Имом Ғаззолий кейин ҳақиқат қидириб фалсафани пухта ўрганишга киришдилар. Файласуфлар фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқийн ва саодатга эришиш мумкин дер эдилар. Имом Ғаззолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғаззолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақиқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга халақит бермади. У киши бу борада ўз илмий изланишлари натижасини фалсафа ва мантиққа аталган ўз китобларида ёзиб қолдирдилар.
- Мақосидул фалосифа.
2. Таҳофутул фалосифа.
3. Маҳкун назар фил мантиқ.
4. Меъёрул илм фил мантиқ.
5. Ал-Мунқиз миназ Золал.
Имом Ғаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:
1. Аниқ фанлар. Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади деб алданиб қолмасликлари керак.
2. Мантиқ. Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқда ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибида хабардор бўлиш каби нарсалардир.
3. Табиий илмлар. Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.
4. Сиёсий илмлар. Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб уларнинг кўпи Аллоҳ таоло пайғамбарларга нозил қилган китоблардан ва набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун буларнинг ҳам дину диёнатга тегишли жойи йўқ.
5. Ахлоқий илмлар. Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб бошқаларини тарк қилиш лозим.
6. Илоҳиётга оид илмлар. Бу борада файласуфлари ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўқ қўйдилар.
Имом Ғаззолий асосан файласуфларни худи шу бобда танқид қиладилар. Кўпчилик фалсафа ҳақидаги танқидий гапларни умумийлашган ҳолда тушуниб хато қиладилар. Имом Ғаззолий файласуфларни учга тақсим қиладилар:
Даҳрийлар. Улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва сонеълигини инкор қилган ва олам ўзини ўзи яратган дейдиган зиндиқлардир.
Табиатчилар. Улар Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилсалар ҳам қайта тирилиш ва совобни инкор қилганлари учун диндан чиққанлар.
Илоҳиётчилар. Булар илоҳиёт ҳақида баҳс юритган Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий ва Ибн Синога ўхшаш файласуфлар. Уларнинг баъзи гапларини эътироф қилишдан бошқа чора йўқ. Мисол учун Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилишлари. Аммо баъзи гапларида улар адашиб қолганлар.
Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдору илми калом уламолари унинг номида фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.
Имом Ғаззолий эса ўзлари фалсафани яхши билганлари учун айбларини англаб етганлари учун бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда бу нарсани англатиш лозим эди. Чунки ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тутушмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар эди. Бу эса ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди.
Имом Ғаззолий «Мақосидул фалосифа» номли осон тил ва услуб ила китоб ёзиб кўпчиликка фалсафа нима ва файласуфларни нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда Имом Ғаззолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки танқидсиз айни ўзини келтирдилар.
Имом Ғаззолий кўпчиликка фалсафа нима, файласуфлар ким ҳамда мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин фалсафани танқид қилишга ўтдилар.
Бу ишни Имом Ғаззолий асосан «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Бу китобнинг муқаддимасида Имом Ғаззолий ўша пайтларда бошқалардан ўзларини юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар Исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, динга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай диндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. сўнгра мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни айтадилар:
«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Арстотулис каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақлларини ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларининг нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларини, буюк ақлли бўлганлари учунгина анашу ишларни қила олишларини эшитганларидир.
Шунингдек, ана ўшалар ақллари ўткир бўлишлари ва фазллари кўп бўлишига қарамай шариатлар ва динларни инкор қилишлари, динлар тўқиб чиқарилган ҳийла найрангдан иборатлигини эътиқод қилишларни ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидандир».
Имом Ғаззолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар.
Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган. Мазкур йигирма масаладан учтасида файласуфлар куфр кетганлиги ҳақида қарорга келинди. Ўша уч масала қуйидагилар:
- Файласуфларнинг олам қадимдир деган гаплари.
Файласуфлар ўзларининг турли ақлий далилларидан келиб чиқиб олам қадимдир, у кейин пайдо бўлган ҳам эмас, уни биров яратган ҳам эмас деган фикрни айтганлар. Имом Ғаззолий уларга олам қадимий илоҳий ирода ила мавжуд бўлгани. Ўша ирода оламни маълум вақтда вужудга келишини ирода қилган. Ундан олдин мавжуд бўлиши ирода қилинмаган эди. Шунинг учун у пайдо бўлмаган. Янги пайдо бўлган ҳар бир нарса эса силсила ила охирги ва қадимги сабабга бориб тақалади. Ўша сабаб Аллоҳ таоло эканлигини таъкидладилар. - Файласуфларнинг Аллоҳ таоло жузъий нарсаларни билмайди деган гаплари. Файласуфларнинг фикрича Аллоҳ таоло фақат собит куллиётларнигина билади. Шу нарса унинг камолига мос келади. Жузъий – майда нарсалар ўзгариб туради. Шунинг учун уларга боғлиқ илм ҳам ўзгариб туради. Илмнинг ўзгариб туриши эса Аллоҳ таолонинг камолига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло инсониятнинг амалларини тўп шаклида умумий ҳолда билади, холос. Одамлардан алоҳида шахсларнинг қилган амалини билмайди. Имом Ғаззолий Аллоҳ таоло ўша жузъий амалларнинг барчасини ўзгармас битта илм ила билишини таъкидлайдилар.
- Файласуфларнинг охиратда жасадларнинг қайта тирилишини инкор қилишлари. Уларнинг фикрича охиратда фақат руҳлар қайта тирилтириладилар, холос. Бинобарин жаннатда жисмнинг лаззатланиши ва дўзахда азобланиши ҳам бўлмайди. Имом Ғаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларнинг чириганидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини таъкидлайдилар.
«Таҳофутул фалосифа» китобнинг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларни куфр кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг диниф эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос. Фалсафани илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг равишда кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеа эди.
Имом Ғаззолий шу тариқа фалсафанинг обрўсини чилпарчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва деярли бирорта эътиборга олса бўладиган раддия ҳам қила олишмади.
Хулоса
Демак, Имом Ғаззолий яшаган ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олганди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этардилар. Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди.
Ўшалардан энг улуғи ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас, деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ – ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.
Мисол учун оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини Имом Ғаззолий «Такофуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» – Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар. Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари олам азалий – қадимий деса, бошқалари олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган.
Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга Имом Ғаззолий Юнон файласуфларидан олдигиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган фаласуфларнинг далиллари бирма бир келтириб баён қилидлар.
Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, дейдилар Имом Ғаззолий. Аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.
Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди. Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!
Унинг ўрнига инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар Имом Ғаззолий. Мисол учун нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами? Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлган мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста – секин оврополикларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб катта муваффақиятларга эришдилар.
Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.
Инсоннинг ақл доирасидан ташқарида, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбадан, яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.
Ҳозиргача кўпчилик мусулмонлар, жумладан, Имом Ғаззолий фалсафани бутунлай куфрга чиқарган деган хаёлда юрадилар. Аммо аввал ўрганиб ўтганимиздек аслида ундоқ эмас. Имом Ғаззолий фалсафани олтидан бирини, илоҳиётга тегишли ерини, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, илоҳиётга тегишли йигирмата масаладан учтасини куфр эканини баён қилганлар, холос.
Аммо у кишининг ўзлари кучли файласуф бўлганлари аниқ. Балки кучли файласуф бўлибгина қолмай фалсафада тубдан бурулиш ясаган ва уни тўғри йўналишга йўллаган аллома сифатида танилганлар.
Имом Ғаззолийнинг жаҳон фалсафасида тутган ўрнини тушуниб олиш учун дунёда донғи кетган мусулмонмас бирорта файласуф билан солиштириб кўриш лозим бўлади. Келинг, ўша файласуф уларнинг энг каттаси, янги фалсафа отаси уновонини олган франсалик машҳур файласуф Рене Дикарт бўлсин.
Дикартни машҳур қилган асосий нарса унинг шак назариясидир. У ҳақиқий маърифатга эришишдан олдин шак зарурлигини таъкидлайди. Унинг бу назарияси Имом Ғаззолийнинг шакларига жуда ҳам ўхшайди.
Ғарбда Имом Ғаззолийни билмаганлари учун шак назарияси фақат Дикартга тегишли деган эътиқод ила уни кўкларга кўтариб мақтайдилар.
Шарқда Имом Ғаззолийни билганлари учун буюк файласуф Дикартнинг назариясига ўхшаш гапни айтган шахс ҳам борлигини эслаб қўядилар.
Баъзи бирлари журъат қилиб Дикарт ва Имом Ғаззолийнинг шакларини солиштириб ҳам қўядилар. Аммо бу борадаги ҳақиқатни ҳеч ким билмайди. Ушбу ҳақиқат ила бу сатрларнинг котиби устоз Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқафатни» номли китобларидан билди. У киши мазкур китобнинг 99 – 100 бетларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Сўнгра бу масалада барча иккиланиш ва ноаниқликка чек қўядиган васиқа – ҳужжат юзага чиқди. Уни устоз Маҳмуд Бийжу доктор Зақзуқдан нақл қилди. Унда айтилишича тунислик тадқиқотчи Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳ Дикартнинг кутубхонасида «ал-Мунқиз миназ Золал» китобининг таржимасини топган. Унда Имом Ғаззолийнинг «Шак яқийн – ишончли илм – нинг биринчи поғанасидир» деган машҳур ибораси Дикартнинг эътиборини жалб қилгани белгиси бор эди. Дикарт ўша иборанинг тагига қизил қалам билан чизиб қўйган ва унинг тўғрисига, ҳошияга «Бу бизнинг назариямизга кўчирилади» деб ёзиб қўйган экан.
Энсклопедиячи тарихий тадқиқотчи устоз Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳ 1975 – милодий санада Жазоирнинг Аннаба шаҳрида бўлиб ўтган Ислом фикрининг ўнинчи учрашувида маъруза қилди. Унда қандай қилиб Дикарт Имом Ғаззолийнинг назариясини ўзиники қилиб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Дикартнинг ўз қўли билан ҳошияга ёзган нарсасини ўқиганини ҳам гапириб ўтди. Мен ўша учрашувда иштирок қилган ва унинг мазкур маърузасини эшитган юзлаб одамлардан бири эдим».
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
кабинет мудири Жўрабоев Икромжон