Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исмлари Абул Фазл Абдураҳмон ибн Рукнуддин Аҳмад ибн Абдуолғаффор ибн Аҳмад Ийжий ал-Бакрий ал-Митрозий Шерозий бўлиб, насаблари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У зот машҳур қози, мутакаллим, фақиҳ ва луғатшунос, ашаърийя олимолардандир. Шерознинг Ийж шаҳрида ҳижрий 680-йилда (милодий 1281-йил) туғулган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг бизга маълум бўлган устозлари қуйидагилар:
- Имом Байзовийнинг шогирди шайх Зайнуддин Ҳинкий раҳматуллоҳи алайҳ.
- Шайх Имом Фахруддин Абулмакорим Аҳмад ибн Ҳасан Жорбурдий раҳматуллоҳи алайҳ. Фахруддин Абулмакорим раҳматуллоҳи алайҳ Имом Байзовийнинг “Усулул фиқҳ” китобларига шарҳ битган. Имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирларига ҳам бир неча ҳошиялар битган ва 746-йилда вафот этган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳдан илм таҳсил олган шогирдлари ҳам кўп бўлган, улардан баъзилари ҳақида қуйида танишамиз:
- Имом Шамсуддин Муҳаммад Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ. 717-786-ҳижрий йилда яшаб ўтган. Ўн икки йил Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳга шогирд тушган. Шамсуддин Муҳаммад Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ Бухорий”га битган шарҳлари машҳурдир.
- Имом Зиёуддин Абдуллоҳ ибн Саъдуллоҳ Қазвиний раҳматуллоҳи алайҳ.
- Имом Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ. 722-792 ҳижрий йилларда яшаб ўтган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ кўпинча Султонийя шаҳрида истиқомат қилган эди. Форс давлатида ҳукмронлик қилган Илхонийлар сулосига мансуб подшох Абу Саъийд у зотни Шероз шаҳрига қози этиб тайинлаган эди ва бироз муддатдан сўнг Қозул қузот даржасига кўтарилди. Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ ва Форс ўлкасидаги Кирмоннинг амири билан ўзаро низога келиб қолишгани боис амир У зотни ва мансабидан олиб ташлаб ҳибс қилиб қўйди.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг мол-давлати кўп бўлиб кўп қисмини илм ва унинг аҳли йўлида сарф қилар эди. У зотнинг қўлидан Шамсуддин Кирмоний, Саъдуддин Тафтазоний, Саъдуддин Умар ибн Абдуллоҳ каби замонасининг кўзган кўринган катта уламолари етишиб чиққан. Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг илми калом борасидаги сўзлари ҳеч қандай қайд ёки қўшимчасиз ашъарийларнинг наздида якун ясовчи сўз ҳисобланади. У зот раҳматуллоҳи алайҳнинг кўплаб тенгсиз асарлари мавжуд бўлиб, уларнинг ичида энг кўзга кўрингани шубҳасиз “ал-Мавақиф фи илмил калам” номли асарлари ҳисобланади.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ бир неча юксак унвонлар соҳибидир. Қуйида улардан бир нечасини келтириб ўтамиз:
- Шарқнинг қозилар қозиси.
- Шайхул уламо.
- Шофеъийлар шайхи.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг тасниф қилган ктоблари қуйдагилар:
- Ал-Мавақиф фи илмил калом.
Бу китобни таърифлашга йўқ. Илми калом ҳақида маълумотга эга бўлганлар бу китобнинг салмоғи қай даражада эканини жуда яхши биладилар.
- Жавоҳирул калом.
Бу китоб муаллифнинг “Ал-Мавақиф фи илмил калом” номли китобларининг қисқартмаси ҳисобланади.
- ал-Кавошиф фи шарҳил мавоқиф.
- ал-Ақоид ал-азудийя.
Бу китоб ҳажми кичик бўлса-да, ақоид илми борасида кўплаб маълумотларни ўзида жамлаган бўлиб, муаллиф ҳазратлари уни ўн икки кунда ниҳояси етказганлар. Ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
- Ишроқ ат-Таварих.
- Ал-Фавоидул ғиёсийя фил маъний вал баян.
- Уюнул жавоҳир.
8.Таҳқиқут тафсир фи таксирит танвир фи тафсирил Қуръан.
- Баҳжатут тавҳид.
- ар-Рисалатул аъдудийя ва бошқалар.
- Ахлақу Азузиддин.
Муаллифнинг бу китоблари катта китоблардаги маълумотларни битта китобга жамлаб, тўртта мақолага бўлганлар. Бу китобни У зотнинг шогирдлари Шамсуддин Муҳаммад ибн Юсуф Кирмоний роҳимаҳуллоҳ шарҳлаганлар.
- Шарҳу мухтасари Ибн Ҳажиб.
Бу китоб усулул фиқҳ ҳақида бўлиб, Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳнинг мухтаарларига ёзилган энг машҳур шарҳ ҳисобанади. Уламолар бу шарҳга кўп мурожаат қиладилар ва ҳозирги кунга қадар ўз мавқеини йўқотмаган.
Уламолар Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида жуда яхши гаплар айтишган. Имм Хайруддин Заркалий “ал-Аълам” номли китобларида, Жамолиддин Иснавий Шофеий, Саъдуддин Тафтазоний роҳимаҳуллоҳлар “Шазаротуз заҳаб” номли ктобда , Ибн Ҳажар Асқалоний “Дурарул каамина”да, Жалолиддин Суютий “Буғятул вуаат”да, Тожуддин Субкий “Табақотуш шафийя”да Азузиддин Ийжий роҳимаҳуллоҳ ҳақларида қимматли маълумотларни берганлар. Хусусан, Жамолиддин Иснавий Шофеий ўзларининг “Табақотуш шофеъий” номли китобларида қуйидаги маълумотларни айтганлар: “У зот бир қанча илмларда имом, муҳаққиқ, бир нечта машҳур китоблар соҳиби эди. У зотнинг калом илмига оид “Мавақиф”, “Жаваҳир”, усулул фиқҳга оид “Шарҳу Мухтасари Ибн Ҳожиб”, маъоний ва баён илмига оид “Фаваидул ғиясийя” номли асарлари мавжуд. У зотнинг мол-дунёлари кўп бўлиб, карамли, саҳий зот эдилар. (Кирмон шаҳри амири) Абу Сауднинг юртида қозилик қилганлар”[i].
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ Кирмон шаҳри амири Муборизуддин ибн Музаффаруддин билан ораларидаги низо сабабли умрларининг охирини қамоқда ўтказдилар. У зот милодий ҳисобда 1355-йили, ҳижрий ҳисоб бўйича 756-йилда Ийж шаҳридаги Дираймиён қалъасида вафот этдилар.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг шоҳ асарлари калом илмига оид “Мавақиф”номли китоб ҳисобланади. Ушбу асар ақоид илми борасида кўзга кўринган асарлардан биридир. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу китобларида илмларнинг даражаси ҳақида сўз юритиб бундай дуйдилар:
“Илмларнинг даражаси энг олий, фазилати ва мартабаси юқори, фойдаси кўпроғи, эътибор қаратишга энг лойиқроғи шубҳасиз калом илмидир. Б илм Аллоҳ таолонинг борлигини, яккалигини, бошқа махлуқотларларга ўхшамаслигини, улуғ ва карамли сифатлар ила сифатланганини, исломнинг асоси, шаръий ҳукмларнинг пойдевори ҳисобланган нубувватнинг собтлигини билдирадиган илм ҳсобланади. Бу илм ила инсоннинг охират кунига бўлган ишончи тақлид қилиш даражасидан далил асосида билиш даражаси – яқин даражасига кўтарилади. Бундай даража эса дунёда зафар қучишга, охиратда эса нажот топишга сабаб бўлади. Бу илм бизнинг замонимизга келиб енгил қараладиган, уни ўрганш эса ажабтовур ишга айланиб қолди. Инсонлар орасида бу илм ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар ва оз сонли қизиқувчиларгина қолди. Шундай экан, биз бу илмни чуқур ўрганмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлашимиз, калом борасида таҳқиқ йўлидан юришимиз лозим”.
Сўнгра муаллиф роҳимаҳуллоҳ калом борасида ёзилган китоблардаги хато ўриларни санаб ўтиб, бунга сабаб қилиб эса ўша китобларнинг муаллифлари бу илмдан тўла хабардор эмасларини айтиб шундай дейдлар:
“Мен ўзимдаги калом илми ҳақида ёзилган китобларни мутола қилиб, улардан бирортасида ақидада адашган кимсага йўл кўрсатадиган, бу илмга ташналарнинг ташналигини кетказадиган маълумтни топмадим”. Юқоридаги китобларнинг ҳолатини баён қилиб эса бундай дейдлар:
“Бу китобларнинг мухтасар шакли ақида борасида мақсадни ифодалаб беролмайди. Катта китоблар эса хатолардан холи бўлмаслиги билан бир қаторда масалаларнинг ҳақиқатини тушунишдан узоқлаштириб юборади”.
Сўнгра ўзларининг китоблари ҳақида маълумот бериб, китобни олти бобга бўлганлари, ҳар бир бобдаги мавзулар ҳақида қисқача сўз юритганлар.
“Мавақиф” китобининг ёзилш сабаби:
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ китобнинг аввалида унинг ёзилиш сабаби хусусида тўхталиб ўтиб бундай дейдилар:
“Бу илмни талаб қилувчиларига, ақл эгаларининг ҳақиқатни излашларига бўлган меҳр-муҳаббат мени ўқувчини малоллантирадиган даражада катта ҳам, жуда қисқа ҳам бўлмаган ўрта ҳажмдаги китобни таълиф этишимга туртки бўлди. Маълумотларнингг қаймоғини бериб, калом илмидаги баҳсларга киришмай, бирор мазҳабнинг фикрларини қўллаб-қувватламай, очиқ-ойдин қатъий ҳужжат-далилларни ҳам, соғлом ақлга зид келадиган қарши тарафнинг далилларини ҳам келтирмадим. Ҳужжат-далиллар ичидан тўғри-нотўғриси, кучли ёки кучсизлари борасида ҳақиқат булоқлари ҳисобланган нозик нукталарга алоҳида урғу бериб кетдим. Маълумотларни келтиришда далилларнинг кучли ёки кучсизлигига жуда синчковлик билан назар солдим. Шундай қилиб ўзим хоҳлагандек асар вужудга келди”.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу китобни тасниф этиш тарихи ҳақида қуйидагиларни айтади:
“Бу китобни ёзишда бир қанча вақт ўйландим, фикр юритдим, бу ҳақда бир неча теран фикрли, илми каломга қизиқувчан, бу илмнинг қадрини биладиган, эътироф этадиган дўстларим билан ҳам маслаҳат қилдим”.
“Мавақиф” китобинига ёзилган шарҳ ва ҳошиялар:
Аллоҳ таоло бу китобга ҳамма тарафидан қабул қилиниш ва кенг тарқалишни битган экан. Бу китоб барча узтоз-у талабалар тарафидан доимий мурожат қилинадиган манбага айланди. Бир неча уламолар унга шарҳлар, шарҳларга эса ҳошиялар битдилар. Қуйида китобнинг баъзи шарҳ ва ҳошияларини келтириш билан кифояланамиз:
- Шарҳул мавақиф. Муҳаммад ибн Юсуф ибн Алий Кирмоний. Бу зот муаллиф роҳимаҳуллоҳ нинг шогирдларидан ҳисобланадилар.
- Шарҳул мавақиф. Сайфуддин Абҳарий. Балки бу зот машҳур олим Тафтазоний роҳимаҳуллоҳнинг набиралари Сайфуддин Ҳиравий бўлишлари ҳам мумкин.
- Шарҳул мавақиф. Алий ибн Муҳаммад Журжоний. Ушбу шарҳга кўплаб уламолар ҳошиялар битилар:
А) Ҳашиятун ала шарҳул мавақиф. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Наим Басотий. 842 ҳижрий йилда вафот этган.
Б) Таълиқ ал шарҳис Саййид алал мавақиф. Ҳизр Шоҳ ибн Абдулатиф Мунташавий Румий Ҳанафий. 853 ҳижрий йилда вафот этган.
В) Ҳашиятун ала шарҳул мавақиф лил Журжоний. Абдулҳаким ибн Шамсуддин Саялкутий. 1067 ҳижрий йилда вафот этган.
Юқоридаги шарҳлар, уларга ёзилган ҳошиялардан маълум бўладики, “Мафақиф” китоби асрлар давомида уламолар ўртасида қўлдан-қўлга ўтиб келаётган, ҳамма бирдек тан оладиган, калом илмида таълф этилган беназир шоҳ асарлардан биридир.
Манбалар ва интернет маълумотлари асосида
Тошкент ислом институти ректор
ёрдамчиси Абдулло Ғофуров