Аллома Абдуннабий Аҳмад Нажрий ҳинд диёрининг машҳур олимларидан ҳисобланади. Лекин у зотнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотлар жуда кам келгандир. Ҳиндистон ҳудудида яшаб, ижод қилган уламолар, улар яшаган замон ва уша даврлардаги муҳит ҳақида таълиф этилган, тарихчи олим Саййид Абдулҳай ибн Фахруддиннинг қаламига мансуб “Ҳинд тарихидаги машҳур кишилар ҳақида хабарлар” номли китобда жуда кўп маълумотлар келган. Бу китобда ҳинд диёрида яшаб, ижод қилган олимлардан 4500 га яқини ҳақида маълумотлар тартиб билан келган. Мана шу асарда биз ўрганаётган “Жомеъул-улум” китоби муаллифи аллома Абдуннабий Аҳмад Нажрий ҳақида ҳам қисқача хабарлар ворид бўлган.
“Ҳинд тарихидаги машҳур кишилар ҳақида хабарлар” асарида айтилишича, аллома Абдуннабий Аҳмад Нажрийнинг тўлиқ исми Абдуннабий ибн Абдуррасул ибн Абу Муҳаммад ибн Абдулворис Усмоний Аҳмад Нажрий бўлиб, ҳинд диёридаги машҳур олимлардан биридир. У зот Аҳмаднажр шаҳрида туғилган ва у ерда ўсиб-улғайган. Алломага Аҳмад Нажрий нисбати у зот туғилган шаҳар Аҳмаднажр шаҳрига қарата қўйилган. Бошланғич таълимни ўз отасидан ўқиб-ўрганган ва отасининг вафотидан кейин Абдуллоҳ Аҳмад Нажрий ва Саид Бахш Ҳусайний ал-Кирмоний ал-Хайрободийдан таълим олади.
Сўнг олим Гужурот шаҳрига сафар қилади. У ерда Шайх Қутбиддин Усмоний ал-Гужуротийдан “Ал-Ҳашиятул қодийма” ва ундан бошқа дарслик китобларни ўқийди. Кўпчилик китобларни Шайх Муҳаммад Муҳсин ибн Абдурроҳман ал-Гужуротийдан ўрганади. Абдуннабий Аҳмад Нажрий у кишини бир муддат лозим тутадики, ҳаттоки наҳв ва мантиқ илмида ўз асрининг энг билимдонларидан бирига айланади. Кейин Аҳмаднажр шаҳрига қози бўлади. У зот дарс беради ва жуда кўп жамоат у кишидан таълим олади.
Аллома туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумотлар келмаган. Абдуннабий Аҳмад Нажрий яшаган давр ҳижрий ҳисобда 12-асрларга тўғри келади. Олим Гужурот шаҳрида яшаб, у ерда ижод қилади. У зотнинг таълиф этган асарларидан “Жомеъул ғумуд ва манбаъул фуюд” Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асарига кенг шарҳ бўлиб, жуда кўп маълумотларни ўз ичига қамраб олгандир. Шунингдек, аллома биз ўрганаётган “Дастурул уламо фи истилоҳотил-уълум вал-фунун” асарини тўрт жилд қилиб ёзган.
Бу асар олимнинг жуда машҳур асарларидан бири бўлиб, олимни дунёга танитган. Олим “Жомеъул-улум” асарини ҳижрий 1184-йили ёзиб тугатган. Олим мана шу китобни, яъни “Жомеъул-улум” асарини Шайх Баҳоий, Баҳроний ва улардан бошқалар каби баъзи мусулмон уламолари орасида тарқаган услубга суянган ҳолда таълиф этган. Шунинг учун ҳам асарнинг тўртта жузида фиқҳ, луғат, одоб, шеър, тиб, тарих, усул, суннат, ҳикоя, фалак, қозилик, юлдузлар, фалсафа ва буржлар ҳақида маълумотлар келган. Ҳаттоки асарга муаллиф тарафидан қўйилган яна бир ном “Кашкул” (ён дафтарча) деган номни ишлатишнинг ҳам имкони бўлди. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Қози Абдуннабий Аҳмад Нажрийнинг кўпроқ мана шу биз ўрганаётган асаригина жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти. Алломанинг бундан ташқари яна бир қанча асарлари мавжуд бўлиб, улар ҳам дин илмларида жуда аҳамиятлидир. Хусусан, Яздийнинг “Шарҳут-таҳзиб” асарига батафсил ҳошия, сарф илми ҳақидаги “Дастурул мубтади”га ҳошия, Омилийнинг “Хуласотул ҳисоб” асарига ҳошия, аллома Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” асарига ҳошия каби асарларни таълиф этади.
Тошкент ислом институти
талабаси Қурбонов Аҳлиддин