islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Улум ул-ҳадис илми

Бу илмга қўл урган уламолар саҳобаларнинг ҳаммасини, яъни  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, У зотни тирик ҳолларида кўрган кишиларнинг барчаларини ўрганиб чиққанлар. Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг маслакдошлари Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилган эмас. Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ий-мон  келтириб, У зотнинг суҳбатларини топган бўлса, барчасининг ҳаёти тўла  ўрганиб чиқилган. Исми, ота-боболарининг исмлари, ҳаёти, қачон Исломга келгани, нималар қилгани ва ҳоказолар шу жумладан бўлиб, барчаси ёзиб  қолдирилган.

Уламолар саҳобаи киромларни ўн икки табақага бўлиб ўрганганлар.  Маккада Исломни қабул қилганлардан тортиб, то болалигида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларгача аниқлаб чиқилган. Бу борадаги китоблардан Ибн Саъднинг «Табақот ул-кубро», Ибн Асийрнинг  «Асадул ғоба фии маърифати саҳоба», Ибн Ҳажарнинг «Ал-Истийъоб фии  асмои асҳоб» рисолаларини эслатиб ўтмоқчимиз.

  1. Тобеъинларни таниш илми. Уламолар нафақат саҳобаларни, ҳатто уларни кўрган авлод – тобеъинларни ҳам чуқур ўрганиб, китоблар ёзишган. Чунки саҳобий, тобеъин ва табаъ тобеъинларни фарқлай олиш ҳадис илми билан машғул бўлган ҳар бир киши учун зарурдир.
  2. Ҳадис фиқҳини билиш илми. Бу ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқара билиш илми бўлиб, бу илмда муҳаддис уламолардан Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Абдурраҳмон ибн Амр ал-Авзоъий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна ва Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар машҳур бўлганлар.
  3. Ҳадиснинг носух ва мансухини билиш илми. Чунки мансух ҳадис амалдан қолишини эътиборга олганда бу жуда ҳам муҳим илм ҳисобланади.
  4. Бир-бирига қарши маънолари бор ҳадислар ва уларнинг маъноларини билиш илми.
  5. Муҳаддисларнинг мазҳабларини билиш илми.
  6. Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм. Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фараж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, Имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимиз китоблар таълиф этиб, кўп хайрли иш қилиб кетганлар.

Ушбу илмлар бўйича тузилган ҳадис китобларининг турлари ва  уларнинг мартабалари: 

  1. «Саҳиҳ» китоблар. Бу турдаги китобларнинг энг биринчиси – Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳақида аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Бу китоблар фақат «Саҳиҳ» ҳадисларни ўз ичига олгандир. Ибн Хузайма каби муҳаддислар ҳам «Саҳиҳ» китоб тузганлар, аммо улар Имом Бухорий ва Муслимлар асарлари даражасига етмаган.
  2. «Сунан» китоблар. Бундай асарлар аввалида Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можаларнинг китоблари туради. «Сунан» китоблари бошқа уламолар томонидан ҳам тузилган, лекин мазкур тўрт имомнинг китоблари даражасида эмас.

Икки «Саҳиҳ» ва тўртта «Сунан» қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта» – энг саҳиҳ олти китобни ташкил этади. Лекин олтинчи китоб – «Сунани Ибн Можа» ҳақида уламолар ихтилоф қилишганини айтиб ўтишимиз керак. Жумладан, Ибн Асийр ва Розийлар «Сунани Ибн Можа»нинг ўрнига Имом Моликнинг «Муватто»сини қўйиш керак, деганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний эса, унинг ўрнига Доримийнинг китобини қўйишни лозим санаганлар.

Шундай қилиб, аввал Бухорийнинг саҳиҳлари, сўнг Муслим китоблари, ундан кейин Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг сунанлари энг кучли ҳадис китоблари ҳисобланади ва бу китобларда келган ҳадислар энг  ишончли бўлади. Сўнгра Бухорий билан Муслим иттифоқ қилган ҳадислар,   кейин Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилганлари, сўнгра Муслим ва  бошқаларнинг ҳадислари кучли ҳисобланади. Олтинчи ўринга Ибн Можа, Имом Молик ва Имом Доримийларнинг китоблари даъвогарлик қилади. Бошқа китоблар эса улардан кейинда туради.

  1. «Жомеъ» – жамловчи китоблар. Бу хилдаги китобларга: ақида, аҳком, зуҳд, емоқ-ичмоқ одоби, тафсир ва тарих, шамоил, фитналар, фазилатлар каби бобларни ўз ичига олган китоблар киради. Шу маънода Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари «Жомеъ» ҳисобланади.
  2. «Муснад» китоблар. Бундай китобларда ҳар бир саҳобий алифбо бўйича ёки Исломга кириш навбати бўйича олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилади. Абу Довуд ат-Таёлисий ва Бақий ибн Муҳаммадларнинг китоблари муснад китоблар жумласига киради. «Муснад» китобларнинг энг машҳур Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларидир.
  3. «Мўъжам» – алифбо бўйича китоблар. Бу турдаги китобларда шайхлар, юртлар ва қабилаларга мансуб ҳадислар алифбо тартиби билан келтирилади. «Мўъжам» китобларнинг энг машҳури Имом ат-Табаронийнинг китобидир.
  4. «Мустадрак» китоблар. Бирор муҳаддис ўз шартлари бўйича мавжуд ҳадисларни китобига қўшмай кетган бўлса, уни бошқа муҳаддис тўплаб китоб қилиши «мустадрак» дейилади. Мисол учун, Ҳоким ан-Нийсобурий Имом Бухорий ва Имом Муслим шартлари бўйича қўшилмай қолган ҳадисларни топиб  «мустадрак» китобини тузган.
  5. «Мустахраж» китоблар. Бу турдаги китобларда муҳаддис ўзидан олдинги бошқа бир муҳаддиснинг китобини олиб, унинг ҳадисларини ўзи топган бошқа ровийлар йўли билан тузиб чиқади. Мисол учун, Абу Бакр ал-Исмоилий Бухорийга, Абу Авона Муслимга, Абу Али ат-Тусий Термизийга «Мустахраж» қилганлар.
  6. Жузларга оид китоблар. Бунда бир киши ривоят қилган ёки маълум бир мавзуга боғлиқ ҳадислар жамлаб бир китоб қилинади. Мисол учун, Имом ас-Суютийнинг «Солат уз-Зуҳа» номли китоби ана шулар жумласидан.

Кейинги асрлардаги уламоларимиз мазкур китоблардан келиб чиқиб,  турли мавзуларда ҳадис китоблари тузганлар. Мисол учун, Имом Нававий  ахлоқ-одобга боғлиқ ҳадислардан «Риёз ус-солиҳийн» китобини, Имом алМунзурий тарғиб ва қўрқитишга боғлиқ ҳадислардан «Ат-тарғийб ваттарҳийб» китобини, Ибн Таймия фиқҳий ҳукмларга тааллуқли китоблардан  «Булуғ ул маром» китобини тузганлар. Ал-Муттақий ал-Ҳиндий «Канз улуммол» номли китобда қирқ минг ҳадисни тўплаган. Имом ас-Суютий ҳаммаҳадисларни тўплаш ниятида «Жамъул жавомеъ» номли китобга тартиб  бериб, юз минг ҳадис тўплаганларидан кейин вафот этганлар. Имом  Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотийб ат-Табризий «Масобийҳ» номли катта китобдан «Мишкот ул-масобийҳ» деган аҳком ҳадисларга оид китобни  тузган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадис китоблари жуда ҳам кўп.  Уларга ёзилган шарҳлар ундан ҳам кўп. Ҳозирда ҳам турли-туман китоблар  топилиб тадқиқ қилинмоқда. Ўки янгидан жамланмоқда, шарҳлар ёзилмоқда. Муҳаддис уламоларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари йўлида, Ислом шариати йўлида қилган  хизматлари ана шундоқ улкан. Бу хизматларни ёзиб, адо қилиш қийин. Шу билан суннат хизмати, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари юзасидан хизмат тугамайди. Эндиги хизмат навбати фиқҳ уламоларига тегишли. Улар муҳаддислар тайёрлаб берган ҳадислардан шаръий аҳкомлар чиқаришлари ва уни Ислом умматига етказишлари керак бўлади.

ТИИ 401 гуруҳ талабаси

Мамасолиев Жалолиддин

392220cookie-checkУлум ул-ҳадис илми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: