islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуфнинг асл мақсадларидан узоқлашманг

Аксарият замонавий «тариқат» етакчилари муридларнинг ёши, жинси, диний билим савиясидан қатъи назар ўз сафларига қабул қилиши, уларга диний сабоқ бериши оқибатида балоғатга етмаган ўсмирлар ҳам пир-мурид муносабатларига аралашиб қолмокда[1].

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда баъзи суфий тариқатлар фаолиятида соф тасаввуф таълимотидан муайян даражада четга чиқиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, улар учун умумий бўлган ва ижтимоий муҳитга салбий таъсир ўтказаётган омиллар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

– замонавий илмларни эгаллашга интилмаслик. Улар томонидан муридларга диний ва дунёвий илм олишларига рағбат берилаётгани йўқ;

– жамиятнинг ижтимоий ҳаётида иштирок этмаслик. Кўп ҳолатларда улар томонидан давлат ва жамоат ишларида, ўз жамоаларига аъзо бўлмаган фуқароларнинг тўй-маъракаларида иштирок этмаслиги ва оиласини ҳам шунга мажбур этиши, фарзандларининг дунёвий илм олишига монелик қилиши, уйда телевизор кўриш ва радио эшитишни ман этиши кузатилмоқда;

– айрим муридлар ўз оиласини нафақасиз, фарзандларини тарбиясиз қолдирган ҳолда узоқ вақт «пир»ининг хонадонида текинга хизмат қилиб, ушбу хонадонга келган назр-эҳсонлар билан кун кечириб юрибди;

– кўпчилик «тариқатчилар»нинг махси-калиш кийиб юриш орқали ўзини гўёки «шариат талабига мос» либосда ҳис этиб, бошқаларга, жумладан, дунёвий ҳаёт кечираётган фуқаролар ва расмий масжидларда фаолият юритаётган имом-хатибларга менсимай муносабатда бўлиш каби ижтимоий иллатларга берилиш ҳолатлари мавжуд.[2]

Тариқатда бўлмаганларнинг маросимларида қатнашмаслик, бошқалардан кўр-кўрона кийимда ажралиб туриш ҳам хилватланишнинг маълум кўринишлари бўлиб, бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилиш сифатида баҳолаш мумкин[3].

Баъзан тариқат пешволари айтмаган гапларни ҳам айтди, деб уларнинг обрўларини ерга урганлари етмагандай, соф сунний тасаввуфдан оғаётган айрим шахслар илм-маърифат, таълим-тарбия, халқпарварлик, ижтимоий фойдали иш билан шуғулланиш масалаларида асл тасаввуф мақсад ва ғояларидан узоқлашиб кетганлигини эътироф этишимиз, фуқароларни бу каби адашган тариқатлардан эҳтиёт қилишимиз лозим. Бугунги кундаги барча йирик ислом арбоблари замонавий илм-фанни ўрганишга, мусулмонларнинг жамият учун манфаатли, одамларнинг оғирини енгил қиладиган билимларни эгаллашларига тарғиб қиладилар. Ушбу фаолият Қуръон ва суннат курсатмаларига тўлиқ мос келади. Айрим тариқат вакиллари ижтимоий фойдали меҳнат ёки бирор касб билан шуғулланмай, бошқаларга қарам ва муте бўлиб қолаётгани, жамиятдан ажралгани етмагандек, ўз оиласи, фарзандларини боқувсиз, тарбиясиз қолдираётгани ачинарли ҳол.

Айни чоғда аждодларимиз бўлган буюк мутасаввуфларнинг бой илмий мероси асосида сохта пир-мурид муносабатларининг салбий ижтимоий иллатларини очиб бериш ҳамда соф тасаввуфнинг инсонларни юксак ахлоқ ва инсонпарварликка чақирувчи моҳиятини аҳолига етказиш республикамиздаги исломшунос олим ва тадқиқотчиларимизнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади[4].

Ота-боболаримиз улуғ авлиё Баҳоуддин Нақшбандга чин дилдан ихлос қўйиб, унинг «Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин» деган ҳаётбахш ҳикмати динимизнинг олижаноб маъно-моҳиятини ёрқин ифодалаб, худдики шу бугун айтилгандек жаранглайди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда тасаввуф миллий-диний ва маънавий қадриятларнинг таркибий қисми сифатида ўзининг тарихий ўрнини эгаллади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Убайдуллоҳ Ахрор каби тариқат алломаларининг таваллуд кунлари кенг нишонланди. Кўплаб тасаввуф намоёндаларининг мақбаралари қайта тикланиб, муқаддас қадамжоларга айлантирилди. Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Алишер Навоий, Паҳлавон Маҳмуд, Сўфи Оллоёр каби кўплаб тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган мутафаккирларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва халққа етказиш борасида улкан амалий ишлар қилинди. «Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуаси муассислигида тасаввуфнинг турли жабҳаларини ёритувчи «Нақшбандия» журналини чоп этиш йўлга қўйилди[5]. Бундан  ташқари интернет тармоқларида naqshband.uz, tazkiya.uz каби сайтлар ишлаб турибди. Ушбу ва юртимиздаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги бошқа диний-маърифий сайтларда берилаётган тасаввуф тўғрисидаги илмий-оммабоп мақолалар халқимизнинг тасаввуф борасидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси Т.Азимов

[1] Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2010. – 34 б.

[2] Ҳасанбоев Ў. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2014. – 137 б.

[3] Йўлдошхўжаев Ҳ. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2010. – 51 б.

[4] Ҳасанбоев Ў. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2014. –140 б.

[5] Ҳасанбоев Ў. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари. – Тошкент: Тошкент ислом университети, 2014. –134 б.

415181cookie-checkТасаввуфнинг асл мақсадларидан узоқлашманг

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: