International Day for Monuments and Sites.
Қадимий ва бой тарихимизни ўрганиш, кенг тарғиб этиш ёшларда қандай буюк зотларнинг, дунё илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган улуғ олим ва мутафаккирларнинг авлоди, бетакрор мерос вориси эканидан фахрланиш туйғусини кучайтириш, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўтган асрнинг ўрталарига келиб жаҳон жамоатчилиги нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарият мулки сифатида келажак авлодларга етказиш масаласига эътибор қарата бошлади. ЮНЕСКО 1972 йил Парижда бўлиб ўтган симпозиумда Маданий ва табиий мерос ёдгорликларини муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилди. 1983 йилда БМТ томонидан 18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни, деб белгиланди. 2003 йилда ЮНЕСКО номоддий маданий меросларни муҳофазасига олиш ҳақида қарор чиқарди.
Президентимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимизни, юртимиздаги тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Ўзбекистонимизни кўҳна ва бой маданий меросини асраш, унинг жаҳон маданияти ва тарихига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш хусусида хукумат қарори ҳам эълон қилинган.
Ушбу халқаро кунда кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга йўналтирилган турли кўрик-танловлари ва бошқа турли тадбирлар, шунингдек, самарали фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари ва тадбирларнинг фаол иштирокчиларини рағбатлантирилади.
Юртимизнинг Самарқанд, Бухоро. Хива, Шаҳрисабз, Тошкент шаҳарларида юзлаб, балким минглаб тарихий обидалар ва жойлар борки, уларнинг ҳар бири мозийдан сўзлайди. Уларнинг ҳар бир бўлаги юртнинг буюк ўтмиши, бемисл маданий мероси ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкент ислом институти
бўлим бошлиғи Д.Насиров