islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар: Маъмун ҳукмронлиги даврида фиқҳий мазҳаблар, наҳв, адабиёт ва фалсафа илмларининг ривожланиши

Фиқҳ илми ислом ҳуқуқидан иборат бўлиб, ундан мақсад шариат хукмларини чуқур англаб олиб, уларни амалга ошириш салоҳияти ва малакасига эга бўлишдир[1]. Фиқҳ сўзи луғатда «тушуниш» маъносида бўлиб, илм (яъни, билиш)дан кўра чуқурроқ, маънони англатади. Яъни, бирон нарсани нозик жойларигача тушуниш, англаб етишни билдиради[2]. Чунки илм (яъни, билиш) сўзи бир нарсани зоҳирий томондан билишни англатади, аммо фиқҳ сўзи бир нарсанинг бутун сирларини, унинг нозик жойларигача тушуниш демакдир. Фиқҳ илми хукмларни Қуръон ва Суннадан ижтиҳод орқали чиқаришга таянади. Ижтиҳод эса ҳуқуқшунослараро ихтилофлар юзага келиши ва мусулмонлараро турли мазҳабларнинг вужудга келишига сабаб бўлган.

Моликий мазҳаби асосчиси Имом Молик Ҳижоз аҳли ва ҳадис йўлини тутган фақиҳларнинг етакчиси эди.  Бу мазҳаб аббосийлар даврида Африка шимоли ва Андалусга тарқалган эди. Мазҳаб имомининг асосий китоби “Муватто” ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифа Ироқда ижтиҳод, қиёс ва райъ йўлини тутган фақиҳлар имоми эди. Имом Абу Ҳанифадан таълим олган фақиҳлар жуда кўп бўлиб, улардан имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар сингари фақиҳлар шуҳрат қозонган. Бу мазҳаб шариат масалаларига жавоб беришда кенг бағирлилиги билан ажраб турар эди.

Шофеий мазҳаби асосчиси Имом Шофеий бўлиб Миср ва Африкада тарқалганди.

Ҳанбалий мазҳаби асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдир. Имом Аҳмад ижтиҳод йўлини тутмаганлиги сабабли унга тобе бўлганлар бошқа мазҳабларга нисбатан камдир.

Уламолар Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўргангани сингари наҳв- сарф ва лўғат илмларини ҳам ўргандилар. Ўша даврда имом Халил ибн Аҳмад, имом Сибавайҳ, имом Ахфаш каби лўғат, сарф ва наҳв олимлари шуҳрат қозонди.

Ҳижрий иккинчи-учинчи аср бошларида халифалик қилган Маъмуннинг ҳукмронлик муддати узлуксиз исёнлар ва қўзғолонлар даврига тўғри келган бўлишига қарамай, халифа дам олиш учун ҳам, қурилиш ишлари ҳамда халифаликнинг илмий марказларида машғулот олиб боришга ҳам вақт топар эди. Айнан унинг ҳукмронлиги даврида мусулмон маданияти Ўрта Ер денгизи атрофига ёйилди. Маъмуннинг ўтган подшоҳлиги қисқа бўлса ҳам, тарих унинг буюк аҳамиятга эга бўлганлигини эътироф этади. У дорул фунунга асос солди. Ҳамма жойдан китоблар тўплаб, қобилиятли кишиларни йиғади ва уларнинг янги-янги зафарларга эришувлари учун йўл очиб беради. Шу соҳадаги ишларга кўмаклашиб туради. Бу эса унинг самарали салтанатидан ажойиб хотира қолдирди.

Маъмун фанни ҳам, ҳунармандчиликни ҳам рағбатлантириб турди. У Бағдод ва Дамашқ яқинида расадхоналар қурдирди. Бундан ташқари бунёд этилган Дорул-ҳикмада олимлар фаннинг турли соҳаларида иш олиб бордилар. Улардан ўнлаб кишилар юнон, форс, санскрит, шом (эски араб) тилларидан таржима қилиш билан шуғулланар эдилар. Адабиёт, фалсафа, фиқҳ ва бошқа фанлар соҳасида мустақил иш олиб борилди ҳамда мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат сиёсатига айланди. Баъзи кишилар ўзининг таржимонлик фаолияти билан шуҳрат қозонди.

  1. Юҳанно ибн Битриқ.

Бу шахс Маъмуннинг озод қилган қули эди. У Тимовус ва Афлотуннинг суҳбатларини, Арастунинг «Осмон», «Ҳайвон», «Нафс», «Олам» ва бошқа китобларини ҳамда Буқротнинг тибга оид баъзи китобларини таржима қилди.

  1. Қусто ибн Луқо Баълабаккий.

Бу шахснинг миллати юнон, дини масиҳий эди. У юнон, сурён ва араб тилларини яхши билар эди. У Арастунинг баъзи китобларига ёзилган шарҳларни ва Афлотуннинг «Ҳандаса асослари» китобини таржима қилди.

  1. Абдулмасийҳ Абдуллоҳ Ҳимсий.

У Арастунинг «Хатолар» китобини, Яҳё Наҳвийнинг  «Табиий эшитиш» китобига ёзган шарҳларини таржима қилди. Шунингдек, у Афлотуннинг «Рубубият китоби» номли асарини ҳам таржима қилди. Бу китобни хато равишда Арастуга нисбат берилган эди. Ушбу хато кейин-чалик исломдаги фалсафанинг йўналишига сабаб бўлди.

  1. Ҳунайн ибн Исҳоқ ва унинг ўғли Исҳоқ ибн Ҳунайн.

Бу икки шахс энг машҳур араб таржимонлари ҳисобланишади. Улар кўплаб юнон китобларини таржима қилганлар.

Юқорида зикр қилинганлардан бошқа таржимонлар ҳам кўп эди. Уларнинг ичида Абу Бишр Мутто Қиноий ва Абу Закариё Яҳё ибн Адий кабилар ўта машҳур эдилар[3].

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

 кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 

[1] Исҳоқов. С. Бурҳониддин Марғиноний ва фиқҳ илми. – Т.: Адолат, 2000 .Б. 26.

[2] Қодиров З.О. Имом Аъзам ҳаёт йўли ва фиқҳ усуллари. – Т.: Мовароуннаҳр, 1999. Б.10.

[3]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. “SHarq”  нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси бош таҳририяти Тошкент-2010.Б.49-50.

333120cookie-checkАббосийлар: Маъмун ҳукмронлиги даврида фиқҳий мазҳаблар, наҳв, адабиёт ва фалсафа илмларининг ривожланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: