Ишқ нима ўзи? Ошиқ ким? Ишқ ва муҳаббат тушунчалари орасида қандай фарқлар бор?
Сабаби муҳаббат учта асосий қисмдан иборат, дейишади машойихлар, жамол, камол ва эҳсон. Яъни, инсон зоти биронта борлиққа кўнгил бермоғи учун унда мана шу сифатларни кўрмоқ истайди. Гўзаллик, мукаммаллик ва яхшилик. Ҳусну тароват ром этади ошиқ руҳнинг чанқоқ назарларини, бениҳоя камолот бамисли ақлу заковатла интилиши мумкин бўлган энг олий чўққи, эзгулик ҳамда хайру саҳоват унинг вужудини, жисму танини лутфу карам саройларида асир айлагай…
Жамолинг кўрсатиб бир бор, Ўзингга бандалар қилдинг,
Яна қайта кўрай десам, қўлингни пардалар қилдинг…
дея нола чекканида қанчалар изтиробда эди бечора ошиқ…
Ишқ шу, ошиқ учун ҳам оғриқли дард ҳамда серлаззат даво манбаи. Ошиқ ундан на қутулади ва на ета олади… Ошиққа нима керак? Висол… Аммо у, бу дунёда висолга эриша олмаслигининг фарқида… Алам қиладиган, эзадиган жойи ҳам мана шунда… Лайлининг маҳалласидан келган итнинг юз-кўзини ўпган Мажнун мисоли барча яратиқларда аксини кўраверади Маъшуқининг…
Тажаллиси кўзимиз тушган ҳар мавжудотда, ҳар бир зарротда Унинг! Муҳри аввало қалбимиз узра тамғаланган бўлиб, бутун оламга умумий ва хусусий ўлароқ битиб қўйилган! Зеро, ўхшаши йўқ гўзаллик Эгаси − Жамийл, мислсиз камолот Соҳиби – Комийл ва ҳад-ҳисобсиз хайру саҳоватли – Муҳсин сифатида ҳар учала муҳаббат сабабининг асли Ўзингдирсан, эй, Оламлар Парвардигори, бутун махлуқотни йўқдан бор қилган Эгам! Ҳар бир чирой соҳиби гўзалликни Сендан олган, ҳар мукаммалликда Сенинг интизом ва тартиботинг жорий ҳамда ҳар қайси эзгулик Сендан абадий қарздорлигини кўролмаган кўзларнинг ҳолига вой!
“Лаа юбсируун”лардан бўлмоқдан ўзи асрасин!
Сенинг бизга жўнатган Муборак Элчинг нақадар ҳокисор, бунчалар меҳрибон ва ғамхўр. Сенг эришмоқ, Сенинг розилингингни олмоқ, Сенинг висолингга етмоқ шарти ўлароқ берган Намунанг ҳақиқий олий ахлоқ Соҳибики, таърифлаш тилларга мушкул, ақлларга оғирлик қилмоқда. Уни танигани сари ром этади Ўзига. Кошки мен ҳам сал бўлсада ўхшасам, ҳеч бўлмаса, қадам босишларида оёқ олишларини ўхшатолсам, деган орзулар кечади беихтиёр ичидан кишининг. Нафақат юришлари, балки ўтириш-туришлари, гапириш-кулишлари, ейиш-ичишлари, қўйингки, ҳар бир амалларини айнан такрорлагинг, ўхшагинг, менгзагинг, тақлид қилгинг келади ич-ичингдан, юрагингнинг туб-тубидан… “Фаттабиуний!” амри илоҳийси ёритади шуурларимизни… “Фаин кунтум туҳиббуналлоҳа, фаттабиуний!” Сенга ошиқ бўлишнинг ўзигина кифоя эмас, орзиқиб кутилган Висол Куни ҳузурингдаги “Юҳбибкумуллоҳ” сафида туриш учун берган шартларинг, берган моделингга тобе бўлиш, эргашиш нақадар бахт, не янглиғ саодатдир! У Кунда Сендан маҳрум қолиш қанчалар аламли, қанчлар ачинарли…
Сенинг бизга жўнатган Ҳабибинг учун бошимиз, жисму жонимиз фидо!
Биз уйи ёнидан “Кўзим тушса, қайтиб кетмай уйимга” деб, қайрилиб боқолмаган мурғак Анасда, вафотидан кейин азон айта олмасдан, Мадинани тарк этган Билолда, “Сочим сони қадар бошим бўлиб, ҳар куни биттасини кессангиз, Унинг муборак товонларига тикан ботишига асло рози бўлмайман!” деган Ҳаббобда, “Соҳибимни чақиб олмасин” деб оёғини илонга чақтирган Сиддиқи Акбар Абу Бакрда ва ниҳоят биз каби бир умр кўролмай севган, бир умр фироқ кўз ёшларини тўккан ошиқлар султони Увайсдан ўргандик…
Бизни ҳам Ўзинг ва Расулингни севувчи ошиқларинг қаторига қўш, эй, қалблар Соҳиби!
Шу ўринда бир дил изҳорини қилишга изн бергайсиз!
ИСТАРАМ
ёхуд Ҳуббун Набий (с.а.в.)
Муваққат дўстлардан бездим, ортиқ Содиқ Ёр истарам.
Дил изҳори кофий келмас, ман тезроқ дийдор истарам…
Ичдин-ичдин диллашгали, тўйиб-тўйиб тиллашгали,
Кулишгали, йиғлашгали ҳақиқий дилдор истарам…
Қўл ушлашиб, термулишиб, тиззани тираб тиззага,
Суҳбат қуриб токи субҳ қолмоқни бедор истарам…
Ҳоли хароб эролмайин, мисли қуёш шоҳидлиғда,
Тўртта бўлгич ҳижронида гирёни Нигор истарам…
Беписандлиғ у ён турсин… севмаганга ҳатто Уни,
Дўстлар, манга қолса, этмоқ дунёларни тор истарам…
Том башардин қизғонурман, тафтида лов-лов ёнурман,
Иситмалаб ишқида ман, бўлмоқни бемор истарам…
Тушса ғанимлар ортидин, жиловидин тутиб маҳкам,
Саодат манзили томон обқочгали нор истарам…
Хатардин йироқ кетгали, ёмонлардин беркитгали,
Бошин қучиб ухлатгали, ташландиқ бир ғор истарам…
Ҳужум қилиб чанг солса гар, не-не тешик, туйнуклардин,
Оёғимни қалқон айлаб, чақтирғали мор истарам…
Тоқатим етмагай ҳатто товониға ботса тикан,
Эвазига бошим суқиб жон бергали дор истарам…
Ишқим ошкор айлаб мудом халойиққа ҳайқиргали,
Осмонлара тегиб тургон баланд бир минор истарам…
Тиланчилар қолур мендин қайта-қайта исташликда,
Етолмасам ҳамки, яна, бетўхтов, беор истарам…
Истагим битмоққа топмай қоғоз ила қалам дўстлар,
Бошим қалам, қоним сиёҳ, ёзибон, минг бор истарам…
Ҳижронла тўлди паймонам, сенсизликка йўқдир чидам,
Гар айласанг ортиқ ситам, яшамоқ душвор. Истарам…
Фонийда етмоғим гумон, кўнмаса-да ақл ила дил,
То танда жон, истамоқла, умри мазмундор истарам…
Истамоқда ёр висолин, етмагай ҳеч мажнун манга,
Девона бўлмоқ кўйида, мисли бетакрор истарам…
Жизғанак айлади мани висол чанқоғи батамом,
Ўрнин босолмас ҳеч тирёқ, тўлғониб, хумор истарам…
Ёрга оид бирор ашё тополмайин тор жаҳонда,
Етсайдим ҳатто тукига, қилмоқни тумор истарам…
Чархда кимни севдим эрса дағи кўрдим мингта қусрин,
Юксак хулқ узра яралмиш − Руҳи Беғубор истарам…
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Нигора Усмон Ҳамидуллоҳ қизи