“Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга
хос олижаноб қадрият ҳисобланади” – Ш.Мирзиёев.
Аёл деганда кўз олдимизга энг аввало мўътабар онамиз, қадрли бувижонларимиз, мунис опа-сингилларимиз келади. Уларга қанча эътибор, ғамхўрлик қилсак, қувонтиришга уринсак барибир оздир. Чунки, мана шу аёллар дунёда янгидан-янги чақалоқ йиғиси эшитилишига сабаб бўлаётган зотлардир. Дунёда шундай бир зот борки, уни ҳар куни эъзозласак ҳам, дилларини ҳушнуд қилишга уринсак ҳам унинг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бу мўътабар зот- онадир.
Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканлари баён қилинган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин.
Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, аёл кишига латофатли хилқат, ибо ва хаё тимсоли сифатида қаралиб, уни химоя қилиш, асраб авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади. Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув хажида хутба қилиб, унда ўта муҳим масалаларни баён қилдилар. Жумладан, эркакларни ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюрдилар. Хадисларнинг бирида эса: “Мўминларнинг энг имони комили гўзал хулқлисидур. Сизлининг энг яхшингиз аёлига яхши муомалада бўлганингиздир”, деганлар.
Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръoни каримнинг умумий маънода келган оятлари эркакка ва аёлларга бирдек тааллуқли бўлгани жихатидан: “Эй Роббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳо, 114) оятидан аёллар хам илмларини ошириш йўлида саъй-харакат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом илм талаб қилиш хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз эканини таъкидлаб ўтганлар.
Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.
Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик. У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.
Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммою юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.
Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар. Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хаммадан олдини аёллари Хадича онамиз розияллоху анҳо ёрдам кўрсатганлари маълум. Ҳазрат Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бу уммат аёлларнинг олимаси ва Қуръон вазифаси эди. Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳо энг етук фақиха эди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳофиз бўлса, Хафса бинту Умар розияллоҳу анҳо ҳофиза бўлган. Ҳасан Басрий раҳматиллоҳи алайҳ йирик машойих бўлса, Робия Адавия катта авлиёлар мақомида эди.
Бу дунёда иззат охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, келажакда ватанимиз равнавқи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга хос ва мос авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Янгийўл туман Имом Султон жоме масжиди
имом-хатиби Одилжон Нарзуллаев