islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрати Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу.

«Ким ўлганидан кейин ҳам ерда юрадиган кишини кўрмоқни истаса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин»

(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)

 

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иршодлари билан Исломни қабул қилган тўртинчи кишидирлар.
Тўлиқ исмлари Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Умар ибн Каъб ибн Саъад Тайимий ибн Мурра, насаблари олтинчи боболари бўлган Муррага етганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўшиладилар.
Бу зот илм ва фазилат эгаси бўлиш билан бирга хайрли ва савоб ишларни кўп бажарганлиглари сабабли ҳам “Толҳатул-хойр”, “Толҳатул Жавҳар” номлари билан машҳур эдилар.

Юз тузилишлари Қизғиш оқ юзли, ўрта бўйли, кенг кўкракли едилар.

Қаҳрамонлиглари билан донг таратган ҳазрат Толҳа ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу обидлиглари билан ҳам танилган эдилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жони дилларидан яхши кўрган ихлосли бир мусулмон эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: «Ким ўлганидан кейин ҳам ерда юрадиган кишини кўрмоқни истаса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин», деганлар….

Толҳа розияллоҳу анҳу ёш бўлишларига қарамай, бозорни ипидан игнасигача ўрганган эдилар. Тажрибали савдогарлар каби савдо-сотиқни яхши биладиган, заковатли, нозик ишларда улар билан рақобат қиладиган даржага етган эдилар.

Бир куни бир воқеа содир бўлди. Бу ҳодиса ёшгина Толҳа розияллоҳу анҳунинг ҳётларини тубдан ўзгартириб юборди. У зотнинг ўзлари бу ҳақда шундай ҳикоя қиладилар :

«Бусро бозорида юрганимда, насроний роҳибларидан бири одамларни чақириб деди: «Эй савдогарлар жамоаси! Ораларингизда Макка аҳлидан бирор киши борми?»

Даъватчининг хитоби якунланмасданоқ: «Менман Макка аҳлидан!» дедим.

«Ораларингизда Аҳмад исмли киши борми?» деб сўради ҳалиги одам.

«Ким у Аҳмад?» дедим.

«Шу ой у кишига охирги Пайғамбарлик мақоми берилажак. У сизлардан чиқади ва қора тошли ерингизга жойлашади, хурмозор ва чучук сувли жойга … Эй йигит, унинг олдига шошил!» деди.

Роҳибнинг ажиб сўзлари қалбимга ўрнашди. Туяларимни ҳозирладим, энди мени Маккага қайтишдан ҳеч нарса тўса олмасди. Шошганимдан карвоним ҳам ортда қолиб кетди. Уйга келгач, аёлимдан дарҳол: «Мен йўғимда бирон воқеа содир бўлдими?» деб сўрадим.

Унинг жавоби эса қалбимни ич-ичдан ўртаб юборди: «ҳа, Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини охирги Пайғамбарман деяпти! Унга Ибн Абу Қуҳофа (яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳу) эргашди! » деди.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳуни)ни жуда яхши билардим. Ёқимли ва обрўли инсон, ҳалол ва ростгўй тижоратчи эди. Анчадан буён у билан қалин ошно эдим. Кўп вақтим унинг олдида ўтар эди. Уни жуда ҳам яхши кўрар эдим.

Абу Бакирни учратганим заҳоти: «Одамлар Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад ўзини охирги Пайғамбар деяётганини айтишмоқда. Сиз унга эргашган эмишсиз, шу тўғрими?» деб сўрадим.

«Ҳа» деди Ибн Абу Қуҳофа.

Кейин у Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида гапириб берди. Мени ҳам у кишига эргашишга тарғиб қилди. Мен унга роҳибдан эшитганларимни сўзладим. Абу Бакрнинг ҳайронлиги чандон ошди.

«Мен билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига юр, бу хабарни ўзинг у кишига айтиб бер. Кейин у зотни эшитамиз», деди у.

Абу Бакр иккимиз Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимизда, у киши менга исломни қабул қилишимни таклиф этдилар ва Қуръон оятларидан тиловат қилиб, дунё ва охират хабарларини етказдилар.

Аллоҳ қалбимни исломга очди. Мен у кишига Бусрада бўлган воқеани сўзлаб бердим. Бу хабар у кишини жуда ҳам хурсанд қилди, хурсандликлари юзларида кўриниб турар эди. Кейин ошкора иймон келтириб, шаҳодат калимасини айтдим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу туфайли мен исломни тўртинчи бўлиб қабул қилдим».

Толҳа розияллоҳу анҳу ухуд жангида мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳужум қилишганида қўллари билан қилични тутиб қолиб ярадор бўлганлар ва шу жангда «Тирик шаҳид» лақабини олганлар. Пағамбар алайҳиссалом тоғ тарафга чекинаётганларида, мушриклар ташланиб, у зотни ўлдирмоқчи бўлади, шунда у киши: «Ким уларни орқасига қайтариб, мен билан жаннатда бирга бўлишни истайди?» дейдилар.

Толҳа: «Мен, эй Расулуллоҳ!» дейдилар. Ансорийлардан ҳам бир киши мардларча олдинга отилади.
Шунда Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийга рухсат бериб, Толҳа розияллоҳу анҳуга: «Сен қол», дедилар. Шу пайтда ҳалиги ансорий душманнинг ҳужумини қайтариб шаҳид бўлдилар. Мушриклар яна ҳужум қилиб, мусулмонлар жамоасини ўраб олди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушрикларни қайтарувчи яна ким бор?» дедилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ яна: «Мен» деб чиқдилар. Бироқ Аллоҳнинг Росули тағин изн бермадилар. Ўртага бир ансорий чиқдилар, у кишига рухсат берилгач, мардонавор курашиб, шаҳид бўлдилар.

Пайғамбар алайҳисалом тоғ тарафга қараб кўтарилаётганларида, мушриклар яна ўраб олишди. Шунда яна: «Уларни қайтарадиган ким бор?» дедилар. Толҳа бу сафар ҳам чиқишга изн сўрадилар. Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига рухсат бердилар.

Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари синган, лаблари ёрилган, ёноқларидан қон оқар эди, оёқлари лат еган, ниҳоятда чарчаган эдилар. Толҳа розияллоҳу анҳу мушрикларга ташланиб, уларни даф қилдилар. Кейин орқаларига қайтиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тоққа чиқишлари учун ёрдамлашдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар : «Абу Убайда ибн Жарроҳ иккимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига ёрдам учун борганимизда, у зот: «Мени қўйинглар, дўстингизга мададга шошилинглар», дедилар. Толҳа розияллоҳу анҳу бир неча жойларидан жароҳатланган эдилар. Шунда Алоҳнинг Расули: «Ким ўлимдан кейин ҳам ерда юрадиган кишини кўрмоқни истаса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин», деганлар».

У зотинг «тирик шаҳид» деб сифатланишлари шу сабадандур.

бу шижоатли зотга ҳаётдалигидаёқ жаннат хушхабари берилган эди.

Жамал воқеасида у зот ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо томонларида бўлганлар, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир сўзларини эслатганларида дарҳол Ҳарб майдонини тарк этган эдилар. Лекин Марвон ибн Ҳакам отган ўқ у зотнинг тиззаларига тегиб, қаттиқ жароҳатланадилар ва шаҳид бўладилар.

عَلِيَّ بْنَ أَبِي طَالِبٍ قَالَ سَمِعَتْ أُذُنِي مِنْ فِي رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ طَلْحَةُ وَالزُّبَيْرُ جَارَايَ فِي الْجَنَّةِ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қулоғим Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг:

«Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган». Термизий ривояти.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу жангдан кейин Толҳа розияллоҳу анҳунинг жасадларини кўриб, йиғлаганлар ва ҳаққиларига дуо қилганлар. Чунки алғов-далғовли бир замонда яшаган Толҳа розияллоҳу анҳу зоҳиран тафриқага тушиб Ҳазрати Алига муқобил жабҳадан ўрин олган бўлсалар-да аслида ҳар доим Исломиятнинг тараққиёти учун хизмат қилган едилар. Бундай зотлар кўринишда кўнгилсиз воқеалар оқимига тушиб қолсалар ҳам, ниятлари пок хайрли бўлгани учун қадр этиборини йўқотмайдилар. Ҳазрати Толҳа розияллоҳу анҳунинг шонли ҳаётлари бу фикрнинг ёрқин мисолидир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу ҳақиқатни чин дилдан ҳис этиб 58 ёшларида омонсиз Муҳорабада шаҳид кетган ҳазрати Толҳа розияллоҳу анҳунинг жанозасини ўзлари ўқиганлар ва кўз ёш тўкиб Аллоҳ таолога у зот учун дуо қилганлар. Вафотларидан йигирма йил ўтгач, қизлари оишанинг таклифлари билан жасадлари Басрага келтирилиб, қайта дафн этилди. Аллоҳ Таоло у зотдан ўзи рози бўлган бўлсин.

305210cookie-checkҲазрати Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: