islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Мифтоҳ ул-адл” нинг ҳикоялар тизими ва ўзига хос хусусиятлари

Мумтоз адабиётимизда ҳикоячилик тарихи халқ оғзаки ижоди анъаналари билан узвий боғлиқ ҳолда такомиллашиб келган. Ҳикоя, новелла (итал. novella — янгилик) — инсон хаётидаги у ёхуд бу ёрқин ҳодисани, ижтимоий ёхуд психологик конфликтдаги характер билан узвий боглиқ ҳолда ривоявий усулда тасвирловчи кичик эпик асардир. Ҳикоя ёки новелла-эпик турнинг кичик жанри. Бу асар, одатда, киши ҳаётидаги ниҳоятда муҳим воқеа тасвирига бағишланади ва унда шу воқеага қадар ва ундан сўнг руй берадиган воқеалар батафсил баён килинмайди. Ҳикоя муайян вазиятдаги киши ҳаётининг бир парчаси ҳисобланади.

Назарий адабиётларда ҳикояга хос бир қатор хусусиятлар кўрсатилган. Чунончи, Л.И.Тимофеевнинг фикрича, ҳикоя инсон ҳаётидагн алохида бир воқеа асосига қурилади, унда характер анча шаклланган булади, асар қаҳрамонлари кўп бўлавермайди, улар биргина воқеада иштирок этадилар. Шу сабабли хикоянинг хажми катта бўлмайди. Сюжет асосида ётган вокеа, одатда, ўзига хос тугун, кульминация ва ечимга эга бўлади — буларнинг бари инсон ҳаётидагн бир эпизод рамкасида юз беради.

Узбек адабиёти тарихида ҳам ҳикоя жанрининг узига хос тараққиёт йули бор. Алишер Навоийнинг “Хамса”сидаги ҳикоятлар ёхуд Пошшохўжанинг “Мифтоҳ-ул адл” ва “Гулзор”ида келтирилган ҳикоялар, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги эртаклар ўзбек ҳикоячилигининг ўтмишдаги намуналаридир.

Халқ оғзаки ижоди билан ёзма адабиёт доимо ўзаро алоқада бўлиб, бир-бирига таъсир этиб келади. Ёзма адабиётнинг тараққиётида халқ оғзаки ижоди бой бир манба, ижодкорлик мактаби бўлиб хизмат қилади. Бу эса ёзма адабиётнинг улкан намоёндалари, жумладан, Пошшоха ижодида ҳам ўз аксини топган.

Ўзбек ҳикоячилигида  Хожа ижоди XVI асрдан XX асрнинг бошларигача бўлган муҳим тараққиёт босқичини ўтади десак адашмаймиз. XVI асрдан эътиборан ижодкорнинг ҳаёти ва фаолияти кечган Бухоро адабий муҳити ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турган. Амирлик ижтимоий-сиёсий ҳаётида ислом дини ғоялари, қоидалари етакчи мавзуда турган. Адабий муҳитда яратилган асарларда диний тушунчаларнинг фаоллигини кузатамиз. Дунёвийлик эса уларнинг замирида юзага чиқади.

Ибодулла Сайид Пошшохожа бинни Абдулваҳобхожа Хожа тахаллуси билан ижод қилган. Ижодкорнинг исми, тахаллуси, шунингдек отасиниг исми адабиётшуносликда турлича ёзилган. Жумладан, О.Шарафиддинов “Ўзбек адабиёти тарихи  хрестоматияси” да (II жилд, 89-бет) Пошохожа; “Ўзбек адабиёти тарихи”да (1961, 100- бет), В.Зоҳидов Пошшохўжа; Н.Маллаев “Ўзбек адабиёти тарихи”да Пошохўжа тарзида ёзиб кетганлар. Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида эса фақирнинг отаси Ибодулло Сайид Подшоҳ… деб ёзади ва бобосиниг исмини Абдулваҳҳобхожа эканлигини таъкидлайди . Тазкирани синчиклаб ўрганган олима Ҳасанхўжа Нисорийнинг отаси тўғрисида ёзган маълумотларидан келиб чиқиб,  Хожанинг ўғли эканлигига урғу беради. Шунга кўра Ибодулло – ёзувчининг исми.  Хожанинг ота-боболари Хуросон сайидларидан эканлиги ҳисобга олинганда, Сайид – унинг ижтимоий келиб чиқишидан хабар беради. Подшохожа эса унинг титул- лақабидир. “Подшохожа” ассимилация таъсирида Пошшохожа тарзига келади. Адабий тахаллуси сифатида Хожа ёки Хўжа номлари учрайди.

Ўтган асрда Хожанинг ҳаёти ва фаолияти, ижодига оид кўплаб тадқиқотлар эълон қилинган бўлиб, Фитрат, О.Шарафиддинов, В.Зоҳидов, Н.Маллаев, С.Ғаниева, А.Иброҳимов, М.Мирзааҳмедова каби илм-фан фидойиларининг хизматлари юқори баҳоланади.

У ўзбек адабиётида кичик насрий ҳикоялар устаси сифатида машҳур. Ижодкор адабий фаолиятининг камол топишида фолъклор асарлари, уларнинг мавзуси ва ғоявий жиҳатлари, сюжети ва образлари, адабий услуб ва бадиий усуллари, тил бойлиги ҳамда поэтик шакллари ижодий озиқ бўлиб келди. Яратувчиси халқ бўлмиш мақол ва маталлар Хожанинг асарларига сингиб кетди, халқ ижодиёти материаллари унинг учун илҳом манбаи эди.

Шунингдек, Хожа асарларини ўрганиш орқали унинг кўп жиҳатдан ўша давр халқ оғзаки ижоди билан унинг ёзма адабиёти ҳамда уларнинг Хожа ижодига таъсири билан яқиндан танишиш мумкин бўлади.

Ўзбек адабиётида илк бор “Мифтоҳ ул-адл” ҳикоялари Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари” мажмуасига киритилган. Мажмуада Фитрат “Мифтоҳ ул-адл”нинг муаллифи номаълумлигини айтади ҳамда яратилиш даврини XIV аср дея тахмин қилади. Фитрат ўз мажмуасида асардан саккизта ҳикояни келтиради, улар қуйидагилар: “ Ҳаж қилмоқни истаган шоҳ”, “ Луқмони ҳаким”, “ Маҳмуд Ғазнавий ва Аёзи хос”, “ Искандар Зулқарнайн ва Мағриб султони”, “ Маҳмуд Ғазнавий ва толибул-илм” ҳамда уч нафар диний мавзудаги ҳикоялардир. Хожа ижодини тадқиқ этган олима Марғуба Мирзааҳмедова ўз тадқиқотида келтиришича, Фитрат ҳикояларни ўзига хос танқидий матн тузиш тамойиллари асосида тақдим қилган. Фитрат фойдаланган қўлёзма матнида учраган, аммо хрестоматия тузувчи нотўғри деб ҳисоблаган жумла ва сўзлар ёки қўлёзмада нотўғри деб бертлган жумла ва сўзлар бошқа қўлёзмаларга солиштириш орқали аниқланмай, балки муаллиф “тўғриси шундай бўлса керак” деб ўз матнида изоҳ қолдириш билан кифояланади.   Тадқиқотчи Фитрат келтирган намуналар матни битта қўлёзма асосида тузилган бўлиб, Шарқшунослик қўлёзмалари институтида сақланаётган 1791 инвентаръ рақамли қўлёзмага тўғри келишига аниқлик киритган. Бу ҳикояларнинг нашр этилиши Хожа ижоди ҳамда унинг “Мифтоҳ ул-адл” асари  илмий эътиборнинг ошишига сабаб бўлди.

Адабиётшунос Солиҳ Қосимов 1950 йилда тақдим қилган илмий тадқиқотида ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарини ўрганиш асносида “Мифтоҳ ул-адл” асари ҳақида ҳам тўхталиб ўтади ва асарнинг қачон, ким томонидан ёзилгани номаълум экани, бироқ, асар шахзода Темур деган бир кишига бағишлаб ёзилган дея хулоса беради .

“Мифтоҳ ул-адл” асари, унинг яратилган даври, муаллифи масаласини ҳал қилишда таниқли олим В. Зоҳидовнинг тадқиқот ишлари Хожа ижоди ўрганилишининг янги даврини бошлаб берди.

Профессор В.Зоҳидов “Мифтоҳ ул-адл” ҳақида”, “Мифтоҳ ул-адл”, “Гулзор” мақолаларида ўша вақтгача муаллифи номаълум, ўзи XIV асрда яратилган деб ҳисобланган “Мифтоҳ ул-адл” асари XIV аср эмас, XVI асрда яратилганлигини, асар XIV асрда яшаган Амир Темур ёки Тўғлуқ Темурга эмас, балки XVI асрда яшаб ўтган Шайбонийхоннинг ўғли Муҳаммад Темур Султонга бағишланганига аниқлик киритади. Тарихда фақатгина шу Темур ҳақиқий маънода шаҳзода бўлганлигини асослайди. Фикрлар исботи сифатида “Мифтоҳ ул-адл” ва “Гулзор”даги ҳикоялар ғоявий ва стилистик хусусиятлари билан бир-бирига ўхшаши, аксар қўлёзмаларда икки асарнинг бирга муқоваланиши, “китобнинг сўнгги” деган ёзув ва муаллиф исми иккинчи қисми “Гулзор”да кўрсатилганлиги айтилади .

В.Зоҳидовнинг илмий хулосаси илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланади.

1962 йил Хожа ва унинг асарлари ҳақида кенгроқ маълумот берувчи “Мифтоҳ ул-адл” ва “Гулзор”дан парчалар” нашр этилди. Сўзбошида муаллифлар “Мифтоҳ ул-адл” асари устида тўхталиб ўтиб, 20 та ҳикояси келтирилади.

1965 йил “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг тўртинчи сонида     А.Иброҳимовнинг “Хожа ҳаёти ва ижоди ҳақда баъзи маълумотлар” сарлавҳаси остида мақоласи эълон қилинди. Муаллиф ўзбек адабиётшунослигида мавжуд бўлган Хожа ҳаёти ва фаолиятига оид фикрларга аниқлик киритади. Унинг туғилган йилини аниқлайди. “Мифтоҳ ул-адл” тазкирасининг автори Ҳасанхожа Нисорийнинг отаси эканлигини қатор далиллар асосида исбот қилади. Мақола Хожа ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича йўл қўйилган айрим ноаниқлик ва камчиликларни бартараф этиш жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.

Хуллас, “Мифтоҳ ул-адл” ёдгорлиги ўзбек адабиётшунослигида дастлаб, муаллифи ноъмалум, ўзи эса XIV аср намунаси сифатида қаралаётган эди. Юқорида келтирилган далиллар асарнинг ҳақиқатдан XVI аср ёдгорлиги эканлигини ҳамда муаллифи Ҳасанхожа Нисорийнинг отаси Хожа тахаллуси билан ижод қилган Пошшохожа ибн Абдулваҳобхожа эканлигини маълум даражада ойдинлаштиради.

Хожа адабий меросининг катта ва муҳим қисми ҳикоялардан иборат. 1539-1540 “Гулзор” номли ҳикоялар тўпламини яратди. Шайх Саъдийнинг “Гулистон” ва Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асарларига ўхшаган ибратли ҳикоялардир. “Гулзор” ва “Мифтоҳ ул-адл” давлатни бошқариш, халқ билан қандай муомалада бўлиш, инсоф ва адолат, ахлоқ ва одоб масалаларига бағишланган ҳикоялар тўпламидир.

Хожа хикоялари дидактик характерда бўлиб, уларда кўпроқ ҳаётдан олинган воқеалар тасвир этилади. Одоб-аҳлоқ, халқпарварлик, ватанпарварлик ҳикояларнинг асосий мавзусини ташкил этади. Одатда тарихий шахслар номи билан боғлиқ ҳикояларга кўпроқ мурожаат этади.

Ҳикоялар мавзуси ва ғоявий мазмуни билангина эмас, балки бадиий хусусиятлари ва тили билан ҳам ўзбек мумтоз адабиётининг, бу адабиётга нисбатан камроқ ривожланган бадиий насрнинг энг яхши намуналаридир. Ҳикоялар кичик-кичик ва жуда ихчам бўлиб, ёзувчи уларда катта бир мавзуни, муҳим муаммоларни кенг ва мукаммал ифодалайди. Мавзу бирор бир эпизодда кўпинча саргузашт характердаги бирор воқеа фонида ёритилади. Муаллиф айрим кичик деталларни тасвир қилишга берилиб кетмай, мавзунинг моҳиятини очувчи нуқтани асос қилиб олади. Ҳикоя шу нуқта билан бошланади ёки тез орада воқеанинг давоми вужудга келади ва ривожланиб боради.

Ҳикоялар халқ оғзаки ижоди асарларида бўлганидек “айтурларким” кириш сўз билан бошланади. Сўнггида “қиссадан ҳисса”, кўпинча қитъа, рубоий, байт ва бошқа шеърий шаклларда келади. Хожанинг ҳикоялари таҳлил ва талқини унинг яшаган даври, ҳаёти ва ижодий фаолиятига тўхталишга тўғри келади.

Бухоро адабий муҳитида муҳим ўрин тутган ижодкорлардан бири Ибодулла Сайид Подшохожа бинни Абдулваҳхобхожа Хожа тахаллуси билан ижод қилган. У узбек адабиётида кичик насрий ҳикоялар устаси сифатида машҳур. Хожа ва унинг ҳаёт йўли, ижоди ҳақида маълумот кам. Мавжуд фикрлар эса бизгача адибнинг асарлари ва ўғли Хасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» тазкираси оркали етиб келган. Ушбу тазкирада зикр этилишича, Хожаниинг ота —боболари йирик давлат арбоблари ва шоир, ёзувчи ижодкор кишилар бўлишган.

Хожа XV асрда Бухоро адабий муҳитида яшаб ижод этган. Маълум вақт садрлик, кейинчалик  йирик диний лавозим шайхулисломлик (бу маисабдаги киши подшонинг ўнг томонида турган) мансабларида ишлаган. У давлат бошқарувида эътиборли шахслардан ҳисобланган. Кўп зиддиятли вазиятларни сулҳ йули билан ҳал этишга ҳисса қўшган.

Хожа 1480 йили Нисо шаҳрида дунёга келган. У дастлаб отаси қўлида, сўнгра Нисо ва Марв мадрасаларида муфассал таълим олган. Ижтимоий фаолиятини темурийзодалардан Нисо вилояти ҳукмдори Кепак Мирзо ҳукуматида 1496 йили ёзида садрлик (ер ўлчовчи) билан бошлаган. 1508 йили Нисо ва Обивард вилоятлари Шайбонийлар томонидан забт этилганда Хожа етук шоир ва адиб сифатида танилган эди. Шу йили Шайбонийхон урушдан қайтаётганида Нисода тўхтаб, Хожани Дурун вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди .

Шу орада Нисога шоир амир Муҳаммад Солиҳ ҳоким этиб юборилди. 1510 йилнинг кеч кузида Хожа ва Муҳаммад Солиҳ Марв мудофаасига келадилар, Шайбонийхон ҳалокатидан кейин эса Хожа мамлакат ичкарисига — дастлаб Самарқанд ва сал кейин Бухорога келиб, шу ерни ватан тутади. 1514 йилгача Темур Султон, кейин Кўчкунчихон хизматида бўлиб, 1515— 1516 йиллардан эътиборан Кармана ҳокими Жонибек Султон ҳукуматида Жумлат улмулк, садрлик лавозимларида ишлайди.

У 1529 йили Бухоро ҳокими Убайдуллохон замонида кисқа вақт шайхулисломлик қилган. 1534 йили Убайдуллохон Нишопурга келганда Балх ҳокими Кистан Қаро ундан Хожани Балхга юборишини сўрайди. Шундан сўнг Хожа Балхда аввал садрлик, кўп ўтмай эса шайхулисломлик вазифасини бажаради. 1543 йили ҳоким Кистан Қаро руҳий касалликка чалингандан кейин Хожа ўз вазифасидан кетиб ижод билан машғул бўлди.Хожа 1547 йили Бухорода вафот этади ва Баҳовуддин Нақшбанд мақбараси ёнига дафн қилинади.

Хожанинг бизгача Темур Султонга аталган «Мифтоҳ ул-адл» («Адолат калити» 1508—1510 йиллар), Кистан Қаро Одилга бағишланган «Гулзор» (1538 йил) фалсафий-ахлоқий асарлари ва Жонибек Султонга аталган «Мақсад ул-атвор» (1514—1520 йиллар) ахлоқий-дидактик маснавий-достони ҳамда бир неча ғазаллари етиб келган. Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккир ал-аҳбоб» тазкирасида келтирилишича, Хожа «Лайли ва Мажнун» номли асар ҳам ёзган, аммо бу асар ҳалигача топилгани йўқ.

Хожанинг жуда оз ўрганилган асари «Мақсад ул-атвор» (Сўфийлар мақсади) достонидир. Хожа ҳақидаги илмий адабиётларда, кейинги йилларда топилганлиги учун, бу асарга муносабат билдирилмаган. Достон Низомий Ганжавиийнинг «Махзан ул-асрор», Aмир Хусрав Дехлавийнинг «Матлаъ ул-анвор», Aлишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр достонларига назира тариқасида яратилган. Унинг вазни худди шу достонлар вазнидек сареъ баҳрида бўлиб, шоир ўз фикр-мулоҳазаларини муфтаилун муфтаилун фоилун вамуфтаилун муфтаилун фоилон қолипларига солиб айтган.

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар

кафедраси ўқитувчиси,

Тошкент Давлат Шарқшунослик университети

2-курс магистранти Муслим Боймиров

303430cookie-check“Мифтоҳ ул-адл” нинг ҳикоялар тизими ва ўзига хос хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: