islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис ривоят қилиш одоби: Ҳадисдаги санад диндандир

Тошкент ислом институтида “Май – Ҳадис фани” ойлиги деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси томонидан фан ойлигига доир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

“Ҳадис ривоят қилиш одоби” мавзусидаги давра суҳбатига Қувайт элчихонаси ходими Зоҳидхон домла Қодиров ва Шайх Муҳаммад Аввома хазратларининг илмий жамоаси мутахассиси, Туркиядаги Ибн Халдун университети доктори Муҳаммадхон домла Жангиров таклиф этилди.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси мудири Б.Аъзамов, ўқитувчи Ю.Абдураҳимов ва талабалар иштирок этган тадбирда меҳмонлар ҳадис илми тарихи, уни ривоят қилиш одоби тўғрисида маълумот берди.

Ҳадис илми тарихига яна ҳам чуқур назар ташлайдиган бўлсак, дастлаб халифа Умар бин Абдулазиз буйруғига биноан Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф этган.

Саҳобалар ёруғ дунёни тарк этганидан сўнг тобеинлар асри, шу билан бирга, фитна, адашган фирқа ва бидъатлар даври бошланди. Бу бошбошдоқликлар фитна эшиги синдирилиши билан бошланган эди.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умарнинг олдида эдик. Шунда у: “Қайсингиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ўзлари айтгандек ёддан билади?” деди. “Мен”, дедим. У: “Сен ҳадиси равшан кишисан, нима дедилар?” деди. “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамнинг фитнаси аҳлида, мол-мулкида, нафсида, фарзандида ва қўшнисидадир. Уларни рўза, намоз, садақа, амри маъруф ва наҳий мункар ювиб юборади”, деганларини эшитганман”, дедим. Шунда Умар: “Буни сўрамаяпман, денгиз тўлқини каби келадиган (фитна) тўлқинни сўраяпман”, деди. “У билан сизнинг нима ишингиз бор, эй амир ул-мўминин! Сиз ва унинг ўртасида ёпилган бир эшик бор”, дедим. У: “Эшик синдириладими ёки очиладими?” деди. “Синдирилади”, дедим. Умар: “Ундай бўлса, ҳеч қачон (қиёмат кунигача) ёпилмас экан-да”, деди. Биз Ҳузайфага: “Умар эшик ҳақида билармиди?” дедик. У: “Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди”, деди” (“Саҳиҳи Муслим” муқаддимасидан).

Шу эшик Умар розияллоҳу анҳунинг қатли билан синдирилган эди. Буни мажусий қилган. Шу сабабли фитналар эшиги очилган.

Кейинчалик асли мажусий бўлган Абу Луълуъа Ферузнинг очган йўлини яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ давом эттирди. У Исломдаги ҳар бир фитнанинг асоси бўлиб қолди. Кейин фитна ва бидъатлар эргашиб, инсон ўз феъли (хатти-ҳаракати)нинг яратувчиси дейдиган қадарийлар, сўнг ақлларига таянган ҳолда Оллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига қарши чиққан жаҳмийлар, суннатни мутлақ инкор қилган рофизийлар, ақл-идрокни ақиданинг асоси деб эътироф этган, ўзларини тавҳид ва адолат тарафдорлари, деб билган мўътазилийлар ва бошқа адашган фирқалар пайдо бўла бошлади.

Фитна, бидъат ва адашган фирқалар тарқалган пайтда келажак авлод бўлмиш тобеинлар, уларнинг издошлари, улардан кейинги асрнинг уламолари суннатни сақлаш учун ҳадисларни асраб-авайлаш, муснадни аниқлаштириш, мусулмон умматининг хусусиятига айланган, натижада рижол илми, яъни ҳадис ривоят қиладиган кишиларнинг ҳолати ва хабарлари нақлидан хабардор бўлиш каби омилларга эътибор қаратди.

Саҳифа ва маълум қисмларда ёзиш билан бошланган суннат кейинчалик “Кутуб ус-ситта” (“Олти машҳур саҳиҳ китоб”) ва “Муватто” каби алоҳида-алоҳида бобларга бўлинган, муайян китоб ҳолига келтирилган асарлар ёки “Муснади Аҳмад” каби муснадлар шаклида ривожланган.

Ҳадис илми тарихига яна ҳам чуқур назар ташлайдиган бўлсак, дастлаб халифа Умар бин Абдулазиз буйруғига биноан Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилган. Расмий равишда ҳадис китоблари ёзиш шундан бошланган. Уламолар бундай муборак ва масъулиятли вазифага бел боғлаб, суннатни ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, суннати набавиянинг пок, соф эканини исботлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Тобеинлар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган даражада улкан, нозик ва ўта қалтис иш олиб борган.

Мазкур омиллар туфайли тобеинлар даврида суннатни ўрганишнинг ўзига хос жиҳат ва шартлари пайдо бўлди. Ҳадис ровийларининг ҳолати, хабарларнинг нақл қилиниши ва ишончли бўлмаганларини муомалага киритмаслик каби мавзулар биринчи ўринга қўйилди.

Бунинг нечоғли масъулиятли иш бўлганини қуйидаги ҳадислардан билиб олсак бўлади.

Имом Муслим ибн Ҳажжож: “Билгин, Оллоҳ сени муваффақ қилсинки, ҳадиснинг тўғри ва нотўғрисини ажратган ҳар бир киши фақат ишончли, софдил одамлар нақл этган ҳадисларнигина ривоят қилиб, бидъатчи ва ўзбилармонлар ривоят қилган ҳадисдан четланиши лозим”, дейди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда ёлғончи дажжоллар пайдо бўлади. Улар на сиз ва на оталарингиз эшитган ҳадисларни олиб келади. Бас, улардан четланиб, ўзингизни йироқ тутинг. Сизни адаштириб, фитналантириб қўймасин”, дедилар”, дейди.

Мужоҳиддан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: “Бушайр Адавий Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ундай деганлар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар, деб гапира бошлади. Ибн Аббос унинг гапига қулоқ ҳам тутмади, қараб ҳам қўймади. Шунда у: “Эй Ибн Аббос, нима бўлди, ҳадисимга қулоқ солмаяпсиз, сизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, эшитмаяпсиз, гапирсам, унга қулоқ тутаётганингизни кўрмаяпман”, деганида, Ибн Аббос: “Биз илгари агар бирор кишидан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, деган сўзни эшитсак, кўзларимиз (уни кўришга), қулоқларимиз эшитишга шошарди. Одамлар тўғри ва нотўғри йўлларга юраверадиган бўлиб кетганидан кейин одамлардан фақатгина билган нарсаларимизни олдик, холос”, деди”.

Муҳаммад ибн Сийрин: “Албатта, илм – диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг”, дейди.

Яна Ибн Сийрин: “Илгари одамлар санад ҳақида сўрамас эди. Қачонки, фитналар содир бўлгач, бизга “Ҳадис гапирувчи кишиларингизни номма-ном айтинг”, дейдиган бўлишди. Бас, аҳли суннага қараб, улардан ҳадис олинар эди. Аҳли бидъатга қараб, ҳадислари олинмас эди”, дейди.

Абдуллоҳ ибн Муборак: “Ҳадисдаги санад (яъни фалончи пистончидан ривоят қилган, деб номма-ном зикр қилиш) диндандир. Агар санад бўлмаса, хоҳлаган киши хоҳлаган нарсасини айтаверади”, дейди (Барчаси “Саҳиҳи Муслим” муқаддимасидан).

Бундай мисоллар кўп учрайди. Демак, ҳадис ривояти шунчаки оддий гап каби бўлмаган, унга жуда катта аҳамият берилган.

Шу тариқа тобеинлар ва кейинги алломалар ҳадисларни ёзишда юқорида келган маълумотлар асосида аввал синчиклаб, саралаб олишга қатъий киришиб, кейинги умматга соф ва ишончли бўлган ҳадис асарларини мерос қилиб қолдирди.

 

Олий маъҳаднинг бешинчи ректори Зоҳидхон Қодиров

Ректорлик йиллари:

1989 – 1990

1993 – 1994

1951 йили Қозоғистоннинг Сайрам туманида туғилган.

1969 – 1973 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида ўқиган. Сўнгра Тошкент Ислом институтига ўқишга кириб, уни 1979 йили тугаллаган. 1979–1982 йилларда Ливия дорилфунунида ўқиди.

1982 йилдан Тошкент Ислом институтида мударрислик қилди. 1987 йили институт проректори, 1989 йили эса, ректор  этиб тайинланди. 1990-1991 йиллар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ўринбосари бўлди. 1993 йили яна Тошкент Ислом институтида ректор бўлиб ишлади.

1995-1996 йиллари Вазирлар Макамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада халқаро бўлимга мудирлик қилди. 1996 йилдан 2001 йилгача ”Даруссалом” Ўзбекистон – Саудия Арабистони қўшма корхонасининг бош директори лавозимида ишлади. 2001 йилдан эътиборан Қувайт давлатининг Тошкентдаги элчихонасида фаолият олиб бормоқда.

ТИИ Матбуот хизмати 

300070cookie-checkҲадис ривоят қилиш одоби: Ҳадисдаги санад диндандир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: