قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم:
نَضَّرَ الله امْرَأً سَمِعَ مَقَالَتِي فَوَعَاهَا وَحَفِظَهَا وَبَلَّغَهَا.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, тушуниб, сўнг етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин» – Имом Аҳмад ривояти.
Аллоҳ таолонинг марҳамати ва инояти билан ҳадис илмига оид яна бир мўътабар манбанинг илмий-изоҳли таржимаси ва шарҳини нашр қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари тўпланган мазкур “Мишкотул масобиҳ” китоби асрлар бўйи юртимиз мадрасаларида ҳадис фанидан энг асосий ўқув қўлланмаларидан бири ҳисобланган. Ушбу асар нафақат қадим Мовароуннаҳр мадрасаларида, балки Усмонийлар салтанати ҳудудларида ҳам, Ҳиндистон-Покистон ўлкаларида ҳам ҳадис фанидан дарслик бўлиб хизмат қилган. Уни ўқиган талабаларни “Мишкотхон” деб эҳтиром қилиб келинган ва уларга ушбу асарни устоз ҳузурида ўқиб чиққанлиги тўғрисида ўзига хос ижоза – шаҳодатнома берилган. Тарихчилар ушбу асарни XVI асрдаёқ Бухоро мадрасаларида ўқитилганини аниқлаганлар. Демак, бугунги кун авлоди жонажон юртимиз тарихидаги, ватанимиз олий ўқув юртларида қарийб беш юз йил дарслик бўлиб келган асар билан танишишга ҳақлидирлар.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Қудратиллоҳ Сидиқметов, Ҳикматиллоҳ Абиев, Жалолиддин Холмўминов ва Шокиржон Мадаминов томонидан таржима қилинган “Мишкотул масобиҳ шарҳи” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни ТИИ Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод домла Примов кириш сўзи билан очиб берди.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” катта ўқитувчиси Қудратиллоҳ домла Сидиқметов “Суннат ислом шариъатининг иккинчи асосий манбаси”, Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси Жалолиддин домла Холмўминов ““Мишкотул масобиҳ” асарининг ёзилиш тарихи ва ўзига хос хусусиятлари” мавзусида нутқ сўзладилар.
Кўкалдош мадрасаси мудири Абдулҳаким домла Матқулов ҳам тақдимотда иштирок этиб, муаллифларнинг меҳнатларини эътироф қилдилар, асарнинг халқимизнинг ҳадис борасидаги илмини ўстиришдаги аҳамитига юқори баҳо берди.
Бу мўътабар китоб таниқли муҳаддис олим Валиюддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Табризий (ваф. 741 ҳ./1340 м.) раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб бўлиб, “Мишкотул Масобиҳ” – “Чироқлар токчаси” деб номланади. Муаллиф севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларини буюк қалбларидан таралишига ишора қилганлар. Ёки ҳадиси шарифларни чироққа, ўз китобини эса чироқлар қўйиладиган токчага ўхшатганлар. Шунингдек, асар номи ўз манбаси ва асоси бўлмиш “Масобиҳ” китобига ҳам ишора қилади. У эса Муҳйиссунна Ҳусайн Бағавий (436-510 ҳ./1044-1117 м.) раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб бўлиб, унда тўрт минг атрофида ҳадислар бўлган. Валийуддин Табризий раҳимаҳуллоҳ эса уни қайта ишлаб, ҳадислар сонини қарийб олти мингга етказиб, мукаммал ҳолатга келтирган.
Асрлар давомида “Мишкотул Масобиҳ” ва унинг асли бўлмиш “Масобиҳ”га ўнлаб шарҳлар битилган. “Мишкотул Масобиҳ”га илк шарҳ муаллифнинг ўз устози Шарафуддин Тийбий (ваф. 743 ҳ./1342 м.) раҳматуллоҳи алайҳ томонидан битилган. Ушбу асарнинг бир қанча шарҳлари бор бўлиб, бизнинг юртларда машҳур бўлган шарҳларини эса икки нафар ҳанафий муҳаддис олимлари ёзишган. Улардан бири Мавлоно Али Қори (ваф. 1014 ҳ./1606 м.) раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган “Мирқотул мафотиҳ” номли шарҳи, иккинчиси эса Абдулҳақ Бухорий Деҳлавий (958-1052 ҳ./1551-1642 м.) раҳимаҳуллоҳ томонидан ёзилган “Ламаоти Танқиҳ шарҳу Мишкотил масобиҳ” асари ҳисобланади.
“Мишкотул масобиҳ” асари замонавий манбашунослик ва илмий изоҳлаш услубларига амал қилган ҳолда шарҳланган. Асарнинг ўзбек тилига тўлиқ академик таржимаси ва илмий-изоҳли шарҳи юқорида айтиб ўтилган икки мўътабар шарҳ “Мирқоти мафотиҳ” ва “Ламаоти Танқиҳ шарҳу Мишкоти Масобиҳ”, шунингдек, “Хайрул мафотиҳ шарҳу Мишкотил Масобиҳ” асарлари, қўлёзма ва тошбосма манбалар ҳамда замондош олимларнинг ёзган шарҳлари асосида тайёрланиб илк бор нашр этилмоқда.
Шу билан бирга “Мишкотул масобиҳ” китобини шарҳ қилишдан олдин ҳадис илми истилоҳлари тўғрисида содда ва қисқа баён қилишни ирода қилинган. Шу мақсадда одатда китобни ўқишда илм толиблари ўртасида дарс қилиб ўқиладиган муҳаддис аллома Абдулҳақ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муқаддиматун фи мусталаҳоти илмил ҳадис”, яъни “Ҳадис илми истилоҳидаги муқаддима” китобини ихтиёр қилинди. Ушбу китоб “Мишкотул масобиҳ” китобининг шарҳига киришиш учун кифоя қиладиган даражада, ортиқча баҳслардан холи мўъжазгина рисоладир. Илм остонасидаги кишилар ҳам ундан фойда олгани каби олим кишилар ҳам ундан беҳожат эмас.
Шундай қилиб, “Мишкотул масобиҳ” асарининг кўп жилдли, илмий-изоҳли академик шарҳи юртимиз мусулмонларига муборак бўлсин. Аллоҳ таоло бошланган хайрли ишни муваффақият билан охирига етказишни насиб айласин!
ТИИ Матбуот хизмати