Қуръоннинг Европа тилларига таржималари борасида олиб борилган тадқиқотларга кўра, энг дастлабки таржима лотин тилига қилинган бўлиб, Петр Достопочтенний (1092‑1156) буйруғига кўра, 1143-йилда Петр Толедский, Петр Пуатъе кабилар томонидан ёзиб тугатилган. Бу таржима ўз даври имконият ва талабларига кўра, асосан ислом динига танқидий ёндашув асосида амалга оширилган. Чунки у даврда Ғарб дунёси мусулмонларга нисбатан ҳам адоват, ҳам ҳавас билан қараган эди. Ушбу таржима Европада Қуръонни ўрганиш бўйича дастлабки қадам бўлди.
Балда 1543-йил Библиандр Робеот Кеттонский томонидан амалга оширилган Қуръоннинг лотин тилига таржимаси нашр этилди. ХVII асрда ислом динига қизиқиш янада ортди. 1649 йил Александр Росс томонидан Қуръон биринчи бор инглиз тилига таржима қилинди. Ушбу таржиманинг камчилиги унинг араб тилидан эмас, балки француз тилидан таржима қилинганидадир. 1698 йилда италиялик Людовик Мараччи томонидан Қуръоннинг араб тилидаги нашри, 1734-йилда Лондонда Жорж Сейл тарафидан Қуръоннинг янги инглиз тилидаги таржимаси чоп этилди. Унга муаллиф таржима билан бирга изоҳлар ҳам берган, бунда асосан Байзовийнинг шарҳига кўпроқ таянган[1].
Юқоридагилардан ғарб шарқшунослари мусулмонлар қўлларидаги ишончли манбааларга мурожаат этмаганлари, балки турли асарлардан ишончли ва ишончсиз маълумотларни ишлатиш ва илмий муомалада таҳлилсиз фойдаланиш услуби қўлланилгани намоён бўлади. Бу тадқиқотлар асосан Қуръонга танқидий ёндашув кўпроқ устун бўлган даврда юзага келган бўлиб, шунга кўра ислом дини, унинг манбаалари, Пайғамбар тарихини ўрганиш анча бошланғич босқичда турган дейиш мумкин.
Россияда Қуръоннинг ўрганилиши 1453 йили Усмонли туркларнинг Константинаполь (Истанбул) шаҳрини босиб олгандан кейин бошланган. XVII асрларда Россияда ислом дини ва Қуръон бўйича асосан манбаалар юнон, лотин, поляк, немис, инглиз, француз ва бошқа ғарб тилларига таржима қилинган асарларни ташкил қилар эди. Ушбу асарларда асосан Қуръон, умуман, ислом динига нисбатан танқидий қараш устун бўлган.
1552 йили Иван Грозний Қозон хонлигини бўйсундиргач, Россиянинг қўшни мусулмон давлатлари маданияти, урф‑одатлари, аньанларини ўрганиши билан янги босқичга ўтди. XV‑XVII асрларда Литвада Қуръоннинг шарқий славян нусхаси ёки беларус тилидаги таржимаси вужудга келади. Таржима Литва князлари хизматида бўлган бир гуруҳ татар зиёлилари томонидан амалга оширилди[2].
Пётр I буйруғига биноан 1716-йили Петербургда Қуръоннинг рус тилига қилинган илк таржимаси чоп этилади. Рус тилига дипломат ва шарқшунос Анре дю Рие (1580‑1660) томонидан амалга оширилган таржимаси ва 1647-йил Парижда, Германияда беш марта чоп этилган таржима асосида яратилди. Пётр I йирик давлат арбоби исломшунос олим Дмитрий Кантемир (1673‑1723) зиммасига Қуръон мазмунининг батафсил баёнини ва Муҳаммад с.а.в.нинг ҳаёт йўлларини холис илмий ёритиб бериш вазифасини юклайди. Лотин тилидан таржима қилинган Дмитрий Кантемирнинг “Мусулмонлар китоби ёҳуд Муҳаммад с.а.в. динининг аҳволи” номли китоби 1722-йили Санк‑Петербургда чоп этилди[3].
1787-йилга келиб Россияда Петербург шаҳрида Екатерина II буйруғи билан биринчи бора Қуръоннинг арабча, Петербург нусхаси босмадан чиқарилди. Екатерина II фикри билан айтганда бу ҳаракатлар “ислом динига кириш ёки уни тарғиб этиш эмас, балки, мусулмонларни бирлаштириб турадиган Қуръонга қўл солиб кўриш” эди[4].
1878-йили Қозон илоҳиёт академиясининг таниқли шарқшуноси, православ эътиқодининг тарғиботчиси Г.С. Саблуков томонидан Қуръон араб тилидан рус тилига ўгирилди. Таржима фақат “Татар исломшунослиги” тажрибасига таянганлигига қарамасдан, миссионерлик, танқидий фикрларга асосланганлиги ва кенгайиб бораётган Чор Россияси манфаатларини, христианликни тарғиб этганлиги учун халқ орасида кенг танилди ва қайта‑қайта нашр этилди. Таниқли рус шарқшунос олими А.Б.Холидовнинг фикрича, бу даврда Россиянинг 8та энг йирик шаҳарларида араб шрифтига асосланган типографиялар ташкил этилган. Ушбу типографиялар кўмагида 1787-йилдан то 1917-йилга қадар 172 та Қуръон ,191 та Қуръоннинг еттидан бири (ҳафтияк), юздан ортиқ Қуръоннинг алоҳида сураларига бағишланган тафсирларнинг нусхалари нашр этилган[5].
Ҳозирги пайтда Қуръоннинг рус тилидаги таржималари кўп бўлишига қарамасдан, қуйидаги таржималар асосий ўрин тутиб келмоқда:
Қуръон таржимаси Дмитрий Николаевич Богуславский томонидан 1871-йилда қилинган бўлиб, араб тилидан рус тилига ўгирилган биринчи таржима деб тан олинди. Таржима кўпроқ бадиий услубда амалга оширилган, ўз даврида нашр этишга рухсат берилмаган бўлиб, 1995-йил Москвада нашрдан чиқди.
“Қуръон” (мусулмонларнинг қонун китоби) – Гордий Семёнович Саблуков таржимаси 1878-йили Қозонда, кейинчалик 1896 й, 1907 й, 1990 й, 1991 йилларда нашр этилди.
Гордий Семёнович Саблуков (1804‑1880) таржимаси асл арабча нусхадан рус тилига ўгирилган иккинчи йирик таржима деб тан олинди. Лекин олим таржимасига миссионерлик нуқтаи назаридан ёндашиши оқибатида, Қуръон моҳиятини ёритишда кўпгина хатоларга йўл қўйган.
Советлар даврида Қуръони карим ҳақида жиддий изланишлар олиб борганларнинг энг эътиборлиси акдемик Игнатий Юлианович Крачковский (1883‑1951) бўлди. Унинг арабчадан ўгирган ва ўлимидан сўнг 1963 йили чоп этилган “Коран. Перевод и комментария” китоби 1983 ва 1990 йиллари қайта нашр этилди[6].
Бошқа маълумотларга кўра Игнатий Юлианович Крачковский (1883‑1951)нинг “Қуръон” таржимаси илк бор 1963-йилда Москвада кейинчалик 1986, 1989, 1990, 1991, 1998‑йилларда қайта‑қайта нашрдан чиққан. Таржима асл нусхадан рус тилига ўгирилган учинчи таржима бўлгани сабабли сўзма‑сўз, маъноларга путур етказилмаган ҳолда қилинган. Таржимада Қуръонга нисбатан билдирилган салбий фикрларни бартараф этиш, холисона ёндашув кўзга ташланади. И.Ю.Крачковский академик ва араб адабиёти, тарихи, маданияти, тилини пухта билувчи филолог ва шарқшунос олим эканлиги учун, унинг таржимаси илмий қиммат ва устунликка эга[7].
“Қуръон” – Валерия Михайловна Порохова таржимаси 1991, 1995, 1997‑йиллар китоб шаклида нашр этилган. Таржиманинг бошқа таржималардан фарқли томони, таржимон таржимага шеърий услуб жиҳатидан ёндашганлигидадир. В.М.Прохова яратган таржима биринчи рус муслима аёли яратган таржимадир. 1997 йили Қоҳирада “ал‑Азҳар” университети қошидаги Халқаро Исломшунослик Академияси Қуръоншунослари бу таржима тўла ислом руҳиятида ёзилганлигини тан олдилар.
“Қуръон” – Муҳаммад Нури Усмонович Усмонов таржимаси (1924йилда туғилган) 1995, 1999‑йиллар Москвада нашр этилган. Олдинги таржималардан мусулмон олими ёзганлиги сабабли, ислом манбалари асосида яратилганлиги, илмийлиги, ўтган тафсир соҳаси олимлари тажрибаларига таянганлиги сабабли ажралиб туради.
“Муқаддас Қуръон” номли таржима 5 йил давомида Эльмир Кулиев томонидан амалга оширилган бўлиб, 2002 йили Саудия Арабистонида, Мадина шаҳридаги Фаҳд Қуръон босмахонасида чоп этилган. Ушбу таржима ҳам мусулмон олими томонидан яратилганлиги сабабли ислом муфассирлари сўзлари ва нақлга асослангани билан ажралиб туради. Таржимон ушбу нашрни яратишда машҳур муфассирлардан Қуртубий, Ибн Касир каби олимларнинг тафсирларига таяниши билан бирга Крачовский ва Усмоновларнинг Қуръоннинг рус тилига таржималаридан истифода этган.
Ҳозирда Россияда қуръоншунослик борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Уларнинг орасида Қуръонга нисбатан танқидий ёндашувлар ҳам холисона муносабатлар ҳам мавжуд. Қуръоннинг таржималари орасида мусулмон олимлари томонидан амалга оширилганлари ҳам кенг тарқалаётганини кузатиш мумкин[8].
Модуль таълим шакли
талабаси Сайдуллаев Фурқат
[1] Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси. Тошкент –2011 йил. Б‑17.
[2]. Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси. Тошкент –2011 йил. Б‑24.
[3] Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси. Тошкент –2011 йил. Б‑23.
[4]Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси. Тошкент –2011 йил. Б‑24.
[5]Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). Тошкент ислом университети нашриёт‑матбаа бирлашмаси. Тошкент –2011 йил. Б‑25.
[6] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий “Тафсири Ирфон Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. “SHARQ” нашриёт‑матбаа акциядорлик компанияси, Бош таҳририяти, 2019 й. Б‑378.
[7] Абдуллаев А. Ғ. “Қуръоншунослик”(ўқув қўлланма). “Тошкент ислом университети” нашриёт‑матбаа бирлашмаси, 2011 й. Б‑27.
[8] Абдуллаев А. Ғ. “Тошкент ислом университети” нашриёт‑матбаа бирлашмаси, 2011 йил. Б‑28.