islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қарғанинг қизили ҳам бўларкан!

Шаҳримиз, кўчаларимиз, уларнинг номлари… Ҳа, айнан кўча номлари ҳақида ўз мулоҳазаларимизни билдириш мақсадида айрим фикрларимизни ҳавола қилмоқчи бўлдик.

Кўчаларнинг номланиши асосан уларнинг жойлашуви, тарихидан келиб чиқиб қўйилган бўлса, айримларига буюк ва машҳур кишиларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида ёки замонавий латиф иборали номлар берилган масалан, “Олча кўча”, “Қуролланиш”, “Олтин тепа”, “Яланғоч”, “Кўнгил”, “Ачаобод”…

Лекин кўча – кўйда юрганимизда айрим жой номлари тўғридан – тўғри хафсаласизлик билан таржима қилиниб, умуман бошқа маънога ўтиб қолаётганлиги бизни хушёрликка чорлайди. Шу хусусда бундан анча йиллар аввал бир журналда берилган мулоҳозага чорловчи керакли фикрни келтиришни ўринли деб ўйлайман.

Қайсидир кўча “Ола қарға” деб номланарди. Номланиши сабабини ҳеч ким билмасди. Бора – бора ҳужжатларда “Ола қарға” ибораси “Аля қарға” деб юритила бошланди. Худди “Матлуба” исми “Матлюба”, “Иброҳим” “Ибрагим” “Очил” “Ачил”га айлангани каби. “Аля қарға” кўчаси деб тахтача осиб қўйилди.

Вақт ўтиб кимдир балки шу ишга мутасаддилар сўзда хатолик бўлган деб, “аля” эмас “алая қарға” бўлиши керак деб, гўёки хато тузатилгандек кўча “Алая қарға” номини олди. Шу кўчада у ёқ бу ёққа учиб юрган ҳақиқий қарғалар ҳам қани охири нима бўлармиш деб хавотирга туша бошлашди.

Ҳа, кейин маҳалладагилар ҳам тинчишмади. Нега энди бизнинг кўчанинг номи русча номланиши керак деб, тегишли жойлардан рухсат олиб, “Алая қарға” ибораси рус тилидан ўзбек тилига “Қизил қарға” деб таржима қилинди. Шундай қилиб, “Ола қарға” “Қизил қарға”га айланди. Ола қарғалар ҳам ранглари қизил бўлиб қолганидан ҳайрону лол қолишди…

Бу гапларимиз билан кимларнидир хато, камчиликларини ошкор қилиш фикридан йироқмиз. Бу борада Жалолиддин Румийнинг қуйидаги сўзлари ўринли бўлади. Яхшилик изла, тўғрилик изла, гўзаллик изла, аммо айб излама.

Биз биламизки бу муаммоларни ҳал қилишда атамашунослик билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотлар етарлича иш олиб боришаяпти. Фақатгина жой номлари таржималарига эътибор ва хушёрликни ошириб, ола қарғаларни қизил қарғаларга айлантириб юбормасликларини сўраб қолардик.

Тошкент ислом институти

Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси

У.М.Хафизова

389890cookie-checkҚарғанинг қизили ҳам бўларкан!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: