Тарихдан аввалги савдо-сотиқ мол айрбошлаш (бартер) усули орқали амалга оширлганидан хабардормиз. Ислом дини вужудга келган дастлабки еттинчи асрларда мусулмонларда танга-пул зарбхоналари йўқ эди. Шунингдек, Пайғамбар Муҳаммад алайиҳиссалом замонида Византия олтин динори ва Сосоний кумуш дирҳами амалда бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги вақтида тилло ломбига Румликларнинг нақшинкор сурат туширилган тангаларига ўхшаш доирасимон шаклда дирҳам зарб қилинди. Ҳамда четларига “Алҳамдулиллоҳ, Муҳаммад Росул Аллоҳ, Ла илаҳа илла Аллоҳ”, каби исломдаги улуғвор калималарни қўшиб қўйди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврига келиб, Сосоний кумуш дирҳамларига “Аллоҳу Акбар, Бисмиллаҳ”, каби иборалардан нақш сифатида фойдаланилди[1].
Кейинчалик уммавий халифаси Абдулмалик ибн Марвон (65-86 ҳ., 684-705 м.) ҳокимият тепасига келгач, Ироқ волийси Ҳажжож ибн Юсуфга ўша вақтдаги қўшни Византия ва Сосон каби давлатларга зарб қилишда тақлид қилмасдан, балки, фарқли равишда суратсиз, фақат “Ла илаҳа илла Аллоҳ”, деб ёзилган мустақил давлат белгисини ифодалайдиган, исломий танга зарбхоналари ташкил қилишга буйруқ берди. Бир дирҳам (қадимги кумуш танга=2,975гр, яъни 3гр)[2]ни вазнини 14 қийрот (карат=0,2125гр)га, бир динор(қадимги тилла танга=4,25гр)ни 20 қийротга тенг этиб белгилади. Ҳар ўн дирҳам эса етти мисқол (4,25гр)[3] этиб белгиланган. Ҳижрий 73, мелодий 692 йилда барча қўл остидаги фатҳ қилинган давлат ва шаҳарларга жорий қилди. Абдулмалик 77-ҳижрий йилга келиб, суратсиз, фақат ўз давлат раҳбатларидан бошқасини номи ёзилмаган, шунингдек Қуръон оятларидан бирор оят битилган, ислом эътиқодини ифодалайдиган тилло динорлар зарб қилишга буйруқ берди. Тилло динор тангани олд томони ўртасига: “Ла илаҳа илла Аллоҳ ваҳдаҳу, Лаа шарика лаҳ”-деб нақш қилинган бўлса, атрофига Фатҳ сурасининг 28-ояти ёзилган.
Қуйидагича Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيدًا
“У ўз пайғамбари (Муҳаммад)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча дин(лар)га ғолиб қилиши учун юборган зотдир. Аллоҳнинг ўзи (бунга) етарли гувоҳдир”.
Динорнинг орқа томонига эса “Ихлос” сурасининг уч ояти битилган.
قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ
(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир.
اللَّهُ الصَّمَدُ
Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир.
لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ
У туғмаган ва туғилмаган ҳам.
Айнан ислом динига оид сўзларни битилишига сабаб қилиб ўша вақтда Византия тилло динорларидан муомилада ишлатилгани учун Византия ҳукмдори Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаққига ҳақорат сўзи ёзилган динорларни зарб қилдиргани, натижада Византия динорлари муомиладан чиқарилиб мустақил зарбхона ташкил қилишини келтиришади. Лекин уламолар ўша вақтда бу каби сўз ва оятларнинг тангаларга ёзилишини яхши ҳисобламай макруҳ дейишган. Шунингдек, ким султон зарбхонасидан бошқа жойда зарб қилса, таьқибга олиниб, қаттиқ жазо қўлланган. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу мустақил зарбхоналар ташкил қилиниши, ўша вақтда халқнинг тумуш тарзи яхшиланишига, иқтисод ривожига ижобий таъсир қилган. Худди шу кўринишда фақат нақшинкор қилиб, Абдулмаликдан сўнг Валид ибн Абдуроҳман зарб қилдирди.
Шу билан биргаликда, бу зарбхоналар кейинги давр тоҳирийлар, сомонийлар ва қорахонийлар каби бизнинг диёримиздаги давлатлар ташкил топишида, ички ва ташқи бозор иқтисодиётининг ривожи учун асос бўлиб хизмат қилди. Ҳатто кўпгина фиқҳий китоблардаги муомилот (олди-берди, савдо сотиқ)га тегишли қисмлари ва закот, ушрдан олинадиган ибодатга тегишли қанча миқдорда эканини белгилашлари, айнан хулофои рошидинлар ва умавийлар давридаги зарб қилинган тангалар орқали ҳисоб-китоб ва вазни бўйича бўлгани учун ҳам, бу борада янада чуқурроқ билишимиз керак бўлган энг муҳим маълумотлардан бири десак хато қилмаган бўламиз. Юқоридаги расмда кўрсатилган динор ва дирҳамлар умавийлардан то усмонийлар империясигача давом этди. Ҳозирги кунда ҳам айрим араб давлатларида ҳам тиллодан иборат динорлар муомилада ишлатилади.
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
[1] Абул Фида Исмоил ибн Умар ибн Касир Қурайший. Ал-Бидая ван-ниҳая. – Байрут: Дару иҳё ат-турос арабий, 1988. Ж. 4. – Б. 567.
[2] Абдулазим Зиёвуддин. Ўлчов бирликлари. – Т.: Мовороуннаҳр, 2009. –Б. 11.
[3] – Ўша асар. –Б. 12.