Тошкент ислом институтининг 77 нафар 4-курс талабалари 2022-2023 ўқув йили жараён жадвалига мувофиқ педагогик амалиётга чиқдилар. Олий маъҳад талабалари 2022 йил 31 октябрдан 24 декабргача бўлган давр оралиғида юртимиздаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларида мутахассислик фанларидан дарс ўтиб, амалиёт ўтамоқдалар.
Маҳкамов Миркамол Шарип ўғли, Турсунбоев Абдулаҳад Абдубанно ўғли, Хамидов Абдулбосит Орифжон ўғли, Аметниязов Нурмухаммет Кадирбаевич, Охунов Зухриддин Хайдарали ўғли, Умрзоқов Ислом Маҳмуд ўғли ва Давлатов Абдуллох Алижон ўғли Бухородаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида, Журақулов Абдулҳай Химмат ўғли, Мансуров Хурсанали Умматали ўғли, Солиев Муроджон Нуриддин ўғли ва Қуддусов Абдулло Мухиддин ўғли эса Қашқадарёдаги Хожа Бухорий мадрасасида педагогик амалиётдалар.
Талабалар амалиётнинг дастлабки биринчи қисмида пассив, яъни дарс ўтувчи ўқитувларнинг дарсларига кириб кузатишган ва таҳлил қилишган бўлсалар, иккинчи қисмида актив шаклда, яъни ўқитувчининг назоратида ўзлари мустақил дарс ўтмоқдалар.
Педамалиёт ўтаётган талабалар Тошкент ислом институтида ўзлаштирган илм ва кўникмалари асосида ўрта махсус ислом билим юрти талабаларига қироат, тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, ислом тарихи, араб тили каби мутахассислик фанларидан дарсга кирмоқдалар.
Низомга кўра, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси доценти Соатмурод Примов Мир Арабга, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин Маманасиров Хожа Бухорий мадрасасига ташриф буюриб, талабаларнинг амалиётлари назорат қилдилар. Дарсларга кириб, таҳлил қилдилар ҳамда зарурий тавсиялар бердилар.
Жумладан, Мир Араб мадрасаси 1-жуфтлигида Турсунбоев Абдулаҳад Абдубанно ўғли устоз Раҳимов Абдулбосит назорати остида 201-гуруҳ талабаларига тафсир фанидан “Тафисрул Жалолайн” асари асосида “Ториқ” сурасининг тафсирини ўтди. Турсунбоев Абдулаҳад дарсни яхши ташкил қилолди. Аввало дарсни талабаларни йўқлама қилиш билан бошлаб, ўтган дарс мавзуси “Ал-Аъло” сурасининг тафсирини талабалардан сўради. Кейин янги мавзу “Ториқ” сурасининг тафсирини “Тафсирул Жалолайн” асари асосида тушунтириб берди. Шунингдек, мавзу оид бошқа манбалардан муҳим маълумотларни тақдим этиб дарсни мазмунли ва қизақарли шаклда ўтишга муваффақ бўлди.
2-жуфтликда Хамидов Абдулбосит Орифжон ўғли 304-гуруҳ талабаларига Ислом тарихи фанидан “Нурул яқин” китоби асосида “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг подшоҳларга мактублари” мавзусида дарс ўтди. Педамалиётчи Хамидов Абдулбосит талабаларга ўша давр муҳитини янада яқинроқ тушуниши учун доскага Арабистон ярим оролининг харитасини чизиб, ҳар бир мамлакат ва минтақаларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчилари қайси йўллар билан боргани тушунтириб берди. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнниг ўша даврдаги ҳар бир подшоҳга ёзган мактубининг матни ва подшоҳларнинг қандай жавоб бергани билан таништирди.
3-жуфтликда 301-гуруҳ талабаларига Маҳкамов Миркамол Шарип ўғли Ақоид фанидан “Завъул маолий” асари асосида “Аллоҳ таоло макондан холи зот” мавзусини ўтди. Дарснинг аввалида мавзуга оид атамаларни доскага ёзиб, бу борада аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодий қарашларини зикр қилди. Муташобеҳ оятлар ва ҳадиси шарифларга қандай эътиқодий қилиш кераклигини тушунтирди. Муташобеҳ оятлар борасида тафвиз ва таъвил қилиш нимадан иборат эканини изоҳлаб, шарҳлаб берди.
Тафвиз – бу мутақаддим уламоларнинг тутган йўли экани ва бу йўл нотўғри эътиқодга кетиб қолмаслик учун саломат йўл ҳисобланишини мисоллар билан исботлаб берди. Таъвил – мутааххир уламоларнинг йўли эканини таъкидлаб ўтди.
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
доценти Соатмурод Примов