islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ғийбатнинг энг ёмони – олимларнинг ғийбати

Билимли инсон ҳар қандай давлат ва жамиятда ўз ўрнини топа олади. Илм-маърифатли инсонлар бамисоли башарият йўлини ёритгувчи машъалага қиёсланади. Дарҳақиқат, инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир илм эди. Илк “Ўқи” амри билан бошланган Қуръон, биладиганлар ва билмайдиганларни тенг эмасликларини таъкидлаш билан бир қаторда илм эгаларининг даражаларини юксалишининг хабарини берган. Қуръонда илм пойдевори, илм асоси, илм сабабчиси, илмга етакловчи омиллардан бири бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, қалам, яъни илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадрини жуда кучли шаклда ифодалайди.

Дарвоқе, илм эгаллаш машаққатли юмуш. Уни игна билан қудуқ қазишга қиёсланишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Бироқ эгалланган илм шундай бойликки, уни ҳеч бир инсон ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди.

Ислом динининг бирламчи манбалари бўлмиш, Қуръон ва ҳадисда илм, илмнинг фазилати, илм аҳлининг даражалари ҳақида жуда кўп хабарлар келган. Тарихда ўтган алломалар ҳам ўз асарларида илм ва илм аҳлига алоҳида эътибор қаратиб, ўз асарларида алоҳида боблар ажратишган. Шунинг учун ҳам мазкур мақолада булар ҳақида тўхталиб, такрорлашни лозим кўрилмади.

Жумладан, бугун Ўзбекистонда ҳам фуқаролар, айниқса, ёшларнинг илм олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Ўғил-қизлар ўзлари қизиққан ҳар қандай соҳанинг етук, малакали мутахассиси бўлишлари учун мавжуд имкониятлардан фойдаланишмоқда. Хусусан, кейинги йилларда айнан диний-маърифий соҳада таълим олувчилар учун ҳам янгидан-янги имкониятларнинг яратилаётгани юртимизда бу борада кучли билимга эга мутахассислар етишиб чиқишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Кўриб, гувоҳи бўлиб турилганидек, муқаддас динимиз бўлмиш ислом шариатида ҳам, шунингдек, ҳукуматимиз томонидан юритилаётган сиёсатда ҳам ёшларни илм олишига тарғиб қилиниб, бунинг учун етарли шарт-шароитлар яратиб келинмоқда. Хусусан, бугун, айни кунларда, аксарият ёшларимиз мамлакатимизда ва хориждаги таълим муассасаларида ўқишни якунлаб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш, маълум соҳанинг етук мутахассиси сифатида ўз фаолиятини бошлаш арафасида, яна кимлар эса, ўз билимини юксалтириш мақсадида таълимнинг кейинги босқичларини давом эттириш ниятида туришибди.

Шу билан бир қаторда айни кунларда мамлакатимизда таълим муассасаларига қабул жараёнлари бошланди. Абитуриент ҳисобланган ёшлар ўз келажаклари учун тамал тошини қўйишмоқда. Шу эътибордан мазкур мақолада ана шундай илм олаётган, илм талабида юрган, илм олиш истагида саъй ҳаракат қилаётган ёшларга ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилишни лозим топилди.

Юқорида таъкидланганидек, бугун ёш авлод илм олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Мамлакатдаги таълим муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланмоқда. Бундан 30-40 йил илгари репетитор деган тушунча кам ишлатилар эди. Бугунги кунга келиб, бу каби фаолият тури ҳам кенг ёйилиб ёшлар илмнинг бирор бир соҳасини эгаллаш учун маълум бир репетиторларга қатнашмоқда.

Шу ўринда ўз-ўзидан табиий бир савол туғилади. Хўш, шунча имконият, шунча шароит яратилган бугунги кунда илм олаётган ёшларнинг ҳаммаси юз фоиз натижа бера оляптими? Афсуски йўқ. Ундай бўлса яна савол пайдо бўлади. У ҳолда бунинг ечими нимада? Табиийки, бу саволга ҳар ким турлича жавоб беради. Масалан, бугунги кун ёшларининг тўқликка шўхлик муносабати, ҳалол луқма, лоқайдлик, дангасалик ва ҳоказо.

Кузатилган ҳаётий тажриба ҳамда устозларимизнинг насиҳатларидан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, бугунги кун ёшларининг аксариятига илм юқмаслигининг, ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам мукаммал илм эгаллай олмаслигининг энг бирламчи сабаби – бугун жамиятда илм аҳлига бўлган муносабатнинг ўзгарганида.

Анас ибн Молик (р.а.)дан Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган ҳадисда Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, илмни мерос қилиб қолдиришган”, – дейилади. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларга паст назар билан қарашади. Аслида илм у диний бўлсин ёки дунёвий бўлсин барчаси Аллоҳинг мулкидир. Аллоҳ бандаларига шариат арконларини қандай фарз қилган бўлса, ҳалолдан касб қилиб, ризқ топишни ҳам ана шундай фарз қилган. Ҳақиқий, етук комил инсон илмни диний ёки дунёвий деб ажратмайди. Ўз ўрнида олим олим деганда фақат шариат илмини эгаллаган олим тушунилмайди. Аксинча дунё илм-фан марраларини забт этган киши ҳам тушунилади.

Кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ўсиб келаётган авлодга таълим-тарбия беришга, уларнинг камолотига бағишлаган, бир сўз билан айтганда, келажак пойдеворини яратаётган шарафли касб эгаларининг меҳнати ҳар доим эъзозда. Ана шундай юксак касб эгалари муаллимлар, ўқитувчилар, мударрислар ва таълим-тарбия билан машғул бўлган инсонлар ҳақида ислом дини таълимотларида қандай муносабат билдирилган? Ушбу савол билан ислом дини манбаларига мурожаат қилинса қуйидагича жавоб олиш мумкин. Динимиз таълимотлари илм эгаларини қадрлайди, ҳурматини ўрнига қўяди. Аллоҳ Қуръонда илм эгаларини мақтаб, уларни юксак даражаларга кўтариши ҳақида ваъда берган. Жумладан, Мужодала сурасининг 11-оятида шундай дейилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни юксак даражаларга кўтаради”.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ҳам илм эгаларининг қадри ва шарафи ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Жумладан Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳолиси, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират тилаб дуо қилишади”.

Одамларга ҳалол-ҳаром, оқ-қорани ўргатадиган олимларнинг шарафи шу даражада. Аллоҳ жамики жонзотларга илм эгаларини ҳурмат қилишни, уларнинг ҳаққига дуо қилишни, қадрига етишни тайинлаган ва таълим берган. Аллоҳга иймон келтирган, Расулуллоҳ (с.а.в.)га эргашган ҳар бир мусулмон илм эгаларини қадрлаши, кўнглини олиши, уларнинг ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши керак.

Шайх Абдураҳмон Саъдий таъкидлаганидек: “Олимларни ҳурмат қилиш билан Аллоҳга қурбат – яқинлик ҳосил қилишлари” аҳли сунна вал жамоат эътиқодидан ҳисобланади.

Хўш, бугун динимизнинг юқоридаги кўрсатмасига тўла-тўкис амал қилинмоқдами? Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда, одамлар орасида юртимизга таниқли, халқимиз ардоқлаган ва мусулмонлар эргашаётган уламоларни, илм эгаларини беҳурмат қиладиган, уларнинг камчиликларини оммага ошкор этувчи турли хабарларга тез-тез гувоҳ бўлиш минг афсуски одат тусига айланди. Бу каби ножўя хабарларга одамларнинг қулоғи ҳам ўрганди.

Шунингдек, ана шундай хабарларда мактаб ўқувчилари ёки олийгоҳ талабалари ўз устозларини ҳақорат қилиши, дўппослаши, ёки устозларни ота-оналар томонидан камситилиши каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бу каби хабарларни эшитганда ёки ўқиганда, бу ишни мусулмон қилмаса керак, балки диндан қўрқадиган, динга адоват кўзи билан қарайдиганлар содир қилган бўлса керак деган ўй ўтади. Чунки мусулмон мусулмоннинг обрўсини тўкмайди. Мусулмон мусулмоннинг шаъни, обрўсини ўзининг шаъни ва обрўси каби билади. Ўз номини қандай ҳимоя қилса, бошқа мусулмоннинг ҳам шарафини шу қадар ҳимоя қилади.

Имом Заҳабий (р.ҳ.) ибн Ҳазм (р.ҳ.) таржимаи ҳолида шу каби одамлардан бири ҳақида мана бу сатрларни ёзган: “У кўп китоблар ёзди. Мунозара қилар экан, тили ва қўлига эрк берди. Уламоларга нисбатан одобсизлик қилиб, уларга қўпол сўзларни ишлатди: таҳқирлади, сўкди. “Қилмиш қидирмиш” деганларидек, жазоси ҳам ўз қилмишининг жинсидан бўлди. Унинг асарларидан баъзи уламолар юз ўгиришди, ундан воз кечишди, нафратланишди. Унинг китоблари тириклик пайтидаёқ ёқиб юборилди”. Уламоларни ҳақоратлаган ва уларга нисбатан журъатли бўлган одамнинг жамият эътиборидан четда қолганига воқеълик гувоҳ бўлмоқда.

Шахсий кузатувлари, тажрибалари асосида синовдан ўтказган уламолар айтишадики, “Кимки уламоларни ғийбат қилса, улар ҳақида нолойиқ сўзларни сўзласа, одамлар орасида уларни айбини ошкор этса, шундан кейин қилган бу ишига улардан розилик олиб, тавба қилмайдиган бўлса, қиёмат кунига қадар унинг зурриёдидан аҳли илм чиқмайди”. Имом Молик ҳам: “Илм аҳлини ғийбатини қилган одамнинг имонидан шубҳа қиламан”, – деганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан”, – дейилади.

Ибн Аббос (р.а.): “Олимга озор берган одам Расулуллоҳ (с.а.в.)га озор берибди. Расулуллоҳ (с.а.в.)га озор берган одам эса Аллоҳга озор берибди”, – деганлар.

Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор”, – дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).

Имом Аҳмад (р.ҳ.) айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак (р.ҳ.) айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Уламолар – Пайғамбар меросхўрлари, дин хизматчилари, илм хазинаси, ҳаққа чақирувчилардир. Олимларини ҳурматламаган жамият душманлар нишонига айланиши аниқ. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда муҳим муаммо. Эътибор қилинса, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига муносабати сабаб бўлди. Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Ижтимоий тармоқлар орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчилар учун ўзимиз қилиб бермоқдамиз.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилган ҳолда, олимлар ҳақида сўз юритаётган, улар ҳақида фикр билдираётганларга мурожаатимиз шуки, эҳтиёт бўлинг, юқорида келтирилган оят, ҳадис, уламоларнинг фикрларидан хулоса қилинг, зурриёдингиздан аҳли имлар чиқишини таъминланг. Уламоларни ғийбат қилганингиз миқдорича уларни мақтанг. Акс ҳолда зарар кўрадиган ўзингиз, келажак авлодингиз бўлади.

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти

 Абдуҳамидов Муҳаммаджон Абдуҳалим ўғли

393130cookie-checkҒийбатнинг энг ёмони – олимларнинг ғийбати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: