Салафи солиҳийнлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ва улардан кейин яшаб ўтган тобеин ва таъаба тобеинлардир. Ойлар, йиллар ва замонлар бир-биридан фарқ қилганидек, уларда яшаган инсонлар ва уларнинг амаллари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, рамазон ойида ҳам ҳар бир инсоннинг қиладиган амали бошқасиникидан фарқ қилади. Кимдир кўпроқ Қуръон тиловат қилса, кимдир кўпроқ намоз ўқишни афзал кўради. Яна кимнингдир уни Аллоҳга яқинлаштирадиган зикр ва тасбеҳлари кўпайтиради. Хуллас, ҳамма ўзидан келиб чиқиб амал қилади.
Рўза тутишдан мақсад таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки қалбни ва аъзоларни гуноҳдан тийишга ўргатишдир. Инсон агар мана шу бир ой давомида қалбини ва жавориҳларини гуноҳ ва маъсиятлардан тия олар экан, рамазондан кейин унга бу иш оддий кундалик ишидек бўлиб қолади. Яъни ҳеч бир машаққатсиз гуноҳлардан тийила олади. Буни шарти эса рамазон ойи давомида ҳар куни ҳар қандай гуноҳлардан сақланишдир.
Рамазонда инсонга қилиши керак бўлган энг муҳим беш вазифа:
1. Кўзини ҳар қандай мункардан тийиш;
2. Тилини ҳар қандай ёмон ва ғийбат гапдан сақлаш;
3. Қулоғини бекорчи нарсалардан тийиш;
4. Қорнини таомланишдан ва барча аъзоларини гуноҳдан асраш;
5. Ифтор қилгач хавф ва ражо орасида туриш, яъни рўзам қабул бўлдими, деб хавфсираш. Аллоҳ таолонинг карамли зот эканини эслаб, рўзасини қабул қилинганига умид қилиш;
6. Куч-қувватли хайрли ва савобли ишларга сарфлаш.
Мана шу юқорида санаб ўтилган ишлар инсон ҳам қалбан ҳар руҳан покланишига, ҳамда аъзолари билан гуноҳдан тийилишига сабаб бўлувчи кўрсатмадир.
Бу умматнинг энг яхши инсонлари ҳисобланган салафи солиҳийнлар рамазон ойини қандай ўтказганлари ҳақида маълумотлар бисёр. Ана шулардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
• Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида доимий дарс берарди. Рамазон ойи келиши билан дарсларини тўхтатиб, илм мажлисларидан узоқлашарди. Қуърон билан боғланиб фақат Қуръон тилобат қиларди.
• Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ ҳам рамазон ойи келиши билан барча ишлари ва дарсларини тўхтатиб Каломуллоҳ тиловати билан машғул бўларди.
• Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳимаҳуллоҳ рамазон ойида кундузлари бир марттадан хатми Қуръон қиларди ва таровеҳ намозидан сўнг ҳам яна нафл намоз ўқиб ҳар уч кунда нафл намозларида Қуръони каримни хатм қиларди.
• Қатода роҳимаҳуллоҳ одатда ҳар етти кунда Қуръонни хатм қиларди. Рамазон ойи келган ҳар уч кунда хатм қилишни бошларди. Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эса ҳар кеча бир марттадан хатм қилар эди.
• Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ рамазон ойида кунига икки марттадан Қуръонни хатм қилардилар. Яъни рамазон ойи ичида олтмиш мартта Қуръони каримни ўқиб тугатардилар.
• Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ жамоат намозларида ва Қуръон тиловатида доимий кишилардан эди. Ҳар жума куни хатм қиларди. Рамазон ойида ҳар куни хатм қиларди ва Дамашқдаги жомеъ масжидида эътикоф ўтирарди.
• Ибн Умар розияллоҳу анҳу дастурхонида мискин бўлмаса ифторлик қилмас эди. Масжидга бориб уйига қайтаётганларида доим ёнларида бир нечта мискинлар билан уйига қайтарди. Агар аҳллари уларни ман қилса, ўша куни ҳеч нарса емасдилар.
• Ҳаммод ибн Абу Салама роҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни беш юзта мискинга таом улашарди. Рамазон ойи давомида мискинларнинг қарамоғини ўз зиммасига оларди.
• Муалло ибн Фазл: “Салафи солиҳийнлар олти ой рамазон рўзасига етишликни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрашар эди, рамазон келгач, яна олти ой тутган рўзаларини қабул қилинишлигини сўраб дуо қилишарди”.
Бу инсонлар ҳақиқий буюк хулқ соҳиби бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асъҳоблари эди. Уларнинг тарбиясини олган ва уларга чин уммат бўлиб, бизларга ибрат-намуна бўлган салафи солиҳийнлардан Аллоҳ рози бўлсин.
Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рамазонда жудаям саҳий бўлиб кетганликлари, ибодатларда аввалгидан ҳам кўпроқ машғул бўлганлар.
Салафи солиҳийнларнинг рамазон ойи кирганда айтадиган сўзлари:
• Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Хуш келибсан, эй гуноҳлардан покловчи ой”.
• Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Кимнинг дарди рамазонда қўрнига кирадиган нарса бўлса, у кишининг қиймати қорнидан чиқадиган нарсачалик бўлади”.
• Аҳнаф ибн Қойс: “Мен узоқ сафарга отландим. Бу сафарим давомида сабр қилишим жаҳаннам оловига сабр қилишимдан осонроқдир”.
• Зуҳрий: “Бу Қуръон тиловати ва бироз таом тановул қилиш ойидир”.
• Ҳасан Басрий: “Агар сен кечалари намозга, кундузлари рўзага қодир бўла олмаётган экансан, демак сен маҳрум бўлибсан. Сени қилган гуноҳларинг кишанлаб қўйибти”.
• Қатода айтади: “Кимники рамазонда гуноҳлари кечирилмас экан, ундан кейин асло кечирилмайди”.
Маннобжонова Робия
403-гуруҳ талабаси