Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ “Ниҳоя” китобида: “Бидъат икки турли бўлади, ҳидоятли ва залолатли бидъат”, деганлар.
1-Ҳидоятли бидъат. Агар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундаган нарсалар умумининг остига тушса, у мақталгандир. Гарчи унга ўхшаш бўлмаса ҳам.
Аллоҳ таоло:
“Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар”! деган (“Ахзоб” сураси, 42-оят).
Аллоҳ таоло яна:
“Бас, тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам Аллоҳни поклангиз (яъни, У зотга ҳамду сано айтингиз)”, деган( “Рум” сураси, 71-оятида).
Бу ояти карималарда банда Роббига тонгда ва кеч кирганда, Уни поклаб тасбеҳ, ҳамду сано айтишга буюрилди.
Энди кимдур шу вақтлардан бошқа вақтда тасбеҳ, ҳамду сано айтишни одат қилиб олса, у гўёки бидъат иш қилган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”, дедилар”.
Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инфоқ қилишга ундаяптилар. Лекин навларини баён қилмадилар.
Бир киши инсонларнинг манфаати йўлида бирор яхши иш қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қилмаган бўлсалар ёки бир саховатни у зот бермаган вақтда берса, гўёки бидъат қилган бўлади. Фақатгина ҳидоятли, мақталган бидъат қилган бўлади. Чунки бу қилаётган ишлари Аллоҳ ва Расули буюрган нарсалар остига кираяпти.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Энди кимдур бу ҳадисда ўлиб кетган суннат назарда тутилган деса. Ҳадисда унинг зиддига “Ким Исломда бир ёлғон (ёмон) суннат пайдо қилса” деб келди.
Демак бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломда суннат пайдо қилиш мумкинлигини, ўша пайдо бўладиган суннат гўзал-яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.
2-Залолатли бидъат. Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларга хилоф бўлса, у ёмонлангандир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Ер юзида) илк бор Одам фарзанди (Ҳобил) зулм билан ўлдирилди, шунинг учун бу нарса қотилликни бошлаб берди”, дедилар”.
Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдириб ер юзида қотилликка қўл урди. Бу билан у ёмон суннатни бошлаб берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин «ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деб умумий равишда айтдилар. Кейин эса, янги пайдо бўладиган нарсалар яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини ушбу ҳадиси шарифда баён қилдилар. Демак «ҳар бир бидъат залолатдир», ҳадисида ёмон бидъат кўзда тутилган.
ТИИ 402-гуруҳ талабаси Зокиров Исроил