حدثنا شعبة قال الوليد بن العيزار أخبرني قال سمعت أبا عمرو الشيباني يقول حدثنا صاحب هذه الدار وأومأ بيده إلى دار عبد الله قال: “سألت النبي صلى الله عليه و سلم أي العمل أحب إلى الله عز و جل قال الصلاة على وقتها قلت ثم أي قال ثم بر الوالدين قلت ثم أي قال ثم الجهاد في سبيل الله قال حدثني بهن ولو استزدته لزادنى”. رواه البخاري.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бундай деганлари ривоят қилинган: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Амалларнинг қайси бири Аллоҳ азза ва жаллага энг севимлидир?”, деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Сўнг қайси?”, дедим. У зот: “Сўнг ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна “Ундан кейин қайси?”, дедим. У зот: “Аллоҳ йўлидаги жиҳод”, дедилар. У зот менга (сўровимга жавобан) шуларни айтиб бердилар. Агар мен яна сўрайверганимда, шубҳасиз, у зот яна жавоб бераверар эдилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадис шарҳи:
“Ўз вақтида ўқилган намоз” дан мустаҳаб вақтида ўқилган намоз назарда тутилган.
“Ота-онага яхшилик қилиш” дан бобо-момоларга ҳам яхшилик қилиш ирода этилган. Уларга яхшилик қилиш – уларнинг шариатга хилоф бўлмаган буйруғига итоат қилишдир. Чунки Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда бирор шахсга итоат қилинмайди.
Қайси амал афзаллиги тўғрисидаги ҳадислар таҳлили
Имом Қасталоний бундай деган: “Агар сиз “Бир ривоятда энг яхши амал оч-наҳор инсонларга таом бериш экани, бошқасида эса оз бўлсада давомли бўлган амал Аллоҳга энг севикли амалллиги айтилган. Энди бу учала ривоят орасини қандай жамлаймиз?”, десангиз, мен айтаманки, булардаги турлилик ўша ҳадислар айтилган вақтлар ёки ҳолат-вазитлар ёхуд ўша жойдаги шахслар эътиборидан бўлиб, (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир вазиятда уни ўзига муносиб амалини муқаддам қилиб, шуни энг севикли амал деб, ҳар бир қавмга уларнинг эҳтиёжи ёки рағбати бор амални ёхуд уларнинг ҳолатларига муносиб амални энг севикли деб ўргатганлар. Вақтлар ўзгариши сабаб бу амаллар ҳам бир пайтда иккинчи пайтдагидан афзал бўлиб ўзгариб турган бўлиши ҳам мумкин. Мана, масалан, исломнинг аввалида жиҳод энг афзал амал бўлган. Чунки у айнан мазкур фазилатли амалларни бажариш учун яъни исломни сақлаб қолиш учун асосий восита бўлган. Яна бир мисол шуки, умумий эътибордан (нафл-ихтиёрий) намоз ўқиш ихтиёрий садақа қилишдан афзал эканига далиллар бисёр. Шунга қарамай, ночор одамга ёрдам бериш вақтида нафл садақа нафл намоз ўқишдан афзал бўлади. …Қолаверса, бу ҳадисда тана аъзолари билан қилинадиган амаллар ҳақида сўз кетган. (Чунки иймон – қалб амали бўлиб, бу ҳар қандай амалдан афзал ва яхши амалларни асосидир). Шундай дейилса, бу ҳадис ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган “Амалларнинг энг афзали – Аллоҳга иймон келтиришдир”, деган ҳадис орасида ўзаро зидлик бўлмайди”. (Шарҳул-Қасталоний ала Саҳиҳил-Бухорий. 9/3).
Талаба ва устозларга амалий намуна
“Агар мен яна сўрайверганимда, шубҳасиз, у зот яна жавоб бераверар эдилар”. Бу гапда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Агар мен амалларнинг даражалари ёки инсон динида эҳтиёжи тушадиган бошқа нарсалар ҳақида яна кўпроқ савол бераверганимда, шубҳасиз, у зот ҳеч бир малолланишсиз яна жавоб бераверар эдилар”, демоқдалар. Ахир у зот иршод имоми – одамларни тўғри йўлга йўллаш учун Аллоҳ томонидан тайинланган пешво бўлсалар, қандай қилиб, ўзи билмаган нарсалари ҳақида кетма-кет саволлар берган кишига жавоб бермасликлари мумкин? Асло ундай бўлиши мумкин эмас. Ҳар қанча савол берилса ҳам, у зот заррача малолланмай, хуш феъллик билан жавоб берар эдилар. Бу ўринда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга раҳми келгани ва у зотнинг бироз тин олиб роҳатланишлари учун саволни тўхтатганлар, холос. Сўзимизнинг далилини Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўзидан ривоят қилган: “Мен яна кўп нарсалар ҳақида сўрашни У зотга раҳм қилганим учун (чарчаб, зерикиб қолмасинлар деб)гина бас қилдим”.
Дарҳақиқат, бу воқеада талаба ва ўқувчиларга – ҳадеб устоз ва мураббийларига савол беравериб, уларни қийнаб, зериктириб қўймасликларига, шунингдек, устозларга ҳам талабаларнинг саволларини – гарчи бир неча бор сўрасалар ҳам, модомики, зарарли ёки бефойда саволлар бўлмаса – бағрикенглик ила қабул қилишлари кераклигига амалий-намуна бўлган буюк кўрсатма бор.
Зоҳиран, асли жиҳод вақтида ўқилган намоз ва ота-онага яхшилик қилишдан муқаддам қўйилиши керак. Чунки ундаги машаққат катта, унда ҳам моли, ҳам жонини фидо қилиш бор. Лекин жиҳод муайян вақтлик вазифадир. Намоз ва ота-онага яхшилик қилиш доимий вазифадир. Бу икки амал машаққатига сабр қилиш даражаси жанг майдонлари ва душманлар қаршисидаги қийинчиликлар сабридан паст бўлса-да, лекин йиллар бўйи намоз ўқиб, ота-онага яхшилик қилишда бардавом бўлиш уларнинг машаққатини жиҳод машаққатидан юқори қилиб, уларнинг даражасини жиҳодни даражасида юксалтириб юборади. (Ал-адабун-Набавий. Шозилий. Дорул-маърифа нашриёти. Байрут. 95-бет).
Хулоса ўрнида:
Бугунги куннинг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу каби илмга чанқоқ ёшлари ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларини Набийларнинг меросхўрлари бўлмиш уламолардан сўраб, бугунги кунда нималарга амал қилиш муҳимлигини билиб, шунга кўра амал қилишлари ҳадиси шарифга мувофиқ йўл тутиш бўлар экан. Афсуски, ота-оналарини норизо қилиш эвазига – ислом душманларига қарши курариш учун эмас, балки ислом душманларининг режаси асосида мусулмон халқлар устига жиҳод қилишга даъват қилувчи қўғирчоқ “олимлар” даъволарига эргашиш мутлақо ҳадиси шариф ва ояти каримларга зид экан. Бунинг учун аввал илм олиш, ҳадисларнинг шарҳларини мўътабар манбалар асосида ўрганиш зарур экан. Ҳар бир инсон мазкур ҳадисда баён қилинганидек, намозларини ўз вақтида тўкис адо этса ва ота-оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлса, иншаалоҳ, икки дунёда саодатли ҳаётга эришар экан.
Аллома, муҳаддис Ниёз Муҳаммад Миваатий Навҳий раҳимаҳуллоҳнинг “Ад-дуррул-муназзад фий шарҳил-Адабил-муфрад” китоби (Шайх Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳ “Таҳзиб ва таҳзиб” номи билан нашрга тайёрланган) асосида тайёрланди.