Аёли кетма кет қиз туғаверди. Биринчиси қизтуғилганида эри унча парво қилмаган эди. Аммо кейингилари ҳам қиз бўлавергач унинг авзойи ўзгара бошлади. Ҳеч кимга ҳеч нима демасада “Наҳотки мен дунёдан ўғилсиз ўтаман ?” деган савол унинг ич-ичини кемирарди. Кексайиб қолган онаси ҳам ярасига туз сепаверади: “Дунёдан шундай ўтиб кетаверасанми? Пешананг шўрбўлмаса хотинингнинг пушти қизга тўла бўлармиди?!”
Бу дийдиёга опа–сингиллари ҳам қўшилди: “Битта–ю битта акамиз ўғилсиз ўтиб кетадими энди дунёдан? Одамларнинг тўйини еб юрибсиз. Сиз ҳам тўй беришингиз керак. Сизга келганда авлодимиз тугайдими?”
Ошналари билан бўкиб ичиб аламини ичкиликдан олмоқчи бўлди. Уларнинг гаплари ҳам ярасини баттар ловуллатади: “Ошна, эркак киши ўғил туғдиради. Юрибсанда сен ҳам бир хотину бир уй қизларингнинг юзига қараб…”
Тутаб ётган ўтинга пуф берилса гуриллаб ёнаркан. Унда ҳам шундай бўлди. Онасининг, опа-сингилларининг, ошналарининг гапига кириб иккинчи марта уйланди. Келин бўлмиш ҳам ёш эмас, нари борса хотинидан тўрт-беш ёш кичик. У билан поездда танишиб қолди-ю, иккиси бир умрга бир-бирига содиқ бўлишга сўз беришди. Икки-уч ой уни хуштор қилиб юрди-ю, кейин шартта уйланиб олди.
Уйидан кетаётганида хотини аламини ичига ютди, аммо бир сўз деди:
– Болаларимнинг уволи тутишидан қўрқмайсизми?!
Хуштордан хотинга айланган аёл унга тўққиз ойдан кейин ўғил туғиб беришга ваъда бериб турган пайтда бу гаплар унинг қулоғига кирармиди. Чиндан ҳам кўчада топишгани унинг қулоғига ҳар кун шивирларди: “Сизга қўчқордек эгизак ўғил туғиб бераман, мана кўрасиз! Ҳасан-Ҳусан!”
Ойлар ўтаверди. Негадир янги хотини ҳадеганда бошқоронғи бўлавермади. Онаси, опа-сингилларининг “Янгилик борми?” деган саволидан ерга кириб кетгудай бўлаверади. Янги хотинидан бир-икки марта ўзи ҳам сўради. Ниҳоят, янги хотини суянчи олди: “Яқинда дадажон бўласиз! Дўхтирлар эгизак дейишди. Ҳисоблатиб кўрдим — ўғил экан!”
Қувончидан дўпписини осмонга отгудай бўлди. Ниҳоят, у ҳам ўғил кўради. Элга ош беради, устидан кулганларга кўрсатиб қўяди ҳали. Унинг авлоди тугамайди!
Хушхабарнинг суюнчисига янги хотинига тилла узук-сирға олиб берди, бошдан – оёқ кийинтирди. Биринчи хотини кетма кет туққанида ақалли рўмол ҳам олиб бермаганди. Кун сайин янги хотинининг эркаликлари, инжиқликлари ортиб борарди: “Кўнглим мазали таомлар тусаяпти… Анави қўшни келиннинг устидаги кўйлакдан менга ҳам олиб беринг...Тиллачи аёл бир чиройли занжир опкелибди…” У эса хотинининг кўнглига қарайди. Етмишдан ошган кекса онанинг ҳам оғзи қулоғида:
– Хотинингни кўнгли нимани тусаса олиб бер, ўғлим. Бошқоронғи аёлнинг кўнгли нозик бўлади. Тағин ўғилларинг кўзи кўк туғилмасин. Қариганда суюнтирганинг рост бўлсин, илойим!
Опа-сингиллари ҳам хурсанд: “Акам ўғлига тўй берса бир маза қилиб ўйнайлик! ”
Бир гал хотини гинекологга бораётганида у ҳам қўшилиб олди. Хотинининг қовоқ-тумшуғи осилиб кетди: “Сизга нима бор аёлларни орасида?” Аммо у парво қилмади. Врач хонасига бир соатча кириб кетган хотини ниҳоят чиқди. Қўлида аллақандай қоғоз.
– Қон таҳлили топширишим керак экан…- деди хўмрайиб. Хотини таҳлилхонага кетиши билан эркак врач хонасига кирди.
– Дўхтир, ҳозиргина чиқиб кетган аёл менинг хотиниим бўлади. Айтингчи, ҳомиланинг аҳволи яхшими? Соғлом туғилишадими, ишқилиб?
Врач аёл унга ғалати қаради, сўнг гап нимада эканлигини англади шекилли, сўз бошлади:
– Аёлингиз фарзанд кўра олмайди. Аввалги турмушидан ҳомиладор бўлганида бачадони олиб ташланган. Бир соатдан буён менга сунъий ҳомила қўйиб беринг, қанча пул керак бўлса бераман деб бошимни қотирди. Бунинг сир иложи йўқ, ука, тушунинг! Энди тақдирларингизда борини кўрасизлар.
Эркакнинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди, кўз олди қоронғилашиб, қалқиб кетди.
– Нима, билмасмидингиз?- гинеколог аёлнинг сўзи узоқлардан эшитилаётгандай бўлди.
Унинг кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, аммо қулоғида биринчи хотинининг сўзлари жарангларди: “Болаларимнинг уволидан қўрқмайсизми?”!!!