Каъба – мусулмонларнинг намозларида юзаландиган қиблалари ва ер юзида биринчи бўлиб қурилган ибодат уйидир. Каъба Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги муқаддас Масжидул Ҳаром ҳудудида жойлашган. Унинг яна бир номи “Байтул ҳаром” яъни “уриш ҳаром қилинган уй”дир.
Каъба мусулмон умматининг ер юзидаги энг муқаддас даргоҳи ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ
Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир. (Оли Имрон сураси, 96-оят)
Каъбанинг қурилиши борасида турли фикрар билдирилган. Уларга кўра биринчи бўлиб каъбани фаришталар қурган. Улардан сўнг Одам ато Каъбани бунёд этган. Кейин унинг ўғли Шис қурган. Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфон пайтида уни ҳавога кўтариб қўйилган. Кейинчалик яна бузилган Каъбани Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига мувофиқ бино қилган. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَن لَّا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ.
وَأَذِّن فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِن كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ.
لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ.
- Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бердикки: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.
- Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озғин уловлар устида келурлар.
- Токи ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар ва маълум кунларда Аллоҳнинг исмини уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.
Кейинги даврларда Амолиқалар, Жарҳамликлар, Қусай ибн Килоб ва Қурайшликлар Каъбани қайта қурилишига сабаб бўлганлар.
Қурайшнинг каъбани қайта қуриши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали пайғамбар бўлмасларидан ўн беш йиллар илгари бўлган ва унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам иштирок қилганлар.
Кейинчалик Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийлар ҳам Каъбада қайта қуриш ишларини олиб борганлар.
Шундай қилиб Каъба тариҳда ўн марта қайта қурилган.
Ҳозирги кундагаи биз кўриб турган Каъбанинг деворлари тошдан қурилган бўлиб, унинг баландлиги 15 метр. Деворларининг қалинлиги бир метрни ташкил қилади. Унинг пол қисми ердан 2 метр 20 сантиметр қилиб кўтарилган. Эшиги ҳам айни шу баландликда жойлашган бўлиб у соф олтиндан тайёрланган.
Шимолий-ғарбий томонидаги деворнинг устида тарнов жойлашган. Уни “Мийзоб” дейилади. Ҳар йили Каъбани усти янги кисва яъни каъбапўш билан ёпилади. Каъбапўш ва Каъбани деворлари мушки анбар билан артилади. Бу иш учун бир йилда 6 тонна атрофида мушки анбар ишлатилади.
Каъбанинг шарқий бурчагида Ҳажарул асвад яъни “қора тош” жойлашган. У ердан бир ярим метр баландликда туради. Бу тош жаннатдан тушган бўлиб у борада шундай ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳажарул асвад жаннатдан сутдан ҳам оқ тарзда тушурилган. Уни одам болалалрининг гуноҳлари қорайтирди”, деганлар.
ТИИ, “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси Жўраев Сойибжон