islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор макон бўлсин”

15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади.

Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.

Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.

12 сентябрь куни мамлакатимиз ва қатор етакчи хорижий давлатларнинг нуфузли газеталарида ва интернет-нашрларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига бағишланган дастурий аҳамиятга эга, концептуал мақоласи чоп этилди.

Тошкент ислом институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов “Маънавият соати”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи мазмун-моҳиятини талабаларга таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласидан:

“Бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти – улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир.

ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим.

Янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд.

Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.

Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.

Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз.

Кўп йиллик биргаликдаги ишларимиз тажрибасига таяниб ишонч билан айтамизки, ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади.

Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.

Аслини олганда, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.

Самарқанд саммитининг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Якунда ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва устувор соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бўлажак мажлис ШҲТ етакчиларининг 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг ўтган охирги уч йилда биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.

Шунингдек, саммит Ўзбекистон Республикасининг ШҲТдаги раислигига якун ясайди. Ўтган даврда 80 дан ортиқ йирик тадбир ўтказилган.

ТИИ Матбуот хизмати

324660cookie-check“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор макон бўлсин”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: