг тусга эга. Бу устунлардан бири Абдуллоҳ ибн Зубайр даврига оид бўлиб, тахминан милодий 670 йилда ўрнатилган, ҳозир Маккадаги Икки Муқаддас масжид музейида сақланмоқда.

Бобут Тавба

Каъбанинг шимолий-шарқий бурчагидаги асосий кириш эшигининг ўнг томонида жойлашган “Бобут Тавба” (باب التوبة, “Тавба эшиги”) деб номланувчи олтин эшик бор. Ичида томга олиб чиқадиган зинапояси бор. Эшикнинг чап томонидаги лавҳада Қирол Холид ибн Абдулазиз ас-Сауд даврида, милодий 1978 йилда амалга оширилган таъмирлаш ишлари тўғрисидаги маълумот қайд этилган.

Лавҳадаги маълумотга кўра, Подшоҳ Холид ибн Абдулазиз чиқарган фармон билан Каъба эшиги ва Тавба эшиги соф тилла қопламали эшик билан алмаштирилди. Икки эшикни ясаш ишларига 280 кг олтиндан ташқари 13 420 000 риёл сарф этилган. Эшикларга, қалинлиги 10 сантиметрли Тик номли дарахт ишлатилиб, унинг устига соф, нақшинкор тилла қопланган. Бу икки эшик қурилишига тўла бир йил вақт кетди.

 

Макка музейидан олинган бу макетда, Каъбанинг икки қаватли томи, ичидаги учта устун, юзаси мармар билан қопланган баланд пойдевор, ўнг тарафдаги асосий кириш эшиги ва Боби Тавба тасвирланган. Бу макетда Каъба деворлари қизил ғиштдан эканлигини кўрамиз, лекин бизга маълумки, Макка атрофида қора рангли тошлар кўп бўлиб, деворлар, дастлаб шу тошлардан қурилган эди, кейинчалик эса гранитлар билан қайта қурилди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

282360cookie-checkКаъбанинг ичида нималар бор?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: