Ўтмишнинг хат “вози’” (тузувчи)лари араб ёзувини икки асосий гуруҳга бўладилар. Буларнинг бири “куфий” услуби бўлса, иккинчиси “насхий” услубидир. “Куфий” услубидаги ҳарфлар тури чизиқли ва бурчакли қилиб ёзилса, “насхий” услубида битилган ҳарфлар эса ўзларининг эгилганлиги, ўзига хос бирикуви ва равон ёзишга қулайлиги билан ажралиб туради.
Биз урганишга киришган настаълиқ хати араб ёзувининг “насхий” гуруҳига мансуб бўлиб, манбаларда қайд қилинишича, у шу гуруҳга кирувчи “насх” ва “таълиқ” хатларидан таркиб топгандир. Аслида, “насх” сўзининг луғавий маъноси “йўқ қилиш”, “бекор қилиш” демакдир. Шунингдек, унинг “янги” деган маъноси ҳам бор. “Таълиқ” сўзи эса “бир-бирига осиб қўйилган” маъносини билдиради.
У ҳолда “Настаълиқ” сўзини тахминан “ҳарфлари бир-бирга осиб қўйилган янги хат” деб талқин қилиш мумкин. Дарҳақиқат, дастлабки даврларда бу хат “насх-таълиқ” деб юритилган. Кейинчалик, бу икки сўз ўзаро бирикиб, “х” ҳарфи орадан тушиб колган ва ягона сўз сифатида “настаълиқ” деб юритила бошлаган.
Настаълиқ хати Эрон ва Афғонистонда кўп тарқалган хат тури. Аммо, араб ўлкаларида эса, настаълиқ ва ушбу хат турларини бир хил “Форс ҳати” деб номлайдилар. Аслида эса, настаълиқ хати – Насх ва таълиқ хатлари ўртасини жамловчи, яъни икки хатнинг бирлашмасидир.
Бу хат турини қоидаларини биринчи бўлиб тузиб чиқиб, ихтиро қилган аллома ўз замонасида “Қиблат ул-куттоб” (“Котиблар пешвоси”) унвони билан шарафланган хаттот Хожа Мир Али Табризий (1330-1405) ҳисобланади.
Бу хат турини “настаълиқ” деб номланиши ҳақида бир қанча қарашлар мавжуд:
А) Султонали Машҳадийнинг таъкидлашича, Мир Али Табризий бу хатни насх ва таълиқ ёзувлари асосида яратган.
Б) Мир Али Табризий замонигача ва ундан кейин ҳам китобларнинг асосий матни саҳифа ўртасига насх хатида ёзилар, матнга тааллуқли изоҳлар ёки шарҳлар таълиқ хатида матн ёнларига ёзилар эди. Яъни насх ва таълиқ хатлари ёнма-ён қўйилар ва иккисини бир-бирига изофа қилиб насхтаълиқ деб ҳам атала бошлади. Бу хат ихтиро қилингач, “настаълиқ” деб аталди. Гўё бу хат таълиқ хатини насх қилди (амалдан қолдирди) деган маъно касб этди.
В) Настаълиқ хати деб номланиши ҳам фақат Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларига хос. Чунки бу ёзув турини бошқа жойларда “форсий хат” деб айтилади.
“Насх” хатининг усули тез ёзарликда жуда оддий эди. “Таълиқ” усули эса чиройли эди. Авваллари бу усул “насхи таълиқ” ибораси билан атаб келишган. Кейинроқ, бу атама “настаълиқ” сўзи билан машҳур бўлган. Мазкур хат услуби ўзининг баъзи афзалликлари ва эстетик, замон талабларига жавоб бера олгани учун ХV асрдан бошлаб Эрон, Озарбойжон, Ўрта Осиё, Афғонистон ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларига, арабий-форсий алифбони қабул қилган халқлар орасида кенг тарқалган эди.
ХVII аср бошларида аста-секин оддий хатлар учун ҳам “настаълиқ” усулидан фойдалана бошланди. Настаълиқ араб хатининг чиройли усулларидан эди. Биринчи услуб дастлаб Хуросонда юзага келди ва Жаъфар Табризий услуби номи билан машҳур бўлди.
Иккинчи услуб Абдураҳмон Хоразмийга тааллуқли эди. У Султон Яъкуб Оққуюнли (1480-1490) саройида хизмат қилган эди. Абдураҳмон Хоразмий услуби бир қадар Эроннинг ғарбий-жанубий томонларида шуҳрат топди, аммо кўп давом этмай унинг ўрнини Хуросон услуби эгаллади.
Эронликлар бугунги кунда ўзларига настаълиқ хатини миллий хат қилиб олганлар. Бухоро хаттотлари Домло Бобобек ёки Исматиллобек уларнинг ёзган хатлари бугунги кунда эронликларни ҳам ҳайратга солади. Шундай чиройли ёзса ҳам бўладими, деб эътироф этишади. Чунки Бухоро хаттотлари жуда ҳам нозик ёзишга катта эътибор беришган. Эронда бу анъана Мир Имод замонида катта мавқега эга бўлган, у кишининг шогирдлари ҳам бўлган. Лекин Бухоро хаттотлари Мир Али Ҳиравийнинг тартибларини ўзларига стандарт йўналиш қилиб олганлар ва шу асосда ёзганлар ва у кишини ўзларининг пирлари деб ҳисоблашган.
Тошкент ислом институти 4-курс
талабаси Норбоев Муҳаммаджон