Мустақиллик йилларида юртимизнинг маънавий-маърифий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, охирги йиллардаги ушбу ислоҳотлар замирида инсон манфаати ва қадр қимматини улуғлаш, озод ва обод ватан барпо этишдек улуғ ғоя мужассам. Ҳар томонлама пухта ўйланган мазкур ислоҳотларнинг ўзига хос услубда намоён бўлиши эса таҳсинга лойиқ. Инчунун , бу услуб ҳар бир йилга муайян ном бериш орқали тизимли амалга оширилади.
Ана шу узвийликнинг мантиқий давоми ўлароқ ушбу 2023 йилнинг юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши диёримизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон давлат эътибори ва ҳимоясида эканлиги, шунингдек, фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси ҳар нарсадан муҳимлиги яна бир бор таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатномасида таъкидлаганларидек, Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.
Бинобарин, Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг ҳикматли сўзлари бугунги кун учун муҳим аҳамиятга эгадир:
“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
Билим бор жойда буюклик бўлади”.
Дарҳақиқат, инсон илм билан улуғланади. Маърифат сабаб мақсадларига етади. Бугун ҳар томонлама ривожланган дунёда яшамоқдамиз. Жаҳонда билим даражаси ортиб бормоқда, кундан-кунга янгидан-янги кашфиётларга қўл урилмоқда. Шу боисдан ҳам, ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқдир. Илмга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради. Вақт билан ҳамнафас яшаш, бугуннинг янгиликларидан бохабар бўлиш замондан орқада қолмасликнинг муҳим шарти бўлиб қолгани рост.
Шу жиҳатдан, бугунги кунда ёшларни дунёвий илмлар эгаси ва касб-ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалардандир. Ҳар бир даврнинг ўрганиши лозим бўлган илму ҳунарлари бор, уларни пухта билиш шу даврда яшаб турган ёшларнинг бурчидир. Бу ҳақида ҳазрати Али: “Болаларингизга келажак давр илмини ўргатинг, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, деган эканлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли инсоннинг мартабаси улуғлигини таъкидлаб шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.
(Мужодала сураси, 11-оят)
Ислом – илм ва маърифат динидир. Динимизда илмга икки дунё саодатининг калити деб қаралади. Ҳамда уни ўрганиш, талаб қилиш фарз, излаш жасорат, билмаганга ўргатиш эса садақа ҳисобланади. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Иқро!” яъни “Ўқи!” калимаси билан бошланганлиги ва бошқа сураларда ҳам бу каби чорловларнинг кўплаб келиши ислом динининг илму маърифатга муносабати қай даражада эканлигидан далолат беради. Ояти карималарда илмнинг чегараси йўқлиги, у инсонларни юқори даражаларга кўтариши, илмли, олим кишиларнинг шаъни нафақат жамият орасида, балки Яратганнинг наздида ҳам юксак бўлиши таъкидланган.
Муборак ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзи илмни ўрганган ва ўзгаларга ҳам ўргатган кишини – ўзига сувни сингдириб, сўнгра кўплаб ўт-ўланларни ўстирган ерга қиёслаганлар. Илмга эътибор бермаган кишини эса – мўл ёмғир ёғса-да, на сув тўпламайдиган, на экин ўстирмайдиган текисликка ўхшатганлар. Дарҳақиқат, илм ўрганувчи барчага керакли инсон бўлиб, ундан атрофдагиларга ҳамиша манфаат етади. Аммо, илмга қизиқмайдиган, беэътибор кишининг на ўзига ва на бошқаларга фойдаси бўлади. Бу ҳикматни бугунги кунимизга таққосласак, моҳияти янада ойдинлашади. Бугун илм ва фан шиддат билан ривожланаётган асримизда билимсизлик бу – тараққиётдан ортда қолиш демакдир. Шу боис замон билан ҳамнафас яшаш учун, билимлар оламидан четда қолиб кетмаслик учун, қолоқликка мубтало бўлмаслик учун ҳам илм эгаллашга рағбат қилишимиз зарурдир.
