Ўрта асрларда турли илм соҳаларида фаолият олиб борган улуғ мутафаккир ва қомусий олимнинг асл исмлари Нажмуддин Абу Хафс Умар ибн Мухаммад ибн Ахмад ибн Исмоил ибн Али ибн Луқмон ан Насафий ас Самарқандийдир. У зотнинг „Нажмуддин“ яьни “Диннинг юлдузи“ лақабининг берилишига сабаб унинг ислом илмлари бўйича кўрсатган хизматларининг катта бўлганлигини кўрсатади. Бу улуғ аллома Қуръон Карим, ҳадис, ақида ва фиқҳ каби илмларни мукаммал билган, шеърият соҳасида қалам тебратган ва тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва шеъриятга доир кўплаб асарларни мерос қолдирган. Мовароуннаҳрдаги Самарқанд, Бухоро, Насаф каби, шунингдек, Бағдод, Марв каби илм марказларида кўплаб олимлардан дарс олганлар ва қатор шогирдларга дарс берганлар.
Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг ривожига қўшган ҳиссаси улкан бўлгани боис олим исмига „ал-Ханафий“ нисбаси ҳам қўшиб айтилади. Асли Насафдан бўлган бу олим умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказгани учун манбаларда „ан-Насафий сумма ас-Самарқандий“ яьни “насафлик“, сўнгра „самарқандлик“ дея тавсифланади. Насафнинг қадимий номи „Нахшаб“ бўлгани боис, муаллифнинг насаби баъзи манбаларда „ан-Нахшабий“ шаклида ҳам учрайди. Абу Хафс Насафий рохимаҳуллоҳ ёшлик даврини Насафда ўтказганлар, ўттиз ёшидан сўнг Самарқандга борганлар. Умрининг асосий, илмий-ижодий қисмини шу шаҳарда ўтказганлар ва ўз таҳсилини давом эттирганлар. Шаҳардаги „Дор ал-жузжония“ номли марказ унинг етук олим бўлиб етишишида катта аҳамият касб этган. Кейинчалик олим ушбу илм марказида мударрислик қилган.
ХIХ аср ўрталарида Умар ан Насафийнинг “Ақоид ан Насафий” китоби Қозон мадрасаларида илоҳиёт фанидан қўлланма вазифасини ўтаган. Умар Насафий Абу Мансур Мотрудий Абул Муъин Насафийларнинг издоши бўлган ва “Ақоид ан Насафий” китобини ёзишда асосий манба сифатида Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат тавҳид” ва Абул Муъин ан Насафийнинг “Табсират ал адилла” асарларидан фойдаланган. Олмон тадқиқотчиси Улрих Рудолф: “Нажмуддин ан Насафий “Ақоид ан-Насафий” асарини мотрудия таълимотида, шаклан эса Абу Муъин Насафийнинг “Табсира ал адилла” асарига асослган” – деб таькидлаган. Турк тадқиқотчиларининг фикрига кўра, “Насафийнинг “Ақоид ан Насафий” асари Тафтазонийнинг “Шарҳ ал ақоид ан Насафий” китоби билан ислом оламида шуҳрат қозонган.
“Ақоид ан Насафия” асари ғоятда машҳур ва ақида борасида асарларнинг энг эътиборлиларидан бири ҳисобланади. Мазкур рисола кичик ҳажмда бўлишига қарамасдан, тўққиз асрдан буён Марказий Осиё ва ислом оламида мотуридийлик ақидаси бўйича энг машҳур қўлланмалардан бири вазифасини бажариб келмоқда.
Ж.Валид ёзишича, “Мусулмон ва татар мадрасаларида энг оммабоп асар Тафтазанийнинг шарҳи билан келтирилган “Ақоид Насафий”дир Инқилобдан олдин қозонлик татар талабалари мадрасаларда бу асарни ёд олишиб, Тафтазонийнинг шарҳи билан бирга Қозонда чоп этилган қўшимча изоҳларни ўрганишган. Усмоний турклар ҳам насафлик олим Умар Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асарини ўрганишар, баъзи бир шайхлар эса, аср намозидан кейин ўзининг муридларига ўқиб, шарҳлаб берардилар.
Имом Бурҳониддин Марғиноний нақл қилишича, Абу Ҳафс Насафий ушбу асарини Султон Санжар Салжуқийнинг илтимосига жавобан ёзган. 1141-йил вафотидан икки йил олдин, умрининг охирида ушбу асарни ёзиб бўлганда, ўша даврдаги барча Самарқанд олимлари буни тасдиқлаб, ўз муҳрларини босиб беришган. “Ақоиди Насафий” асари аҳли сунна ва жамоа олимлари наздида жуда мўътабар ва ақида илмида таянч манбалар сирасига киради. Барча табақот, маноқиб ва тазкира йўналишидаги асарларда “Ақоиди Насафий” асарини Имом Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафийга нисбат беришган. Аммо айрим тарихий манба ва автобигорафик асарларда Абу Муин Насафийга нисбат беришган. Зеро, бу кишининг “ат Тамҳид ли қавоид ат тавҳид” асари борлиги баъзиларни чалғитган. Шунингдек, баъзилар Абул Фазл Муҳаммад Насафийга нисбат беришган, чунки бу киши ҳам калом илмида аҳли сунна ва жамоага мансуб бўлиб, кўплаб илмий асарлар ёзган. Аммо у ашъарий йўналишига мансуб бўлган.
“Ақоид ан Насафий” тўғрисидаги фикрларни давом эттириб айтиш мумкинки, мазкур асар 1843-йилдан бошлаб европалик исломшунос олимларнинг тадқиқот обектига айланган. Исломшунос Н.Ф.Катановнинг таъкидлашича, “Мазкур асар мусулмон догматикасининг қисқа ва лўнда, айни вақтда энг ишонарли манбалардан биридир”. Бу асар ўз даврида Қозон диний академияси жамоасининг ҳам эътиборидан четда қолмаган. Асар катта қизиқиш билан ўрганилган. Масалан, ўша вақтда академияда чоп этиладиган ғайриисломий миссионерлик мақолалар тўпламида ҳам фамилияси Александр Леополдов бўлган тадқиқотчи ўзининг тадқиқот ишида бир неча бор “Ақоид ан Насафий”га мурожаат қилганлиги тўғрисида маълумотлар келади. Тадқиқотчи талабаларнинг ишларидаги ажабланарли жиҳат шундаки, ғайриисломий миссионерлик мақолалар тўпламида “Ақоид ан Насафий”дан келтирилган маълумотлар тадқиқот ишининг жуда-жуда кўплаб саҳифаларида мавжудлигидадир. Ваҳоланки, улар академиянинг ғайриисломий фанлар факултети талабалари эди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки ушбу асар ёзилганидан ҳозирги вақтгача ўрганилиб, тадқиқ етиб келинмокда. Шунинг ўзи ҳам асарнинг қанчалик еьтиболлилиги, ислом оламида, ва хаттоки бутун инсоният ҳаётида улкан ўрни борлигини яққол мисолидир.
Тошкент ислом институти талабаси
Абдуллаев Абдулазиз