Ақоид илмининг энг машҳур номларидан бўлган “Илму калом” ҳам “Фиқҳул акбар” номи билан бир асрда вужудга келган. “Шарҳу ақоид” китобини тадқиқ қилган Тоҳа Абдур Рауф Саъд унинг муқаддимасида қуйидагиларни келтиради: “Таҳонавий “Кашшофу истилаҳатил фунун” китобида ақоид илмининг илму калом деб номланишига қуйидаги сабабларни кўрсатган:
а) Ақида илмининг бобларига аввалда “Каламу фи каза” (фалон нарса ҳақидаги гап) деб сарлавҳа қўйилган. Шу сабабли бу илмга илму калом ном бўлиб қолган.
б) Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша вақтларда ақида илмнинг энг машҳур баҳсларидан бўлгани сабабли бу илмга калом илми деб ном қўйилган”[1].
Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги эътиқодий баҳс-мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Эътиқодий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Аҳли сунна вал-жамоа бу фирқаларни етакчиларининг исми билан ё қилаётган асосий даъволари билан ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар. Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма-хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзининг нотўғри эътиқодида ниҳоятда ҳаддан ошган ва исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларга ёпишиб олган эди. Бундай кимсалар эътиқод ҳақидаги сўзларга фалсафий қарашларни аралаштириб юборган эдилар. Тарафлар ўртасида бугун “фалон нарса ҳақидаги калом” номи остида, эртага бошқа бир “фалон нарса ҳақидаги калом” атрофида турли ақидавий баҳсмунозаралар, қаттиқ тортишувлар борарди. Шунинг учун ҳам жамият аҳли орасида мазкур шахслар машғул бўлган “калом” билан шуғулланишга шариат нима дейиши ҳақидаги саволлар баралла янграй бошлаган. Табиийки, мазкур шахсларнинг ҳолатларидан хабардор Аҳли сунна вал-жамоа уламолари бундай “калом” билан шуғулланишдан сақланиш лозимлигини қаттиқ таъкидлаганлар. Мазкур “аҳли каломчилар” ўртасидаги баҳс-мунозараларда содир бўлаётган нақлий далилларга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш, қарши томонни кофирга чиқариш каби ҳолатлар уламоларнинг сўзлари ҳақ эканини кўрсатиб турарди. Ушбу даврларда Аҳли сунна вал-жамоа уламолари “калом илми” билан шуғулланишни қатъи равишда батамом ман қилганлар. Кейинчалик “калом илми”нинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга, Қуръон ва суннат асосидаги “калом илми” ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди “калом илми”ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган. Бу ҳақида Имом Ғаззолий “Илжамул авам ан илмил калам” (авом халқни калом илмидан жиловлаб қўйиш) рисоласида, Ибн Вазийр “Таржиҳу асалибил Қуръан ала асалибил юнан” (Қуръон услубларини юнонларнинг услубларидан устун қўйиш) китобларида баҳс юритганлар. Шунингдек, Имомул Ҳарамайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Нававий ва Ибн Асокир каби уламолар бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳукмида бўлишини айтганлари ривоят қилинган. Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага бағишлаб “Истиҳсанул ховзи фи илмил калам” (Калом илмига киришишни маъқуллаш) асарида “калом илми”га қарши чиққанларнинг далилларига жавоб берган[2].
Калом илмини ўрганиш ҳукми: Бу илмнинг ҳукмига келсак, фарзи кифоядир. Бунга Имоми Аъзам розияллоҳу анҳу ишора қилганлар. Қуйида у зотнинг гапларини келтирамиз. Шунингдек, Имомул Ҳаромайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Рофеъий, Ёфиъий, Нававий, Ибн Асокир, Тийбий, Маҳаллий ва Ҳайтамий каби уламолар ҳам (бу илмнинг фарзи кифоя эканини) очиқ-ойдин баён қилишган. “Мултақот” ва “Татархония” асарларида ҳам шундай зикр қилинган. Аммо, бу илмнинг мазаммат қилингани тўғрисида айтилган гаплар бидъат ва ҳавойи нафсга эргашган кишиларнинг гапларига эҳтимол қилинади. Бу илмни инкор қиладиган кишиларнинг “Баъзи салафи солиҳлар калом илмига шўнғиб кетмаганлар” деган сўзларига жавоб қуйидагичадир: Имоми Аъзам розияллоҳу анҳу айтадилар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бу илмга киришмаганлар. Чунки, у зотларнинг мисоллари худди ораларида уларга қарши уришадиган киши бўлмаганлиги сабабидан қурол ишлатишга эҳтиёжи бўлмаган жамоа кабидир. Биз эса, бизларга таъна қиладиган ва қонимизни ҳалол санайдиган кишилар билан балоландик. Орамиздан ким адашган, ким тўғри йўлда эканини билишни ва ўзимиз ва ҳарамимизни ҳимоя қилишни имкони қолмади. Бизларга қарши курашадиганлар билан балоландик. Шу сабабдан бизларга “қурол” ишлатиш (яъни, фикрга қарши фикр билан курашиш) лозимдир”[3] иқтибос тугади”.[4]
“Калом илмини ўрганиш бидъат”, деган сўзларига раддия:
(Замонамизда баъзи кимсалар): “Бу илмни ўрганиш бидъат. Саҳобалар ва тобеъинларнинг замонида бўлмаган”, деб айтади. Бу гапни “Иллат (сабаб) бўлмагани учун унинг ҳукми бўлмаган”, деб рад этамиз. Яъни, у зотларнинг бу илмни ўрганмаганларининг икки эътибори бор:
Биринчиси: Оғиш ва янглишишнинг эҳтимоли бўлмаган тарзда уларнинг ақийдаларининг пок экани эътиборидан. Зеро, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбат қилиш ва тобеъинлар пайғамбар замонига яқин замонда яшаш шарафи билан неъматланганлар. Жаҳолат сабабидан вужудга келган гумроҳлик, залолат, илмсизлик ва шариат ишлари борасидаги маърифацизликни даф қилишда саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, тобеъинлар эса, саҳобаларга таянишган.
Иккинчиси: Ақида ва шариат ҳукмларида тортишувлар, низолар ва муноқашаларнинг уларнинг замонида учрамагани эътиборидан. Жаҳолат, тарафкашлик, фисқ ва ёлғонлар уларнинг орасида тарқалмагани учун бундай машаққатли ишга эҳтиёж сезишмаганлар[5].
Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
Раҳимжонов Раҳматуллоҳ
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Sa’duddin Taftazoniy. “Sharhul-aqoid” – Misr: “Maktabatul Azhariyya” nashriyoti, 2000. – B.8
[2] Абдулқодир Абдур Раҳим. “Эътиқод дурдоналари” – Тошкент: “Шарқ” нашриёти, 2016. – Б.8
[3] Имом Абу Ҳанифа. “Олим ва мутааллим” – Миср: “Мактабатул Азҳарийя” нашриёти, 2009. – Б.9
[4] Низол Оли-Роший. “Бадрул анвор шарҳу фиқҳул акбар” – Иордания: “Нурул мубин” нашриёти, 2017. – Б.47
[5] Шайх Шамсиддин Афғоний. “Ал-жавоҳирул баҳийя ъала шарҳи ақоидун Насафийя” – Ҳиндистон: “Жомеъаҳ Ҳусайнийяҳ” нашриёти, 2016. – Ж.1 Б.37