Абулқосим Замахшарий “Ўқи, илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл”, деган экан.
Ҳадиси шарифларнинг бирида “Ҳикматли мўминнинг (худди) йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳаққи бор”, деб марҳамат қилган эканлар. Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар, ундаги “ҳикматли калима” сўзи фойдали илмни англатади, дейдилар. Демак, ҳадиснинг мазмунига кўра инсон ҳамиша, ҳар ерда илм олишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар шонли тарихимизга назар солсак, халқимизнинг забардаст аллома ва мутафаккирлари мана шу ҳикматга мувофиқ умр кечирганларига гувоҳ бўламиз. Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўллари илм олиш учун узоқ масофалар аҳамиятсизлигидан сабоқ беради. Имом Термизийдек даҳонинг қат-қат илмий тўпламлари билим олишда арзимас нарсанинг ўзи йўқлигини кўрсатади. Ибн Сино сингари қомусий олимнинг асарлари эса илм сарҳадсиз уммон эканлигини, унда бетиним сузмоқ мумкинлигини ўргатади. Бизнинг зиммамизда эса, ана шу аждодларга муносиб авлод бўлишдек муҳим масъулият мавжуд.
Бинобарин, юртимиз – илм-фан, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Тарихдан маълум, шеърият мулкида шоҳу султон Алишер Навоий, ҳадис оламида мусулмонлар амири бўлган Имом Бухорий, тиббиётда оламшумул кашфиётлар билан “Тиббиёт отаси” номини олган Абу Али ибн Сино, “тарихдаги энг улкан ақл эгаси” дея тан олинган Абу Райҳон Беруний каби бобокалонларимиз ҳар бир ўғил-қиз учун буюк намунадирлар.
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар олтину кумушни мерос қолдирмадилар. Улар илмни мерос қилиб қолдирдилар. Кимда-ким пайғамбарлар мерос қилиб қолдирган илмни олса, улуғ насибани қўлга киритибди”.
Яратилмиш мавжудотлар ичра инсон илм билан азиз ва мукаррам қилинди. Одамнинг оламни идрок этиши, ҳаёт моҳиятини англаши, умрини фаровон яшаб ўтиши эгаллаган билими билан боғлиқдир. Маърифатсиз киши эса ўз ҳаётини беҳуда ўтказади, шунингдек, ўзгаларни ҳам жоҳиллиги орқасидан азиятга қўяди.
Эътибор берсак, дунёда содир бўлаётган жамики разолат, уруш ва низоларга билимсизлик, жоҳиллик сабаб бўлаётгани рост. Ўзларини билимдон сановчи айрим чаласавод кимсаларнинг ҳаракатлари нақадар аянчли оқибатлар келтириб чиқармоқда. Шундай экан, ҳаётимизда билим ва маърифатнинг ўрни беқиёс, унинг ўрнини бошқа бирор нарса билан алмаштириш мумкин эмас.
Бир толиби илм донишманддан “Илм олишдан асосий мақсад нима?”, деб сўраганида у “Билим олишдан асосий мақсад – нафақат илмли бўлиш, балки ўша олинган ирфон чашмаларини халқнинг оғирини енгил қилишга ишлатиш ва бунда ўзгаларга ўрнак бўлишдир”, дея жавоб берган экан. Ҳа, бугун элимиз орасида ана шундай инсонлар талайгина. Улар маърифат эгаллаб, эл корига ярашни дилига туккан, эзгуликни ният қилган зиёли юрдошларимиздир. Эътибор берсак, нафақат ўқув юртларида, балки ҳар бир соҳада илмнинг ўрни беқиёс. Илм – саодат сари элтувчи энг тўғри йўлдир. Юртимизда биз учун яратилаётган шарт-шароитларнинг қадрига етиб, келажакда шу эл корига ярайдиган, халқ манфаатларини ўйлайдиган баркамол инсон бўлиб етишувчи ёшлар кўп бўлсин.
М.Насриев – Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси