islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

СИЙРАТ ФАНИ БЎЙИЧА ИЛК ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ (ёхуд «Нурул яқийн»га нур бахш этган таржима)


«Нурул яқийн» китоби дунё мусулмонларига яхши таниш. Кўп олийгоҳ ва мадрасаларда дарслик этиб тайинланган. Жумладан, Ўзбекистондаги барча мадрасаларда Сийрат фанидан асосий манба ҳам «Нурул яқийндир. Мадраса талабаларининг араб тилини ўзлаштириш даражалари бошланғич савияда бўлгани учун уни мутолаа қилиш мушкуллиги ҳам йўқ эмас. Талаба бошланғич босқичда бор эътиборини фақат луғат ёдлаш ва сўз бирикмалари таҳлили, жумлалар мазмунига қаратади. Бу эса «Нурул яқийн» каби Сийрат фани китобининг асосий мақсад ва мазмунини қамраб олишга халал беради. Баъзи устозлар бизда «Нурул яқийн» мутолаа фанига оид китобдек бўлиб қолганини ҳам айтадилар. Талабалар ҳам Сийрат фани дарслиги мавзуларини тўғри ва тўлиқ очиб берувчи таржима ҳанузгача йўқлигидан бу китобни тўлиқ ўзлаштира олмаётганларини арзи ҳол этадилар. Бугунги кунга қадар бизда чоп этилганлари табдил ва бадиий таржималар қаторига киради. Албатта, халқимиз узоқ йиллардан буён шу нашрлардан Сийратни ўрганиб, кўплаб манфаат олиб келмоқда. Бироқ, талабалар учун бу етарли эмас эди…

Куни кеча устоз Абдул Азим домла «Нурул яқийн»нинг таржимасини бошлаб, ҳозирда унинг Макка даврини якунига етказганлари хушхабарини айтиб қолдилар. Устознинг бу фан бўйича салоҳиятларини ўн йил бурун бизга дарс берганларидан буён яхши билганим учун ҳали таржимани кўрмасимдан бу хизматларидан хурсанд бўлиб, муборакбод этиб, кўпчилик дилига тугиб юрган орзу рўёбга чиққанини айтдим. Сўнг китобга тақриз ёзиб беришимни сўраб, мени анча танг аҳволга қўйдилар. Бундай салмоқли ишларга катта устозлардан фикр олиш маъқуллигини билдириб узр сўрасам, улар ҳам сўзбоши ёзиб беришларини айтиб, ихтиёрий-мажбурий тарзда ёзиш масъулиятини менга юкладилар. Бу муборак ва мўътабар китоб таржимасига тақриз ёзишим учун аввал уни ўқиб чиқишга муддат сўрадим. Сўнг китобни ўқиб чиқдим ва энг асосийси, китобнинг арабий матнидаги ўзим учун таржимаси оғир бўлган жойларини астойдил кўздан кечириб, таржима бўйича қуйидагиларни хулоса қилдим:

1. Китоб илмий-академик услубда таржима қилиниб, матнни сўзма-сўз қамраб олган, бирорта ўринда бирор луғат-сўзнинг маъноси ташлаб кетилмаган. Бу бошланғич босқич талабаларига ҳам китобни тўлиқ тушунишга, ҳам тўғри таржима қилиш малакасини ўрганишга ёрдам беради.

2. Баъзи жумлалар таржимасида қавс ичида умумий маълумотларни тўлдирувчи сўзлар берилган. Айнан шу қавс ичидаги сўз бутун мавзу мазмунидаги чигаллик ёки хатоликка ойдинлик киритади.

3. Шунингдек, баҳсли мавзулар бўйича матндаги маълумотлар сноскада илмий тадқиқ этилиб, мўътамад манбалар асосида хулоса берилган. Бу ҳам, айниқса, илмий тадқиқотчилар ва талабаларга айни муддао.

4. Энг катта хизматлардан яна бири шуки, «Нурул яқийн»да иқтибос келтирилган аҳли сияр олимлари ва уларнинг китоблари ҳақида тўлиқ маълумот берилган. Бу маълумотлар, айниқса, ушбу фан мударрислари учун тайёр кўргазмали қурол ва дарсларига тайёргарлик жараёнида мавзуни бойитишда фойдаланилувчи манбалар рўйхати бўлиб хизмат қилади. Талабаларга ҳам бу мухтасар китоб «Нурул яқийн»даги барча мавзуларни батафсил ўрганиши учун ишончли манбаларга ишорадир.

5. Таржимада матндан узоқлашмасликка жиддий эътибор бериш билан бир қаторда бадиий ифода этишнинг ҳам уддасидан чиқилган. Бунда муҳаррир ҳам арабий матнни ўқиб, асл мазмунни англай оладиган мутахассис экани кўринади. Шунинг учун таҳрир ҳам аслга мувофиқ чиққан.

6. Охирги ўринда урғу бермоқчи бўлганим яна бир эътиборли нуқта – китобни сиёқул калом-контекстдан келиб чиқиб таржима қилиб кетилаверилмаган, балки ҳар бир сўз маъноси алоҳида тадқиқ этилгани яққол кўриниб турибди. Буни «Ҳилфул фузул» мавзусининг охиридаги биргина сўз – «фа унсифуу» калимасининг таржимасидан билса ҳам бўлади.

7. Сноскада қилинган таҳқиқ хизматлари ва тадқиқотлар китобни том маънода Сийрат фани, аҳли сияр ровийлар, ушбу фанга оид китоблар бўйича мавсуа-қомусга айлантирган. Ҳатто сноскалардаги маълумотларнинг ўзини алоҳида бир китоб қилса бўлади.

Ҳеч бир муболағасиз, ушбу китобни Сийрат фани бўйича она тилимиздаги илк илмий тадқиқот ва келгусида бу бобда катта илмий бурилишга қўйилган илк тамал тоши дейиш мумкин.

 

Тошкент ислом институтида динига жонкуяр, талабаларга дарс беришда фидойи бўлмаган устозларни учратмайсиз. Улар орасида бир неча устозлар таълиф соҳасида ҳам муваффақиятлар қозонишган. Абдул Азим устоз уларнинг ҳам пешқадамларидандир. Юртимиз мадрасаларида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб турган олимлар ҳам устозни Сийрат илмидаги пешқадамликларини кўп бор эътироф этганлар. Китоблари қатори чоп эттирган бир неча плакатлари юртимизнинг чекка-чекка қишлоқлар масжидлари ва одамларнинг уйларида, ҳатто ошхоналарию ишхоналари эътибор марказларида турганини кўриб, чин кўнгилдан бу садақаи жорияларига ҳавас қиламан. Устозга келгуси ҳаётларида офият ва хизмат йўлида саботу матонат беришини Аллоҳ таолодан сўрайман.

«Нурул яқийн» китобига қилган хизматларини халқимизга манфаатли айласин. Аввалги китоблари каби халқимиз муҳаббатига сазовор бўлсин. Сўзим сўнгида устоздан ўтинчим шуки, «Нурул яқийн» дарслик бўлиши билан бир қаторда, бир бутун китоблигини инобатга олиб, унинг давоми – Мадина даврини имкон қадар тезлатсалар, «Нурул яқийн»га Нур бахш этган бу таржима мухлис халқимиз ва талабалар – иншааллоҳ, бўлажак Сийрат олимлари – қалбларини ҳам тўла мунаввар этар эди!..

 

Баҳодир Баҳромжон ўғли

(Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси мудири)

318220cookie-checkСИЙРАТ ФАНИ БЎЙИЧА ИЛК ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ (ёхуд «Нурул яқийн»га нур бахш этган таржима)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: