islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Од ҳалокати

Қуръонда Аллоҳ томонидан юборилган Ҳуд алайҳиссалом Од қавмини иймонга ва тўғри йўлга чақиргани тўғрисида 24 марта зикр қилинган.

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» («Ҳуд» сураси, 58-оят).

Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Од қавми қасри ва миноралари ҳозирги Яман ва Ўмон давлатлари орасидаги жойда, қадимги Эрам шаҳрида жойлашган. Манбаларга кўра, Ҳуд алайҳиссалом қавмни огоҳлантирди ва ҳаққа чақирди, лекин улар қулоқ солмадилар, натижада шаҳар Аллоҳ томонидан юборилган кучли бўронда вайрон бўлди. Од қавми ва ҳукмдорлари эрамиздан аввалги 10-3 асрларда яшаган бўлиб, қабиланинг биринчи бошлиғи Од ибн Кинъаддир. Бошқа ҳукмдорлар, 6-4 асрларда Алдаҳн Хулжон, Однинг сўнгги раҳбари Шаддод 4-3 асрларида яшаган.

«Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмайдиган ҳолга айландилар. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолармиз» («Аҳқоф» сураси, 25-оят).

Клавдий Птолемейнинг География асарида Однинг пойтахти Убар аҳолиси ҳақида маълумотлар учрайди. Асарда милоддан аввалги 4-3 асрлар оралиғида Од давлати шаҳарларининг кўп қисми табиий офат туфайли вайрон бўлиб парчаланиб кетгани ёзилган.

“Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз?” (Ал-Ҳааққа, 6-8).

Од давлати шиддатли бўронда вайрон бўлгунларича, гуллаб-яшнаган мамлакат эди, халқи роҳат-фароғатда яшар эди.

“У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!” (Шуаро, 133—134).

Ҳозирги Ўмон давлатининг Дофар вилоятидаги Шиср (الشصر) номи билан машҳур қишлоқдан Убар шаҳри қолдиқлари топилган. Шисрдан топилган харобалар Убар номи билан аталади. Археологик қазишмалар шуни кўрсатадики, бу диёр хушбўйликлар ва тутатқи савдоси билан шуғулланган катта аҳоли яшайдиган шаҳар бўлган. Харобалар саккизта девор билан ўралган, ҳар бир бурчагида минорали қалъа бўлганлигини кўрсатади, бу қадимий манбалардаги афсонавий Убар шаҳри тавсифига мос келади.

“Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулгу учун бир белги — баланд бино қураверасизларми?!” (Шуаро, 128—129).

Од аҳолиси Жанубий Арабистоннинг Ал-аҳқоф (الأحقاف), яъни “Қумли тепаликлар” деб аталадиган жойида яшаган. Од қадимий араб қабиласи бўлиб, Жанубий Арабистонда Од ибн Кинъад бошчилик қилган шаҳар эди. Од қабиласи Қаҳтон қабиласининг шарқий қисмидаги ҳудудда яшаган ва эрамиздан аввалги 10-3 асрлар оралиғида Жанубий Арабистонда Од қироллигига асос солган.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев  

283740cookie-checkОд ҳалокати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: