Саодат асрида яшаган инсонлар инсоният тарихидаги энг бахтли инсонлар бўлиш билан бирга ўзларидан кейинги кишилар гўзал ўрнак бўладиган зотлар ҳамдирлар. Бу даврда яшаганлар асл чашмадан ўз чанқоқларини қондирганлар. Яъни, бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан таълим олганлар. Шунинг учун бу даврда фитналар ёки урушлар содир бўлмаган.
Бирор-бир муаммо пайдо бўладиган бўлса, Пайғамбаримиз бу муаммони ўзлари ёки бўлмаса Аллоҳ таолодан бўлган ваҳий орқали бу муаммони ҳал қилиб берардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бутун Ислом оламига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У кишининг даврларида баъзи ихтилофлар ва фитналар содир бўлган бўлса ҳам, уларни у зот Қуръон ва суннатга мувофиқ бартараф этганлар. Энг биринчи ихтилоф Усома қўшинини юбориш масаласида бўлган. Лекин унутмаслик керакки, бу ихтилоф ўзаро гина-адоват, душманчиликка олиб бормаган, балки бу хилоф фақат фикрий хилоф бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сал олдинроқ, Усома розияллоҳу анҳу бошчилигидаги қўшинни Румга қарши юборган эдилар. Лекин қўшин ярим йўлга етганда Расулуллоҳнинг вафотлари сабабидан қайтган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ халифа бўлганларидан кейин биринчи қилган ишлари Усома қўшинини жўнатиш бўлди. Бунга баъзи саҳобалар қарши чиққанлар. Уларнинг фикрича, кўп қабилалар исломдан қайтган бир пайтда асосий қўшинни юбориш нотўғри эди. Чунки Усома қўшинининг ичида Умар розияллоҳу анҳудек катта саҳобалар бор эди. Аммо Сиддиқ розиялллоҳу анҳу «Расулуллоҳ қилган ишни қилишликдан мени ҳеч ким қайтара олмайди. Агар бу водийда бир ўзим қолсам ҳам бу қўшинни юбораман» дедилар.
Баъзилар уни олдига Усомани ўрнига бошқа ёши каттароқ кишини амир қилиши учун Умарни юборган эдилар, Абу Бакр Умарнинг соқолидан тортиб: «Онанг сени йўқотсин, Эй Ибн Хаттоб! Расулуллоҳ амир қилиб тайинлаган одам[1]ни бўшатишимни буюрасанми?” деб урушиб бердилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг суннатларини маҳкам тутадиган одам эдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада кўпчилик у кишига қарши чиққан бўлсалар ҳам, уларнинг фикри суннатга хилоф бўлгани учун буни қабул қилмаганлар.
Демак, аксарларнинг фикри нассга қарши бўлса, уларнинг фикрлари аҳамиятга эга бўлмас экан. Бундан хулоса қилиш мумкинки, кўпчиликнинг битта фикрни қўллаб-қувватлаши у фикрнинг тўғрилигига далил бўлмас экан.
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,
Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний
жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев
[1] Усомани Расулуллоҳ амир қилиб тайинлаган пайтларида ҳам одамлар уни ёшлиги учун бунга қарши чиққан эдилар. Ўшанда Расулуллоҳ “Унинг отасини ҳам амирлигида гапирган эдингиз, энди буни гапиряпсизлар. Аллоҳга қасамки, у амир бўлиб яратилган эди. у менга одамларнинг энг суюклиси эди, ундан кейин эса унинг ўғли” деган эдилар.