islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Шифо” асари бўлмаганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига таништирилмаган бўлар эди”

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Оламларга раҳмат пайғамбар!” мавзусида Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси, устоз Жалолиддин домла Ҳамроқулов томонларидан таржима қилинган “Шифо – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларини танитиш” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотни Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов очиб бердилар ва бу асарнинг аҳамияти ҳақида қисқача гапириб ўтдилар.

Сўнг китобнинг таржимони ва изоҳлар муаллифи Жалолиддин домла Ҳамроқулов сўзга чиқиб, асарни таржима қилинишига туртки бўлган воқеа ҳақида тўхталиб шундай дедилар:

“Мен пандемиядан олдин Туркияга борганимда, Султон Фотиҳ масжидида бомдод намозини ўқидим. Масжидга турк талабалар ҳам келишди ва ҳар бир талабанинг қўлида Қози ИёзнингШифо” асари бор эди. Бироздан кейин уларнинг асли суриялик бўлган устози ҳам келиб ўтирди. Сўнг у ердаги ҳар бир талабага ажва хурмоси тарқатилди. Менга ҳам ажва хурмосидан беришди. Кейин талабалар ушбу “Шифо” асарни ўқий бошладилар ва устоз уни шарҳлаб талабаларга тушинтирарди. Шунда бир неча талаба ўқигандан сўнг мен ҳам ўқисам бўладими деган, эдим. Устоз беш-олти талаба ўқиганидан сўнг мени ёниларига чақириб қаердан эканлигимни сўрадилар. Мен Ўзбекистондан эканлигимни айтиб бу асардан фойдаланишга ижозат сўрадим ва у зот рухсат бердилар. Шундан кейин мен юртимизга қайтиб келиб, ушбу асарни мустақил таржима қилиб масжиддаги қавмга маъруза қила бошладим.

Бир кун муҳтарам Шайх Исмоил Муҳаммад билан учрашиб қолганимизда у киши бир неча устозларимизнинг айнан китоб ёзиш ва таржима қилишаётганликлари ҳақида гапириб бердилар. Шунда у кишига менда ҳам бир тўлиқ таржима қилинмаган асар бор. Шуни ҳам берсам бўладими, деб айтганимда у киши албатта, дея бу асарни чиқаришга қизиқиш билдирдилар. Шундан сўнг асар борасида “Ҳилол-нашр” нашриёти жамоаси томонидан ишлар бошланиб, унинг таҳрири ва дизайнлари устида ишлар бошланди. Ниҳоят Аллоҳнинг ёрдами ва инояти билан ушбу асар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларида нашрдан чиқарилишига эришилди”.

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Зиёвуддин сўзга чиқиб, ушбу асар ҳақида қимматли маълумотлар бердилар. Хусусан, асарнинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида қуйдагиларни айтдилар:

“Ислом тарихи, айнан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳақида ёзилган энг мўътабатр манбалар ҳам ушбу асар асосида ёзилган. Бундай асарлар сирасига “Нурул изоҳ” ва “Нурул яқин”ни келтириш мумкин. Асарнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, асар ислом оламида энг кўп шарҳ ёзилган китоблардан бўлиб, бир юз ўн тўртдан зиёд шарҳлар ёзилган. Китоб ҳижрий олтинчи асрда ёзилган. Айнан ушбу асарни кўп олимлар сийратнинг икки туридан бири, яъни катта сийрат қисмига кирадиган бир жузи, дейишади.

Аҳли илмлар орасида, “Шифо” асари бўлмаганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига таништирилмаган бўлар эди”, деган машҳур нақл бор. Мавритания давлати олимлари ҳар йили Рабиъул аввал ойида бир маротаба ушбу асарни ўқиб чиқишни урф қилишган. Бу асар юртимизда машҳур бўлган “Нурул яқин” китобининг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан кейинги тўртта энг мўътабар таянч манбаларидан биридир.

Бу асар муаллифининг кунялари Абул Фазл, исмлар Иёз бўлиб, оталарининг исми Мусо бўлган. Бу зотнинг боболарининг ҳам исмлари Иёз бўлиб, силсилаларида учта Иёз номи бор. Бу зот Африка қитъасининг энг чеккаси бўлмиш Марокаш давлати Сибт шаҳридан бўлиб, милодий 1083-1151 йилларда яшаб ўтганлар. Бу олим ўз даврларида ўзини имом Маҳдий деб даъво қилиб чиққан кимсага раддия берганликлари учун фитна қурбони ўлароқ шаҳид кетганлар. Бу киши йигирма саккиз ёшларида илмий баҳсларга қатнашадиган забардаст олим ва ўттиз беш ёшга етганларида эса қози бўлган етишган, моликий мазҳаби бўйича фатво берганлар. Қози Иёзни ўз олимлар ўз замонасининг алломаси, муаррихи, сийрат олими, фақиҳи дейишган.

Тадбир якунида, устозлар томонидан асарнинг халқимиз ва бутун уммат учун манфаатли бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Илмий тадқиқот фаолиятини

ташкил этиш бўлими услубчиси

Сирожиддин Шодмонов

332960cookie-check“Шифо” асари бўлмаганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига таништирилмаган бўлар эди”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: