Тошкент ислом институтида қабул жараёнларини очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, турли нохолис фикрларни олдини олиш мақсадида “Коррупцияни белгиловчи омиллар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон фармони имзоланган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими А.Эргашев “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва унинг устивор йўналишлари” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва ТИИ бош юрисконсульти Ж.Низамов “Коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик” мавзуларида маъруза билан иштирок этди.
ТИИ ректор в.в.б. У.Ходжаев, тадбирни кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг, А.Эргашев ва Ж.Низамов барча замонларда жамият тараққиётининг кушандаси бўлган бу иллатнинг кўринишлари, турлари, коррупция, непотизм, таниш-билишчиликка қарши курашиш ва олдини олиш борасида юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда қонунчиликдаги ҳуқуқий меъёрлар тўғрисида тўлиқ маълумот бердилар.
Албатта, шариат ва дунёвий қонунчиликда ҳам баробар жиноят ҳисобланган порахўрликка қарши курашда битта ташкилот ёки органнинг имкониятлари етмаслиги мумкин. Лекин инсонларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ривожланар экан бу иллатнинг кенг тарқалишига чек қўйилади.
Суҳбатда коррупицион ҳолатлар айниқса таълим соҳасида бўлмаслиги учун барча имкониятларни ишга солиш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Агар қабул ва кириш имтиҳонларидаёқ порахўрликнинг олди олинса, ўқишга энг муносиблар киради, жамият ривожланади, ҳалоллик ва ҳақиқат юзага чиқади.
У.Ходжаев институт раҳбарияти номидан А.Эргашев ва Ж.Низамовга фойдали ва қизиқарли суҳбат учун миннатдорчилик билдирди.
ТИИ Матбуот хизмати