Муқаддас динимиз ислом деб номланди. Бу динни Аллоҳ таолонинг Ўзи “ислом” деб номлади. Ушбу калима тинчлик, саломатлик, бўйсуниш, хавфсизлик, эсон-омонлик деган маъноларни англатади.
Динимизнинг асосий устунлари бешта: иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларидан иборат. Мазкур амаллардан ҳар бирини тўла-тўкис адо этиш учун тинчлик-хотиржамлик керак бўлади.
Исломнинг маъноларидан бири тинчлик демакдир. Тинчлик аввало кўнгил хотиржамлигидан бошланади. Ундан кейин бу тинчлик оиласига ўтади. Агар оилалар тинч бўлса, маҳалла тинч бўлади. Маҳалланинг тинчлиги юртнинг тинчлигига олиб келади.
Қайси юртда тинчлик барқарор бўлса, ўша ерда илм-фан, маданият ривожланади, тараққиёт бўлади. Барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилади. Халқи фаровон яшайди. Унинг акси бўлган жойда жаҳолатпарастлик, илмсизлик авж олади, қотилликлар юз беради. Мамлакат тараққиёти орқага кетиб, фуқаролари қулликка маҳкум бўлади.
Аллоҳ таолонинг 99 исми ва сифатлари бўлиб, улардан бири “Ас-Салом”дир. У саломатлик, тинчлик маъноларини билдиради. Аммо бунинг акси, мазкур сифатлар ичида ёмонлик, нотинчлик маъносини англатувчиси йўқ. Демак, Яратувчи зот бандаларига ёмонликни раво кўрмайди. Дину диёнат инсонларни ҳеч қачон ёмонликка бошламаган. Энди кимки ёмонликни пайдо қилса, уни динга нисбат берса ёлғончилигини маълум ва ошкор қилган бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбияда Макка мушриклари билан ўн йил давомида урушмаслик ҳақида сулҳ, яъни тинчлик шартномасини туздилар. Аллоҳ таъоло бу сулҳни тўғри бўлганлигини тасдиқлаб Фатҳ сурасини нозил қилди. Бу тинчлик сулҳи мусулмонлар учун улкан муваффақият бўлганини билдирди. Аммо саҳобаларнинг кўпчилиги “Биз мушриклар айтган шартларга рози бўлсак, қандай қилиб бу улкан муваффақият бўлади?” деб ҳайратда қолганлари ҳам бўлди, эътироз билдирганлари ҳам топилди. Дарҳақиқат, мазкур тинчлик ҳақидаги Ҳудайбия сулҳидан кейин икки йил давомида мусулмон бўлганларнинг сони, ундан аввалги ўн тўққиз йил давомида мусулмон бўлганлардан кўп бўлди. Пайғамбар алайҳис саломнинг қилган тадбирлари ва Аллоҳ таъолонинг тасдиғи ўша давр одамларини ҳайрону лол қолдирган бўлса-да, кейинчалик тинчлик туфайли келган ютуқ, улган муваффақиятлар бунинг нақадар тўғри бўлганлигини исботлади.
Замонамиз уламоларидан бири марҳум Рамазон Бутий тинчлик ҳақида шундай деган эди: “Бир муаммони ечими уруш орқали ўн кунда ҳал бўлса, тинчлик туфайли ўн йилда ҳал бўладиган бўлса, тинчлик томони олинади. Сабаби ўн кунлик уруш оқибатларини ўн йилда ҳам қайта тиклаб бўлмайди!”
Умумий аҳолиси 145 млн.дан кўпроқ бўлган Индонезия давлатининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилади. Тарихда Индонезия ва унинг атрофида бўлган Малайзия, Сингапур каби мамлакатлар аҳолиси тинч йўл билан, яъни мусулмон савдогарлари таъсирида Ислом динини қабул қилганлар. Мазкур давлатлар ҳозирги кунда иқтисодий, сиёсий ва маданий ривожланиш жиҳатидан юқори ўринларни эгаллайди. Бундан кейин ҳам қаерда тинчлик бўлса, ўша ерда Ислом дини равнақ топади, мусулмонлар сони кўпаяди, илм маърифат ривож топиб, мамлакат тараққий этади. Ғояси қанчалик жимжимадор бўлмасин уруш фақат ва фақат вайронкорликка, расволикка ва таназзулга олиб келишини тарих кўп бор исботлаган.
Намоз ибодатини ўташ учун аввало инсон таҳорат олиши керак. Ундан сўнг Роббисининг ризолигини топиш мақсадида намоз ўқийди. Бу ибодатни адо этиши учун банданинг кийими, бадани, намоз ўқийдиган жойи пок бўлиши керак. Қиблага юзланиши, намоз вақти кирган бўлиши фарз ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, банда Роббиси билан “мулоқот” қилиши учун тинчлик керак. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинаи мунаввара ҳимояси учун Ҳандақ ғазотига чиқиб, пешин ва аср намозлари қазо бўлди. Шу куни улуғ саҳобалар ва кўпчилик мусулмонларнинг намозлари қазо бўлган эди. Демакким, намозни ўз вақтида ўташ учун тинчлик керак экан.
Пайғамбар алайҳиссалом замонларида мусулмонлар мушрик кофирлар зулмидан қочиб, омонлик юрти Ясрибга ҳижрат қилганлар.
Ҳозирги ўзини Ислом дини “ҳимоячиси” ҳисоблаётганлар, тинч юртдан қочиб, уруш бўлаётган жойга бормоқдалар. Демак, бундан кўринадики уларнинг бу борада етарли илмлари йўқлиги оқибатида, ўзгалар тузоғига алданиб қолаётганликлари маълум бўлади.
Бугунги кунда янги ва замонавий масжидлар тинч юртда барпо этилмоқда ва жума ва беш вақт намоз адо этиляпти. Саодат асрида ҳам илк масжид Қубо масжиди омонлик юрти Мадинаи Мунавварада қурилган эди ва дастлабки жума намози ҳам шу ўлкада ўқилган эди. Рўза, закот, ҳаж ибодатларининг фарз бўлиши, азоннинг жорий бўлиши, масжидда минбар барпо қилиниши тинч юртда бўлган эди.
ТИИ тиллар кафедраси ўқитувчиси
Абдуллаев Алишер