islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Давлат ва дин муносабатларининг сиёсий жиҳатлари

Аввало, инсон меҳнат ва ҳаёт тажрибаси, касб-кори ёрдамида рўзғор тебратиб яшаши, бошқа кишилар ва жамият билан турли-туман муносабатлар қуриши давомида орттирган билимлари рационал (оқилона)лик касб этади. Пуч, хаёлпарастликка асосланган ёки сохта билим (илм)ларга таянган киши ҳаётдан кўп панд ейди, рўзғорини ҳам дуруст эплай олмайди.

Ҳозирги кунда дунё ҳамжамияти мураккаб босқичдан ўтмоқда. Эски дунё тартиботининг бузилиши ва янгисининг вужудга келиши ниҳоятда кескин ҳолатда кечмоқда. Бир қутбли дунё тартиботидан кўп қутбли дунё тартиботига ўтиш даври кечирилмоқда.

Бу давр, дунёнинг бир нечта нуқталарида уруш ва кескин зиддиятлар билан белгиланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг энг муҳим мақсадларидан бири дунёнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўринни эгаллашдир. Мамлакатимиз томонидан турли иқтисодий ва сиёсий соҳаларда эришилган ютуқлар давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатининг яққол мисолидир. Ўзбекистон тинчликсеварлик сиёсатини олиб бориб, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслигини ва ҳар қандай халқаро ҳарбий блокларга қўшилмаслигини эълон қилган.

Буларнинг барчаси, ўз навбатда, дунёда юз бераётган чуқур сиёсий-ижтимоий бўҳронлар шароитида, юртимиз ва халқимизга катта масъулият ва вазифаларни юклайди. Бундай тарихий бир дамларда, жаҳонда юз бераётган сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий воқеаларни тўғри таҳлил этиш ҳамда уларга холисона баҳо бериш ниҳоятда муҳимдир[1].

Шунинг учун дунёда деярли ҳар қадамда, жуда ҳам муҳим бўлган ҳодисалар ва жараёнлар содир бўлаётган бир даврда, ҳар бир зиёли инсон, мутахассис, шу билан бирга, сиёсат ва унинг турли мамлакатлардаги кўринишлари каби турли хил жабҳаларда ўзининг қарашларини қатъий белгилаб олиши зарур. Шу билан бир қаторда, исломнинг халқаро ҳаётдаги ва жаҳон замонавий сиёсатидаги ўрни тобора мураккаблашиб бормоқда.

Халқаро муносабатларнинг босқичма-босқич ривожида ХХ асрда вужудга келган ва жадал ривожланган Aфро-Осиё ислом ҳаракатининг ҳукумат ва ноҳукумат доирасидаги ҳаракатлари ўзига хос ўрин тутади. Халқаро даражадаги фаоллиги, ҳозирда бир неча ўнлаб давлатни қамрашдан ташқари очиқдан очиқ глобал жаҳон сиёсатидаги асосини ташкил этиб турувчи компонент бўлишга даъвогарлик қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Индонезия сиёсатининг асосига эътибор берсак, замонавий ислом ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида “Биз исломий қадриятлар ва мусулмон маданиятини муҳофаза қилишимиз лозим[2]” деб таъкидлаган.

Замонавий халқаро муносабатлар, Осиё, Aфрика, Европа ва Шимолий Aмерика каби давлатларда истиқомат қилувчи деярли ер юзи аҳолисининг 1/6 қисмини ташкил етувчи ислом тарафдорларининг сиёсий фаоллиги ўсиши билан характерланади[3].

Рационал илмнинг юксакроқ даражаси кундалик ҳаётий тажриба ёрдамида эмас, балки ўқиш, турли фанлар асосларини ўрганиш, ўз соҳасига оид фан ютуқларидан хабардор бўлиш орқали шаклланади. Иррационал илм аниқ далилларни ноаниқ, тахминий далиллар билан аралаштириб юбориш, баъзан ғайритабиий, хурофот ва бидъат, мистика, ботил қарашлар ва бирёқлама муросасиз ҳиссиётга берилиш туфайли пайдо бўлади. Эътиқоднинг илғорлиги ёки қолоқлиги, инсонпарварлиги ёки худбинлиги, либераллиги ёки тоталитарлиги ва бошқа кўплаб хусусиятлари унинг мазмунини ташкил этувчи илмга боғлиқ. Иккиланиш ва шубҳа билан қаралган илм эътиқод эмас. Илгари инсон қаттиқ ишонган тушунчаларга, ғояларга нисбатан ҳаётий тажрибаси, билими ортиши, илм-фан тараққиёти натижасида шубҳа туғилса, улар эътиқод мақомини йўқотади.

Эътиқоднинг яна талай унсурлари бор. Эътиқод муайян ғоялар ва қадриятларни фаол қабул қилиш, севиш, ихлос қўйиш, уларга юқорида таъкидланганидек, ўз фаолиятини, ҳаётини мослаштириш, содиқлик кўрсатишдир. Унинг негизида турувчи ишончнинг ўзи муайян ғоялар, таълимот, қадриятларга ижобий эмоционал (ҳиссий) муносабатдир. Бу ҳиссий муносабат, яъни ишонч ҳам рационал ва иррационал бўлиши мумкин.

Олимларнинг фикрига кўра, рационал ишонч шахснинг фаол ҳаракатига, яратувчилигига таянади. Унинг негизида турган ғоя, таълимот, идеал тўғри ёки хато, ҳаётий ёки ҳавойи, хаёлий бўлиши мумкин. Лекин шахс унга сидқидилдан ихлос билан интилади, эришиш йўлларини излайди, ижод қилади. Натижада у ўша мақсадга етолмаса хам, маълум самарага эришади, фаолияти изсиз кетмайди[4].

Иррационал ишонч шахснинг ижодий пассивлигига, фармонбардорлигига, мутаассиблигига таянади. Бундай шахснинг тафаккури мустақил эмас, ўзгалар, обрўли кишилар фикрига қарам. Улар бошқаларнинг иродасига кўр-кўрона бўйсунадилар, тўғри ёки нотўғрилигини, ижобий ёки салбий оқибатларга олиб келишини ўйлаб ўтирмайди. Рационал ишонч ўз кузатишларига, мушоҳада ва хулосаларига асосланган тафаккур мустақиллигини, яъни эътиқод эркинлигини билдиради, деган эди ХХ асрнинг машҳур алломаларидан бири Эрих Фромм.

Ишончнинг, бинобарин, эътиқоднинг рационаллик ва иррационаллик мезонини тараққиёт заруратидан излаш керак. Ғоялар, меъёрлар, таълимотлар, умуман, илм тарихий тараққиёт талабларига, инсон ва жамият юксалишига қанчалик мос келса, эътиқод, ишонч шунча рационаллик касб этади, амалий самараси ижобий бўлади. Агар тарихий заруратга мос келмайдиган, ҳаётдан ортда қолган илмга қатъий ишонилса, ихлос қилинса, бундай эътиқод ижобий самара бермайди, ҳатто жамиятда, одамлар ўртасида турли заддиятларни келтириб чиқаради, тинч-тотув ҳаётга, миллий жипсликка путур етказади.

Илм эътиқоднинг ҳаётийлик мазмунини, ишонч эса унинг ҳаётийлик кучини ташкил қилади. Эътиқод дунёқарашнинг, бутун маънавият тизимининг ўзаги ўлароқ, инсоннинг борлиққа, ҳаётга муносабатини, хулқ-атвори, саъй-ҳаракати, фаоллигини белгилайди. Фаоллик учун, айниқса, ижодкорлик учун фақат ишончга асосланган илм баъзан камлик қилади. Ижодкорлик ва самарали фаоллик ишончнинг ихлос ва ишқ билан бойитилишини тақозо этади.

Одатда, ихлос бирор ғояга, назарияга ёхуд санъат асарига, ижтимоий қадриятга, унинг муаллифи ёки тарғиботчисига кўнгил қўйиш, интилишдир. Салбий нарсага, ботил ғояга «кўнгил қўйиш», ҳатто, ижобий нарсага ахлоқийлик чегарасидан чиқиб, меъёридан ортиқ интилиш асло ихлос эмас, у ҳирс, нафс, ёки мутаассиблик дейилади. Бировнинг тазйиқида кишида самарали, ижобий ихлос шаклланмайди. У шахснинг ўз мойиллиги, онгли ёки онгсиз эркин танлаши асосида қарор топади.

2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Мен БМТ минбаридан туриб ҳам, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишларида Ислом поклик дини эканлиги ҳақида гапирдим. Биз кимнинг авлодимиз? Биз Имом Бухорий марказини ташкил қилдик. Тошкентда Ислом цивилизация марказини ҳамда Ислом академиясини туздик”[5], деган фикрни илгари сурди.

Сохта, вайронкор ихлос нотўғри тарбия ҳамда билими ва ҳаётий тажрибаси кам кишиларнинг тажовузкор тарғибот тузоғига тушиши оқибатида шаклланади. Лекин бундай кимсалар ҳам ботил ғояга интилишни, адашса-да, ихтиёрий, эркин танлайдилар. Ҳақиқий ихлос кўнгил қўйган ғояси ва таълимотига холис хизмат қилишни, зарур бўлса, бутун умрини бағишлашни, шахсий фойда, манфаат изламасликни англатади. Ҳар қандай ғараз – у моддий бойлик орттиришми, юқори лавозимдан умидворликми, қатъий назар ихлосни барбод этади, эътиқодни сохта эътиқодга айлантиради[6].

Илм-фан, адабиёт ва санъат даҳолари, буюк файласуфлар, мутафаккирлар орасида ихлос қўйган ғоясига ўз умрини бағишлаганлар тарихда кўп ўтган. Уларнинг аксарияти жуда камтарона, баъзилари анча қашшоқ кун кечирган. Аммо танлаган йўлидан, ҳақиқатга, эзгуликка, адолатга хизмат қилишдан қайтмаган. Шу боис улар исмини, қилган ишларию ёзган асарларини дунё халқлари эъзозлаб келади, улар билан фахрланади.

Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқларининг яна бир эътиборли жиҳати шундаки: “Биз муқаддас динимизни зўровонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”[7], деган пурмаъно сўзлар ислом динининг покиза, бағрикенглик дини эканини намоён этдилар.

Мустақил фикрлаш ва холислик асосида шаклланган эркин ихлос бутун эътиқодга, маънавиятга эркинлик ва ахлоқийлик бахш этади. Ҳақиқий эркин ихлос инсонни тарбиялайди, ўзида яхши фазилатларни шакллантиришга, фозил шахслардан ибрат олишга, ҳавас қилишга ундайди. Муте, авторитар ихлос бировга кўр-кўрона тақлид қилишга, ихлос қўйган шахсга сиғинишга, ўз қарашларига мос келмаган ҳар қандай далилларни мутаассибларча инкор қилишга, ғоявий мухолифларига нафрат ила қарашга асосланади. Эркин ихлос эътиқоднинг «инсонийлик» қиёфасини белгилайди, уни кўнгил ҳодисасига айлантиради.

Ихлос қотиб қолган тушунча эмас. У ҳам илм ва ишонч каби бойийди, қашшоқланади, ўзгаради, ривожланади. Баъзан инсоннинг ихлос қўйган нарсасидан илми кенгайиши, чуқурлашиши натижасида ёки ишончи оқланмагани, ёки бошқа сабабларга кўра, кўнгли совийди. Баъзан эса, аксинча, инсоннинг ихлоси янада ортади, кучаяди. У ихлос қўйган нарсасидан ахлоқий таянч топиши қаторида гўзаллик ва ақлий завқ-шавқ туяди. Ҳис-ҳаяжони эҳтиросга айланади.

Бу, аслида, ихлоснинг юксалиб ишққа айланишидир. Ишқ инсон маънавий дунёсини бойитади, кучайтиради. Инсонни ижодкор, яратувчи шахсга айлантиради. Ишқнинг яна бир муҳим хусусияти идеални шакллантиришдир.

Идеал инсон ва жамиятнинг мукаммаллик тўғрисидаги тасаввурларидир. Инсон ўз фаолиятини, турмушини яшаётган муҳити ва жамиятини ёки ихлос қўйган, ишқи тушган шахсни, асарни хаёлан ўзининг мукаммаллик тўғрисидаги тасаввурлари билан қиёслайди. Ўз фаолиятини, ижодини, яратаётган қадриятини идеалга мослаштиришга ҳаракат қилади[8].

Шундай қилиб, эътиқод таркибига илм, ишонч, ихлос, ишқ ва идеал киради. Улар яхлит эътиқод тизимида ўзаро узвий боғлиқ, бир-бирига таъсир кўрсатади, бойитади… ҳамда ҳар бири эътиқодга таъсир кўрсатади, маълум вазиятларда бутун эътиқоднинг ўрнини босади.

Ўзбекистон – дунёвий давлат, унда 16 диний конфессияга оид 130 дан ортиқ турли миллатлар ва элатлар яшайди. Конституциямизнинг 31, 12-моддаларида виждон эркинлиги ҳамда фикрлар хилма-хиллиги, ҳеч бир мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилмаслиги кафолатланган.

Конституциявий меъёрларни юзага чиқариш мақсадида тегишли қонунлар қабул қилинган, улар мунтазам такомиллаштириб, бойитиб, кенгайтириб берилмоқда. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун илк бор 1991 йилнинг 14 июнида, яъни ҳали Ўзбекистон мустақиллик учун курашаётган пайтлардаёқ қабул қилинган эди. Бу қонун кейин мустақиллик йилларида янги таҳрирда қайта қабул қилинди. Ҳозир ҳам бугунги ижтимоий онг даражасини, замонавий ички тарраққиёт ва геосиёсий жараёнлар тенденцияларини, Ўзбекистоннинг халқаро аҳволи ва алоқаларини ҳисобга олиб, мазкур қонунни такомиллаштириш эҳтиёжлари мавжуд.

Конституциямиз эътиқод эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини юзага чиқарувчи қонунлар мажмуаси умуммиллий жипсликни таъминлашга, Ўзбекистонда яшовчи барча халқларга ўз миллий-маданий, диний, инсоний эҳтиёжларини ҳеч қандай тўсиқларсиз қондириш учун зарур ҳуқуқий баъза бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш, равнақ топтириш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда, миллий ғояда белгиланган мақсадларга эришиш йўлида барча фуқароларни бирлаштиради ҳамда эҳтимолдаги баъзи диний ва миллий зиддиятларнинг олдини олади.

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказга ташриф буюриб, “Муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қураяпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”[9], деб таъкидлади.

Халқимизда доно мақол бор: «Бир кун жанжал чиққан уйдан, қирқ кун барака қочади» Мамлакат миқёсида-чи? Айрим мамлакатлардаги низоларнинг, можароларнинг оқибатини эшитиб, ТВ орқали кўриб турибсиз!

Эътиқод эркинлиги таъминланмаган мамлакатларда инсон ҳуқуқларини, эътиқоди ва қарашларини чеклашлар, ўзгача фикрлайдиганларни таъқиб, қатағон қилишлар кузатилади[10].

Совет тузуми даъво қилган эътиқод эркинлиги аслида пуч нарса эди. Эътиқод совет шароитида синфий, партиявий қарашларнинг мужассам ифодасини англатарди. Фақат эски чоризм даврида шаклланган ва уруш йиллари яқинларини йўқотган кекса авлоднинг диний эҳтиёжларини қондириш учунгина айрим диний ташкилотлар фаолиятига рухсат бериш мумкин, аммо уларни йилдан-йил чеклаб, қисқартириб бориш лозим деган ҳулосаси ва сиёсати иккиюзламачиликнинг, вақтинчалик муросагўйликнинг ифодаси эди.

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Равшанов Рафаэл

[1]Шуҳрат Ёвқочев. Жаҳон сиёсатида ислом омили.Тошкент давлат шарқшунослик институти, 2016. –Б.5

[2] Шавкат Мирзиёев. https://old.xs.uz/index.php/homepage/rasmij/item/8640-zbekiston-respublikasi-prezidenti-vazifasini-bazharuvchi-shavkat-mirzijoevning-islom-amkorlik-tashkiloti-tash-i-ishlar-vazirlari-kengashi-43-sessiyasining-ochilish-marosimidagi-nut-i

[3] Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизatsiя ва ислоҳ этишдир. –Тошкент: Ўзбекистон, 2005. – Б.23.

[4] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент: Ўзбекистон, 2008. – Б.145.

[5] Шавкат Мирзиёев. http://fitrat.uz/shavkat-mirziyoev-islom-poklik-dini/

[6] Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. –Тошкент: Ўзбекистон, 1996. 2-ж. – Б.16.

[7] Шавкат Мирзиёев. https://naqshband.uz/makolalar/dunyo-nigohi

[8] Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизatsiя ва ислоҳ этишдир. –Тошкент: Ўзбекистон, 2005. – Б25.

[9] Шавкат Мирзиёев. https://sputniknews-uz.com/20220408/shavkat-mirziyoev-islom-tsivilizatsiyasi-markazga-tashrif-buyurdi-23863598.html

[10] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент: Ўзбекистон, 2008. –Б.78.

310660cookie-checkДавлат ва дин муносабатларининг сиёсий жиҳатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: