islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Амаллар ниятларга кўрадир

“АРБАЪИЙН АН-НАВАВИЙЯ” ҳадислари шарҳлари:

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг шарҳлари асосида

Амаллар ниятларга кўрадир

عن عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ سمعت رَسُول اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يقول «إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّات وَإِنَّمَا لكل ِامْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَتَزَوَّجُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ». متفق على صحته.

 

Ҳадиснинг таржимаси:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Амаллар  ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур. Кимнинг ҳижрат (қилишдан мақсад)и Аллоҳ ва Расули(нинг розилиги) учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули(нинг розилиги) учун бўлибди. Кимнинг ҳижрат(дан мақсад)и унга эришадиган дунё ёки уйланадиган бир аёл бўлса, бас, унинг ҳижрати ҳижрат қилганигадир”. (Муттафақун алайҳ: Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Ҳадиснинг аҳамияти:

“Амаллар  ниятларга кўрадир…”. Бу ҳадис исломнинг энг буюк асосларидан биридир. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ буюк имомлардан нақл қилар экан, ушбу ҳадис исломнинг учдан бири эканини зикр қилган. Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳ “Умдатул-қорий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий” асарида бунинг мазмунини “Чунки ислом(нинг барча ибодат, одоб-ахлоқ ва муомалот: никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ ва бошқа масалалари) сўз, феъл-амал ва ниятдан иборатдир. Демак, ният исломнинг учдан бири экани шундан. Бу ҳадис шу маънони ўзида мужассам этган”, деб изоҳлаган. Ҳофиз Ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ “Ким китоб ёзмоқчи бўлса, уни ушбу ҳадис билан бошласин. Агар мен китоб ёзсам, унинг ҳар бир боб-бўлимини ушбу ҳадис билан бошлаган бўлар эдим”, деган. Абу Бакр ибн Доса бундай деган: “Мен Абу Довуднинг “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан беш юз минг ҳадисни ёзганман. Уларнинг ичидан ҳукмларга оид тўрт минг саккиз юз ҳадисни танла(б уларни “Сунан” китобимга кирит)дим. Зуҳд-зоҳидлик ва фазилатларга оид ҳадисларни ривоят қилмадим. Шулардан тўртгина ҳадис инсоннинг динига кифоя қилади. Биринчиси “Амаллар ниятларга кўрадир…”. Иккинчиси “Ҳалол ҳам очиқ-ойдин, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир…”. Учинчиси “Киши ўзига тегишли бўлмаган нарсани тарк этиши – унинг исломи(й ахлоқи) гўзаллигидандир”. Тўртинчиси “Мўмин киши то ўзига рози бўлган (яхши кўрган) нарсасини биродарига ҳам рози бўлгунича комил мўмин бўла олмайди”, ҳадисидир”, деганини эшитганман[1].

 

Ҳадис луғатлари шарҳи:

Аллома Байзовийнинг тафсир-шарҳига кўра, ният қалбни  ўзи бир мақсадга мувофиқ деб билган нарса томонга ошиқиб, юзланишидир. У мақсад айни дамда ёки келажакда бирор наф-фойдани жалб этиш ёки зарарни даф этиш бўлиши мумкин. Шариъат эса ният – Аллоҳнинг розилиги умидида ва Унинг ҳукмига бўйсуниш ўлароқ – бир феъл-амалга йўналтирилган ирода, деб хослаган яъни луғавий маъносидан фарқлаган. Бу ҳадисдаги ният луғавий маъносига йўйилса, ўзидан кейинги иборалар билан уни мувофиқлаштириш ва муҳожир-ҳижрат қилувчи шахснинг ҳолатларини бир неча турга ажратиш (ва уларни ўзига хос баҳолаш) ўз ўрнига муносиб тушади. Зеро, кейинги иборалар ниятнинг қайси маъноси назарда тутилгани борасидаги мубҳамликнинг тафсилотидир.

Ҳижрат сўзининг луғавий маъноси ниманидир тарк қилишдир. Истилоҳий маъноси эса фитнага учраш(жони, моли, динига дахл ва тажовуз қилиниш) хавфи бўлган куфр диёрини тарк этиб, ислом диёрига кўчиб ўтишдир. Бу ҳадисда Макка фатҳ бўлишидан илгарги даврда Макка ва бошқа жойдаги мазлум мусулмонларнинг Мадинага кўчиб ўтишлари назарда тутилган[2].

Ҳадиснинг маъноси борасида батафсил баҳс:

 

Ҳадис иборасининг тақдирий тузилмаси “Амалларга ниятларга кўра савоб берилур” бўлади. (Бу ерда араб тили қоидасига оид сўз кетмоқда. “Ба” ҳарфи ибораларда ҳамиша бир сўзга боғлансагина ўзининг маъносини ифода этади. Боғланмаслиги мумкин эмас. У сўз баъзида иборадаги феъл ёки сифатдошнинг ўзи бўлади. Жумлада бу ҳадисдагидек, феъл ва сифатдош бўлмаган ҳолда у сўз тақдирида бор деб фараз қилинади. Шундай қилинмаса, гап тўғри бўлмайди. М: ҳадисимиздаги “Иннамал-аъмолу бин-нийёти” иборанинг сўзма-сўз таржимаси “Амаллар ниятлар билан”, деганидир. Буни тўғридан-тўғри тушуниш иложсиз. “Хўп, бу нима дегани, амаллар ниятлар билан нима бўлади?”, деган ҳақли савол туғилади. Ўша “нима бўлишини”  ундаги “ба” ҳарфини боғланиш ўрни бўлган тақдирий яъни  тушириб қолдирилган сўз қанақа сўзлигига асосан баён қилиш мумкин. Ўша сўз “савоб берилур” деган феъл экани айтилмоқда. Тарж).  Демак, одам яхши амалига ҳам ундан Аллоҳнинг розилигини ирода қилсагина савоб олар экан. Ҳадисдаги “амаллар” сўзида  машруъ-шариат буюрган амаллар кўзланган. Унга ҳижратни мисол келтирилиши шуни билдиради. Шариатда буюрилмаган  амалларни инсон яхши ниятда қилсада, савоб берилмайди. Машруъ амаллар вожиб бўлсин, суннат бўлсин, мубоҳ бўлсин, уларга ниятга яраша ажр берилади. Тўғри, мубоҳ амалларга савоб ҳам, жазо ҳам йўқ. Лекин инсон уларни яхши ниятда қилса, савоб бўлади. Масалан, ейиш мубоҳ-ихтиёрий. Лекин киши яхши ишларга қувватланиш ниятида таом еса, савоб олади.

Ҳадиснинг бош мақсади яхши амалларни Аллоҳ учун холис қилиш, уларни риё-элга кўрсатиш, сумъа-эшиттириш қоришмаларидан ва дунёвий ғаразлардан поклаш шартлигини таъкидлашдир. Олимлар (раҳимаҳумуллоҳ) ният ва ихлоснинг  ҳақиқати ва уларга қоришувчи қоришма-иллатларнинг ҳукми борасида кўп ва хўп ёзганлар. Бу борадаги энг тиниқ ва теран гап – Имом Ғаззолийнинг сўзидир. У зот айтадилар: “Билки, илм агар Аллоҳ таолони розилиги учун холис бўлмаса, балки унга риё ёки нафснинг улушлари каби қоришмалар аралашса, олимлар бу илм савобни тақозо қиладими ёки жазони тақозо қиладими ёхуд ҳеч нарсани тақозо қилмай, унга фойда ҳам, зарар ҳам бўлмаслиги борасида турли гаплар айтганлар. Аммо кимки, илм олишдан риёни кўзлаган бўлса, бу унинг зарарига экани ва Аллоҳнинг ғазаби ва жазолашига сабаб экани қатъий гапдир. Аммо Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис олинган илм эса савобга эга бўлишнинг сабабидир. Юқоридаги риё ёки сумъа қоришган ният борасида ихтилоф бор. Хабарларнинг зоҳири унга савоб йўқлигини билдиради. Лекин хабарларнинг ўзларида ҳам бир-бирига зидлик ҳам йўқ эмас. (Каминанинг фикрида барқ уриб) Ойдинлашаётган хулоса шуки, яна Аллоҳ билувчи – илм олишга боис-истакнинг кучи миқдорига қараш керак. Агар диний боис-истак дунёвий боисга тенг бўлса, улар ўзаро курашадида, иккиси ҳам қулайдилар: натижада бу амал ўз эгасига на фойда, на зарар бўлади. Агар риё истаги кучли ва ғолиб бўлса, у фойдали бўлмаслиги билан бирга зарарли ва жазога олиб борувчи бўлади. Тўғри, бундаги жазо буткул риё учун бўлган, Аллоҳга яқинлашиш нияти-қоришмаси бўлмаган амалнинг жазосидан енгилроқ бўлади. Агар Аллоҳга яқинлик истаги нариги истакдан ғолиб ва ортиқ бўлса, унга шу диний истак кучининг ортиқчалик миқдорича саоб бўлур. (М: бир кишининг илм олишдан мақсадининг 60% миқдорида диний боис-истак яъни Аллоҳга яқинлашиш нияти бўлса, 40% да эса риё ва сумъа боиси бўлса, бу одам энди шунда 20% ниятига савоб олади. Тарж). Бу (мезон) Аллоҳ таолони “Бас, кимки (дунёда) зарра

миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар“, (“Залзала” 7/8) ва “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур“, (“Нисо”: 40) оятлардаги сўзига мувофиқдир. Шундай экан, унинг яхшилик мақсади зое қилинмаслиги, балки у риё мақсадидан кўпроқ бўлса, майли, унинг риё миқдорича бўлгани бекор бўлсада, ундан ортиб қолган қисми(га савоб) бўлади. Агар яхшилик нияти кам бўлса, у энди мазкур бузуқ мақсаднинг жазоси сабаб ўлароқ, бекор бўлади, чиппакка чиқади”[3].

Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур…”.

Бу ибора ҳақида Имом Нававий бундай деган: “Олимлар (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  “Амалларга ниятларга кўра савоб берилур” иборасидан сўнг бу “Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур” иборани айтишларини фойдаси бор. У ният қилинмиш(амал)ни аниқ-тайин қилиш шарт эканидир. Агар бир инсоннинг қазо намози бўлса, уни ўқишда “қазо намоз” деб ният қилишининг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўша намозни пешин ёки бошқа эканини ният қилиши шарт бўлур. Агар шу иккинчи ибора бўлмаганида эди, бинринчи ибора бу ҳолда ният қилинмиш (қазо намоз) аниқ айтилмаса (пешин ёки асрнинг қазоси дейилмаса) ҳам дуруст бўлишини тақозо қиларди ёки шуни хаёлга келтирар эди”[4].

Имом Самъоний ўзининг “Ал-амолий” асарида қуйидаги маънони ифода этган:

“Ҳадисдаги биринчи ибора тоат-ибодатларга савоб олиш учун ихлос шартлигини билдиради. Иккинчиси ибодатдан ташқари амалларда – агар уларни бажарувчиси қурбат-Аллоҳ таолога яқинлашишни ният қилмаса – савоб бўлмаслигини билдиради. Масалан, таом ейишдан тоатга қувват олишни ният қил(са, савоб олишию, ундай ният қилмаса, савобсиз қоли)ишга ўхшайди”[5]. Бу гап шу икки ибора орасида қандай фарқ борлиги тўғрисида айтилган энг равшан гапдир…

 Ёки уйланадиган бир аёл бўлса“…

Аллома Ибн Дақиқил-ийд бундай деган: “Ҳадисда аёл деб алоҳида хосланишининг сабаби шуки, ҳадис Умму Қайс деган аёлнинг ишқида ҳижрат қилган киши қиссаси ҳақида айтилган. Бу қиссани Саид ибн Мансур Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилган: “Ким нима истакда  ҳижрат қилса, унга шу бўлур. Бир киши Умму Қайс деган аёлга уйланиш учун ҳижрат қилган эди. Натижада уни “Умму Қайснинг муҳожири”, дейилди.

Имом Табароний “Ал-муъжамул-кабир” китобида ушбу воқеани бошқа тариқдан Аъмаш раҳимаҳуллоҳдан қуйидагича  ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “(Маккада яшаб турган кезларимиз) Орамизда Умму Қайс исмли бир аёлга совчи бўлган киши бор эди. Ҳижратга буюрилгач, Умму Қайс совчиларга ҳижрат қилмоқчи экани, агар у киши ҳижрат қилмаса, унга турмушга чиқмаслигини маълум қилди. Шунда ҳалиги киши Умму Қайсга уйланиш учун ҳижрат қилди ва унга уйланди. Сўнг биз унга “Умму Қайс учун ҳижрат қилган – муҳожир” деб ном қўйиб олган эдик”[6]. Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул-Борий”да “Ушбу ривоят исноди икки шайх – Бухорий, Муслим – шартига кўра саҳиҳ эканини айтган…”[7].

…Бас, унинг ҳижрати ҳижрат қилганигадир“.

(“Юқорида ҳақиқий ҳижрат Аллоҳ ва Расули учун бўлиши айтилган эди. Энди бу иборани такрорлашдан мақсад нима, бу нима маънода?” дейилса, жавоб қуйидагича): Бу иборани ифодаси ниятнинг ҳар қандай турини қамраб, ҳар қандай ҳижратнинг ҳукми ҳам ниятга кўра бўлиши, бирор аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилиш у одамни жазога гирифтор этмаслиги, балки (бу ниятда ҳижрат қилиш мубоҳ-ихтиёрий бўлсада, лекин) ажр-савобдан қуруқ қолдиришини билдиради. Агар ниятда қурбат қоришмаси ва дунёвий мақсад аралаш бўлса, юқорида айтилганидек, унда кучли боис-истак  эътиборга олинади. Валлоҳу аълам[8].

Таржимон: Баҳодиржон Баҳромжон ўғли

[1]. Умдатул-Қорий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий. Бадруддин Айний. 1/27.

[2]. Ўқувчига тушунарли бўлиши учун “Ҳижрат” сўзининг луғавий ва шаръий маънолари бошқа манба “Ал-Вофий фий шарҳил-Арбаъийн ан-Нававийя” даги таъриф асосида қўшимча қилинди. Тарж.

[3]. Иҳёу улумиддин. Имом Ғаззолий. 4/372.

[4]. Шарҳу Саҳиҳи Муслим. Имом Нававий. 13/53.

[5]. Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий. Аҳмад ибн Али (Ибн Ҳажар) Асқалоний. 1/14.

[6]. Ал-Футуҳот ар-Раббонийя. Ибн Аллон. 1/60.

[7]. Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий. Аҳмад ибн Али (Ибн Ҳажар) Асқалоний. 1/10.

[8]. Ҳадис шарҳи аллома, шайхул-ҳадис Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг “Такмилату Фатҳил-мулҳим бишарҳи Саҳиҳил-Имом Муслим” асари: 3-жуз, 250/252 бетлари таржимасидир.

317910cookie-checkАмаллар ниятларга кўрадир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: