Киши ҳаётлик вақтидаёқ ўзининг гуноҳкорлигини англаб етиши ва охиратдаги ҳолатини ўйлаши катта бахт. Чунки, қанча инсонлар “беш кунлик дунёда ўйнаб қол”, — деган нотўғри тушунчада гуноҳ маъсиятлар билан вафот этаётгани изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шундай экан ўзлигини англаган банда динимизда ҳаром қилинган амаллардан бутунлай тийилиши ва буюрилган амалларни эса имкон қадар бажариб бориши зарур. Жумладан, беш вақт намозни вақтида адо қилиш, Рамазон рўзасини тутиш, ҳалол касб қилиш, яқинлари ва омма мусулмонларга имкон қадар яхшилик қилиш, доимо Аллоҳ таолони зикри билан юриш ва ҳоказо динимизда тарғиб қилинган амалларни бажаради.
Қисқа қилиб айтганда Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш охиратда нажот, аксинча бўлса эса ҳалокатдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُهِينٌ
Яъни: “Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)” (Нисo сураси 13-14 оятлар).
Айниқса, беш вақт намозни вақтида адо қилиш муҳим, зеро, қиёматда биринчи сўраладиган амал намоздир. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, – деб айтдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Банда намозни вақтида ўқиса, охиратда ютуққа эришади, дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Агар намозни ўз вақтида адо этмаган бўлса, муваффақият-сизликка учрайди, надомат чекади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди…”, деганларини эшитганман” (Имом Доримий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллоҳ таоло айтади:
- Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остдан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга бу ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар. (бақара сураси 25-оят).
(Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ёки кечқурун:
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ
«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», (Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этаман) ёки «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳоналлоҳил азийм», деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина, бўлиши мумкин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом хатиби,
модуль таълим тизими талабаси Суфиев Жаъфархон