islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АМИР ТЕМУРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИГА ДОИР

Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти у кишининг ҳаётлик давридан бошлаб бугунги кунгача Шарқ ва Ғарб тадқиқотчилари томонидан ўрганилиб келинмоқда. Турли манбалар ва тадқиқотлар асосида у кишининг тарихий сиймосини, кўринишини тасаввур қилиш мумкин. Шу билан бирга Амир Темурнинг инсоний фазилатлари, ўзига хос хулқи, феъл-атвори билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисида тарихий асарларда маълумотлар сақланиб қолган.

Жумладан, тарихчи Ибн Арабшоҳ “Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур” (Темур тарихида тақдир ажойиботлари) асарида Амир Темурнинг ёшлиги ва фазилатлари ҳақида қуйидагиларни ёзади: “У ёшлигидан ақлли, очиқ кўнгил, журъатли, қатьий кучли ва қобилиятли бўлиб ўсиб, тенгқурлари – вазирларнинг ўғиллари билан суҳбат қурар ва амирларнинг ўғилларидан ўзига ўхшашлар билан вақтини ўтказарди”. Амир Темурнинг ажойиб хислатларидан бири сабр-матонатлилик бўлган. Буюк мақсад йўлида улкан матонат ва кучли иродани ўзида ифода этган. Унинг давлатчилик борасида ишлари ва кучли ҳукмронлик сиёсатида мустаҳкам метин иродага эгалиги муҳим ўрин тутган. Ўз даврининг йирик файласуф олими ва тарихчиси саналган Ибн Халдун билан Соҳибқирон Дамашқ шаҳрида учрашади. Ибн Халдун ўзининг “Таржимаи ҳол” асарида Амир Темур ҳақида ёзар экан, “у ўта ақлли, билимдон, фаросатли, кўп баҳслашадиган, сўзида қаттиқ турадиган киши эди”, – дейди. Албатта буюк давлат ташкил этган Амир Темур қатъий фикри билан сиёсий бошқарув ва қонунчилик тизимида мустаҳкам тартибларни жорий этган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида келтирилишича, “аслини олиб қараганда, онҳазратнинг муборак феьл- атворида адолат қилмоқ ва раиятпарварлик туғма сифат бўлиб, олий ҳиммати шаҳарларни обод қилишга ва илм аҳлларининг ҳол-аҳволини яхшилашга иштиёқманд эди”. Албатта ўтмишда ўтган адолатли ҳукмдорларнинг муваффақият қозонишидаги асосий илҳом воситалари халқпарварлигида бўлган. Шунинг учун ҳам айтиш лозимки, Амир Темурнинг халқини, юртини яхши кўриши туфайли ёвга қарши зафарли курашлар олиб бора олган.

Амир Темурнинг яна бир иштиёқманд ишларидан бири бунёдкорлик, янги масжид, мадраса, хонақоҳлар қуриш, умуман, халққа хизмат кўрсатадиган меъморий обидалар барпо этиш бўлган. Бундай биноларни барпо этиш  ишларини чиройли, улуғвор ва мустаҳкам ҳолатда олиб боришни қурувчи мутахассислардан қаттиқ талаб қилган. Бу ҳақда “Темур тузуклари” асарида келтирилади: “Амр этдимки, ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бунёд қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона (ғарибхона, моддий таъминот маркази – О.Т.) солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларга ишлаш учун  табиблар тайинлансинлар”. Айниқса, Мовароуннаҳрнинг марказий шаҳарлари, хусусан пойтахт Самарқанд ва унинг атрофларида бунёдкорлик ишларини амалга оширади. “Самарқанд атрофларида бир қанча қасабалар бунёд этиб, уларни улуғ ва пойтахт шаҳарлар номи билан атади”, – деб маълумот беради Ибн Арабшоҳ. Соҳибқирон янги меморий обидаларни бунёд этар экан, уни халққа, жамиятга, давлатга фойдаси тегадиган, узоқ вақт келажак авлод учун хизмат кўрсатадиган ҳолатда мустаҳкам қилиб қурдиради. Буни Амир Темур даврида қурилган меъморий обидаларниг бугунги кунларгача ўз ҳашамати ва салобатини йўқотмаган ҳолда сақланиб келаётганлигида ҳам кўриш мумкин.

Амир Темур илм маърифатни жуда севган, билимдон, закий кишиларни қадрлаган. Тарих илмларини ўзи ҳам жуда яхши ўрганиб, ўтган ҳукмдорларнинг ўтмиш ҳаётини ўрганишга қизиққан. “Темур подшоҳлар ва хақлар сийратларида билимдон, шарқу ғарб тарихининг отаси ва онаси эди”, – дейди Ибн Арабшоҳ. Соҳибқирон олим ва уламоларга бўлган чуқур ҳурмати туфайли кўплаб масжид, мадраса ва авлиёларнинг қабрларига мақбаралар бунёд эттиради. Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут-таворих” асарида келтиришича, “Амир Соҳибқирон илму ҳикмат аҳли ва фан арбоблари билан  ғоятда дўстлашган эди. Уларни эъзоз-икром қилишда муболағалар кўрсатарди. Тарих китобларини эшитиш орқали умматлар насаби ва шарҳи ҳолларини, турк, араб ва ажам подшоларининг турган жойлари ва қилган ишларини ва бу илмнинг бошқа тармоқларини жуда чуқур эгаллаган эди”, – дейилади.  Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” номли асарида, “кўп авлиёларни қабри шарифларини ҳазрат Амир Темур бино қилғон эрдилар. Яна кўп кўп жойларда масжид ва мадраса бино қилғон эрдилар, барчаси тавориҳда маълумдир”, – дейди. Туркистонда Аҳмад Яссавий қабрига, Тошкентда Занги ота қабрига катта мақбаралар бунёд эттиргани бунга мисолдир.

Амир Темур билимдон заковатли ва тенги йўқ фаросат ва фасоҳат соҳиби бўлган. Бу ҳақда “Темур тузуклари” да шундай баён қилган: “Бир ишга киришмай туриб ундан қутилиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатьий жазм, чинлик-чидамлик кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоқни кўриб, ортини ўйлаган ҳолда охирига етказардим… Кенгаш эгалари бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар”. “Зафарнома” да келтирилишича, жанги арафасида ғаним бўлиб турган рўпарадаги душманига янги келтирилган қовунларни мулозимларнинг ёғоч идишда юборсак ҳам бўлади деган таклифларига қарамасдан, олтиндан ишланган товоқда юборади. Али Яздий буни Соҳибқироннинг  “Подшоҳона сахий марҳамати” деб изоҳлайди.

Амир Темур ўзининг қўл остидаги аскарларга нисбатан ўта самимий саркарда бўлган. Албатта, катта қўшинни бирлаштириш учун ҳам ўзига хос хислатларга эга бўлиш керак, кўп сонли аскарларнинг кўнглини топиб, уларни ўз мақсади йўлида бирлаштириб, эргаштира олиши қобилияти зарур эди. Соҳибқирон минглаб лашкарни бирлаштиргани ҳақида “Тузуклар”ида шундай маълумот келтирган: “Баъзиларига мурувват, меҳрибонлик қилдим, бошқалари билан келишишга интилдим, яна бир гуруҳини мол-дунё билан ўзимга эгмоқчи бўлдим. Яхши сўз, аҳду паймон ва ваъдалар билан қолганларининг кўнглини кўтаришни маслаҳат кўрдим”. У ўзига содиқ кишиларни жуда қадрлар ҳам эди. Замондош тарихчилар асарларида келтирилган маълумотларга қараганда, Соҳибқирон кенгашларида ҳеч қачон қўпол сўзни ишлатмаган экан. Ибн Арабшоҳ Амир Темурнинг фазилатларини тан олиб ёзади: “У ҳазил-мазаҳ ва ёлғонни ёқтирмас, кўнгилхушликка майлсиз, гарчи ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди… Жасоратлиларни, довюракларни ва мардларни ёқтирар эди. У бехато фикрли ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли. Улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатьий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди”. Ҳақиқатдан ҳам Амир Темур сахийликда тенги йўқ, бошқаларга фойдаси тегса қувонадиган, яхшилик қилиб ҳузурланадиган, кўп эзгу ишларни бажариб кибрланмайдиган гўзал инсоний фазилатлар эгаси бўлган. Қудратли давлат бунёд этиб, ўз даврининг буюк ҳукмдори бўлишида у кишига ўзига хос хислатлари катта ёрдам берганлигини манбаларда келтирилган маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Обид Тангиров

290792cookie-checkАМИР ТЕМУРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИГА ДОИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: